Вилоятларда ҳокимлар лавозимга тасдиқланди, Зойир Мирзаев «вазифасини бажарувчи» қўшимчасидан халос бўлди
Бугун, 13 январь куни вилоятларда янги чақириқдаги Халқ депутатлари вилоят кенгашларининг илк сессиялари бўлиб ўтди. Бундай сессиялар, жумладан, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам ўтказилди.
Kun.uz’нинг санаб ўтилган вилоятлар ҳокимликларининг ахборот хизматларидан олинган маълумотларига кўра, сессияларда 2019 йилнинг 22 декабрда ўтказилган халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари сайлови якунлари бўйича вилоят сайлов комиссияси раисларининг ахборотлари тингланган. Ташкилий масала кўрилиб, вилоят ҳокимлари номзодлари тасдиқланган.
Жумладан, Сурхондарё бўлиб ўтган сессияда иштирок этган Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига 3-Дарбанд сайлов округидан сайланган депутат Боболов Тўра Абдиевичнинг номзодини Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида тақдимномани ўқиб эшиттирган.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган Тўра Абдиевич Боболовнинг номзодини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор бир овоздан маъқулланган.
Тўра Боболов 2019 йил 1 майдан буён Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда.
Қайт этиб ўтиш керак, Сурхондарёда сайлов якунларига кўра, ЎзЛиДеПдан 27 нафар, ЎзХДПдан 15 нафар, ЎзМТДПдан 10 нафар, «Адолат» СДПдан 4 нафар ҳамда Экологик партиясидан 4 нафар депутат сайланган.
Бухорода ўтган вилоят кенгаши сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакили Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этган.
Сессияда Ўктам Исоевич Барноев Бухоро вилояти ҳокими лавозимига тасдиқлаш учун халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашига тақдимнома киритилган. Депутатлар Барноевни Бухоро вилояти ҳокими этиб бир овоздан тасдиқлаган.
Ўктам Барноев 2016 йил 16 декабрдан буён Бухоро вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда.
Самарқандда бўлиб ўтган сессияда Молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этди. Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов номзоди бир овоздан Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига қайта тасдиқланди.
Эркинжон Турдимов 2018 йил 12 июлдан буён Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда.
Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунинниг 2-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган 24-Денов сайлов округидан депутат Зойир Тоирович Мирзаевнинг номзодини тасдиқланди.
Эътиборлиси, мазкур тайинлов билан 2019 йил 26 октябрдан буён вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Зойир Мирзаев лавозимидаги қўшимчадан халос бўлди.
Бугун олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг ҳам биринчи сессияси ўтказилди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев иштирок этди.
Шерзод Кудбиев қонунчилик талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президенти томонидан вилоят ҳокимлигига Эргаш Алибекович Салиев номзоди тавсия этилганини эълон қилди.
Сессияда Э.Салиевни вилоят ҳокими лавозимига тасдиқлаш учун халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашига тақдимнома киритилди. Депутатлар 2017 йилнинг октябрдан буён Жиззах вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Эргаш Салиевни Жиззах вилояти ҳокими этиб бир овоздан қайта тасдиқлади.
Навоий вилоятида бўлиб ўтган сессия ишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти вакили А.Жўрабоев депутатларга Президент Ш.Мирзиёев томонидан Навоий вилояти ҳокимлигига Қобул Бекназарович Турсунов номзоди тавсия этилганини, номзод бўйича партия гуруҳлари ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганини маълум қилди.
Депутатлар бир овоздан 2016 йил 25 декабрдан буён шу лавозимда ишлаб келаётган Қобул Турсунов номзодини қўллаб-қувватлаб, Навоий вилояти ҳокими лавозимига қайта тасдиқлашди.
Сирдарё вилояти Халқ депутатлари Кенгашининг олтинчи чақириқ биринчи сессиясида вилоят ҳокимини лавозимга тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Ғофуржон Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига қайта тасдиқланди.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 2-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор бир овоздан маъқулланган.
Мавзуга оид
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
22:35 / 16.10.2024
Тошкент вилоятига мингта янги автобус харид қилинади
18:10 / 28.08.2024
Самарқанд вилояти ҳокимига хитойлик маслаҳатчи тайинланди
17:10 / 30.04.2024