Жаҳон | 14:36 / 15.01.2020
4236
2 дақиқада ўқилади

Гватемаланинг янги президенти ўз лавозимини бажаришга киришди

Фото: REUTERS

Гватемаланинг янги президенти Алехандро Жамматтеи 12 январь кечки пайт ўз лавозимини бажаришга киришди. У бу лавозимда Жимми Моралеснинг ўрнини эгаллади.

Шу муносабат билан пойтахт Гватемаладаги Мигел Анхел Астуриас номидаги миллий театрда тантанали маросим бўлиб ўтган.

“Олға” партияси номзоди бўлган Жамматтеи 2019 йил 11 августда президент сайловларининг 2-турида ғолиб бўлган. У 57 фоиз сайловчиларнинг овозини олган ва рақиби - собиқ биринчи хоним Сандра Торресни анча фарқ билан ортда қолдирган. Мустахассислиги шифокор бўлган Жамматтеининг президент лавозимини эгаллашга тўртинчи уриниши муваффақиятли якунланган.

63 ёшли сиёсатчига кейинги 4 йил Гватемалани бошқаришга ва мамлакатнинг  жиноятчилик, паст турмуш тарзи ва коррупция каби азалий муаммоларига қарши курашишга тўғри келади. Айни вақтда республиканинг 23 фоизи қашшоқликда яшайди.

Янги президент сайловолди кампанияси вақтида иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга ваъда берган. У, шунингдек, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш олиб боришга ваъда берган ва бунинг учун ўлим жазони қайтариш ҳамда мамлакатдаги жиноий тўдаларни террорчи гуруҳларга тенглаштиришни режалаштирмоқда. 

Мавзуга оид