Жамият | 13:53 / 08.01.2020
55570
2 дақиқада ўқилади

Жамоат транспортида олиб кетилган отлар. Чиптачи ишдан олинди, ҳайдовчига ҳайфсан берилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2019 йилнинг 23 декабрь куни 44-“Авиасозлар – Гулобод” йўналишида қатновчи "MAN” русумли автобусда 2 бош от олиб кетилаётгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқади ва муҳокамаларга сабаб бўлди. 

“Тошшаҳартрансхизмат” хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли қарори 1-иловаси билан тасдиқланган "Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари"нинг 15-бандига мувофиқ автобусда тумшуқбоғсиз итлар ва бошқа ҳайвонларни олиб юриш тақиқланиши белгиланган. 

Ушбу тартиб-қоидани билгани ҳолда ҳайдовчи Б.Т. ҳамда чиптачи Т.И. йўловчилар хавфсизлиги ҳамда транспорт воситасига техник шикаст етказиши мумкинлигини ўйламай, автобус салонига отларнинг олиб кирилишига рухсат берган.
 
Қайд этилишича, ҳолат "Тошшаҳартрансхизмат" ва автобус саройи жамоалари ўртасида муҳокама қилинди. Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қарагани учун чиптачи Т.И. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Ҳайдовчи Б.Т.га нисбатан ҳайфсан эълон қилинди. 

Таъкидланишича, сўнгги икки йилда “Тошшаҳартрансхизмат” таркибидаги автобус саройларига 200 га яқин янги автобуслар келиб қўшилди. 

“Албатта, ушбу харид қилинаётган автобуслар кўп йиллар йўловчиларга сифатли хизмат қилиши назарда тутилган. Шу боис автобусларни техник жиҳатдан асраб-авайлашга жамият ҳамда автосаройлар мутасаддилари билан бирга ҳайдовчилар ҳам бирдек масъулдирлар. Бунинг учун эса улардан йўловчи ташиш қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият юритишлари талаб этилади.

Ҳурматли, йўловчилар!

Жамоат транспортларида юқоридаги каби ёки белгиланган қонун-қоидаларга зид ҳолатларга дуч келсангиз бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖнинг 1062-сонли ишонч телефонига хабар беришингизни сўраймиз. Зеро халқ мулки бўлган автобусларни асраб-авайлаш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид