Жаҳон | 21:08 / 08.01.2020
106239
2 дақиқада ўқилади

Путин ва Эрдўған Сулаймонийнинг ўлдирилиши бўйича фикр билдиришди

Россия ва Туркия АҚШ билан Эрон ўртасидаги кескинликнинг кучайишидан ҳамда унинг Ироқ учун салбий оқибатларидан хавотирда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг баёнотида маълум қилинди. 

«Биз АҚШ билан Эрон ўртасидаги кескинликнинг кучайишидан ҳамда унинг Ироқ учун салбий оқибатларидан қаттиқ хавотирдамиз. Биз АҚШнинг 2020 йил 3 январда Бағдодда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари «Ал-Қудс» корпуси қўмондони Қосим Сулаймоний ва унинг атрофидаги шахсларга қарши ўтказган операциясини минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни издан чиқарувчи ҳаракат деб баҳолаймиз», - дейилади баёнотда.

Эроннинг 8 январь куни Ироқдаги ҳарбий базаларга баллистик ракеталар орқали зарба беришини изоҳлар экан, Россия ва Туркия президентлари «зарбалар алмашиш ва куч ишлатиш Яқин Шарқдаги мураккаб муаммоларга ечим эмаслигини ва ҳеч кимнинг манфаатига жавоб бермайдиган янги беқарорликка олиб келиши»ни таъкидлади.

8 январга ўтар кечаси Ироқ ғарбидаги АҚШ аскарлари жойлашган Айн ал-Асад ҳарбий-ҳаво базаси Эрон томонидан ракета ҳужумига учради. Ҳужум эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун ўч олиш ҳаракати деб аталди.

Мавзуга оид