Ўзбекистон | 13:10 / 13.01.2020
43622
4 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри ҳокимлигига қайта тасдиқланди

Бугун, 13 январь куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг янги чақириқдаги илк сессияси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокидаги сессия давомида халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари сайлови якунлари бўйича ахборот берилди. Шунингдек, кенгашнинг регламенти ва низоми тасдиқланди, доимий фаолият юритувчи еттита комиссияси раислари сайланди. Бундан ташқари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига сиёсий партиялардан сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатга олинди.

Сессияда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига 48-Тинчлик сайлов округидан сайланган депутат Жаҳонгир Абидович Ортиқхўжаевнинг номзодини Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида Тақдимномани ўқиб эшиттирди.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор бир овоздан маъқулланди.

Регламентга мувофиқ, сессияда «Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига номзодни тавсия этиш тўғрисида»ги масала ҳам кўриб чиқилди ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори билан таклиф этилган номзодлар тасдиқланди.

Абдулла Ариповнинг қайд этишича, 2019 йилда пойтахтда маҳаллий бюджет тушуми 6,7 трлн. сўмга ошган. 

Маълумот учун, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 2-моддасига кўра, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, муқаддам Akfa Group компаниялари асосчиси ва раҳбари, ишбилармон бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йилнинг апрель ойи охирида Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. У 2018 йилнинг декабрида Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига расман тасдиқланганди.

Сессия давомида халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари сайлови якунлари бўйича ахборот берилган. Қайд этилишича, сайловда ЎзЛиДеПдан 22 нафар, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан 12 нафар, ХДПдан 11 нафар, «Миллий тикланиш» партиясидан 11 нафар ҳамда Экологик партиядан 4 нафар депутат сайланди.

Шу билан бирга, сессияда халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги низоми тасдиқланди, шунингдек, доимий фаолият юритувчи еттита комиссиянинг раислари сайланди. Бундан ташқари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига сиёсий партиялардан сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатга олинди.

Мавзуга оид