Иқтисодиёт | 13:37 / 09.01.2020
6645
2 дақиқада ўқилади

«Қишлоқ қурилиш банк»даги давлат улуши ошмоқда

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

“Қишлоқ қурилиш банк” АТБ устав капиталидаги давлат улуши 780 млрд сўмга ошмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 2020 йил 7 январда «Қишлоқ қурилиш банк» AТБ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди ва унда бюджет ссудасидан вужудга келган 780 млрд сўм миқдоридаги маблағни, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” устав капиталидаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг улушини кўпайтиришга йўналтириш бўйича қарор қабул қилинди.

Қарорга кўра Молия вазирлиги билан банк ўртасида 780 477 399 947,25 сўмлик шартнома (битим) тузишга рухсат берилади.

Openinfo.uz порталида эълон қилинган фактга кўра, "Қишлоқ қурилиш банк" номинал қиймати 119,25 сўм бўлган 6,544,883,857 дона оддий акцияларни чиқаради. Ушбу акциялар ёпиқ обуна йўли билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига жойлаштирилади.

Ҳозирги вақтда "Қишлоқ қурилиш банк" устав капитали ҳажми 1,07 трлн. cўмга тенг бўлиб, ундаги давлат улуши 96,47 фоизни ташкил этади. Юқорида қайд этилган шартнома натижасида давлат улуши ўсган тақдирда, банкнинг устав капитали ҳажми 78 фоизга ошади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тижорат банкларидаги давлат улуши бўйича акциядор функциясини бажаради. 2019 йил 25 декабрь ҳолатига Ўзбекистондаги умумий банк активларининг 86 фоизи давлат улуши мавжуд банкларга тегишли.

"Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 60-бандига кўра, солиққа оид ёки давлат олдидаги бошқа қарздорлик ҳисобига жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улушини шакллантириш ёки ошириш тўғрисидаги қарор жамият акциядорлари умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг камида учдан икки қисми эгалари бўлган акциядорларнинг (давлатдан ташқари) розилиги мавжуд бўлган тақдирда, акциядорларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Мавзуга оид