Ўзбекистон | 21:48 / 18.01.2020
90758
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон табиий газ экспортини тўхтатишни режалаштирмоқда

18 январь куни бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) сиёсий кенгашининг йиғилишида сўзлаган нутқида 2025 йилга келиб Ўзбекистон табиий газ экспортини тўхтатиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Кун.уз мухбири хабар бермоқда.

«2025 йилга келиб, Ўзбекистон табиий газ экспортини ва уни тўлиқ қайта ишлашни тўхтатиш, шунингдек қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чораларини кўради», деди ҳукумат раҳбари.

Абдулла Арипов, шунингдек, муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, у жорий йил охиригача барча истеъмолчилар учун электрон газ ва электр ҳисоблагичлари ўрнатилиши ҳақида гапирди.

«Бу энергия сарфини камайтиради ва тўловларни ҳисоблаш билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олади», - деди бош вазир.

Маълум қилинишича, 2030 йилда Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш қарийб 2 баравар, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 баравар, табиий газ ишлаб чиқариш 1,2 баравар ва кўмир ишлаб чиқариш 3,3 баравар оширилиши режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид