Жамият | 20:55 / 10.01.2020
185708
2 дақиқада ўқилади

Миришкордаги «кўринмас одам»лар ушланди

8 январь куни Kun.uz’да Миришкор туманидаги Помуқ қишлоғи аҳолиси бир неча ойдан бери ўғрилардан жабр кўраётгани ҳақда мақола берилганди.

Мақола эълон қилингач кўп ўтмай, Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари таҳририят билан боғланиб, ўғрилар қўлга олингани, тез орада тўлиқ маълумот берилишини маълум қилди.

Бир қишлоқ аҳлини шунча вақтдан бери қўрқувга солиб келган, кўплаб одамларнинг мол-мулкига чанг солганлар ким?

Вилоят ИИБдан олинган хабарга кўра, Миришкор тумани Помуқ қишлоғи ҳудудида ўғирлик жиноятини содир этган бир гуруҳ шахслар туман ИИБ ва фуқароларнинг ҳамкорлиги натижасида воқеа жойида қўлга олинган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва улардан далилий ашёлар сифатида 3 бош мол, мол терилари ҳужжатлаштириб олинган.

Ички ишлар идораси томонидан берилган маълумотда қўлган олинганларнинг шахси очиқланмаган.

Қишлоқ аҳолисининг таҳририятга маълум қилишича, қўлга олинганлар уч нафар бўлиб, Помуққа яқин бўлган Айзабод ва Жейнов қишлоқларида яшовчи фуқаролар экани айтилмоқда.

Ўғрилар қўлга олинган вақтда уларнинг рақами ечиб олинган машинаси ичидан ўғирлаб кетилаётган эчкилар  ҳам топилган.

Kun.uz эълон қилган мақола юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБда «Жиноят ҳақиқати ва адолати» мавзусида брифинг ўтказилган. Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Х.Атаназаров раислигида ўтган брифингда Миришкор туманининг Помуқ қишлоғида рўй берган ҳодисалар бўйича батафсил ахборот берилган. Шунингдек, мақоладаги айрим фактлар ҳақиқатга мос келмаслиги айтилган.

Мавзуга оид