Жамият | 09:19 / 19.01.2020
29729
6 дақиқада ўқилади

«Ўзпахтасаноат» АЖ тизимидаги корхоналар тадбиркорнинг пулини нега бермаяпти?

Kun.uz таҳририятига навбатдаги мурожаатлардан бири Қашқадарё вилояти, Муборак туманидаги саноат ҳудудида жойлашган «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» хусусий корхонаси раҳбари Н.Халиловдан келди.

Фото: uzpaxta.uz

Мурожаатда ёзилишича, Халилов раҳбарлигидаги корхона 2018-2019 йилларда Қашқадарё вилоятидаги бир нечта пахта тозалаш заводларига ўзаро шартнома асосида эҳтиёт қисмлар етказиб берган.

Аммо, ҳануз пахта тозалаш заводлари шартномада кўрсатилган маблағларнинг бир қисмини «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» корхонасига тўлаб бермаяпти.

Халиловнинг ўзаро шартномада кўрсатилган маблағларни тўлаб беришни сўраб қилган оғзаки мурожатларига унинг корхонасидан қарздор пахта тозалаш корхоналари раҳбарлари «Биз ишлаб чиқарган тола учун маблағлар тўғридан-тўғри бизнинг ҳисобимизга эмас, балки «Ўзпахтасаноат» АЖ ҳисоб рақамига тушади. Агар «Ўзпахтасаноат» АЖ бизга маблағ тушириб берса, кейин корхонангизга қарзларни тўлаймиз. Ҳозир ҳисобимизда етарли маблағ йўқ. Маблағ тушгач қарзларни тўлаб берамиз», қабилида жавоб беришган.

Тадбиркорнинг айтишича, улар бир неча ойдан бери шу жавобни беришяпти ва қарзни тўламаслик учун баҳона қилишмоқда.

Н.Халилов ушбу масала юзасидан 2019 йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожатларини кўриб чиқиш қабулхонасининг Қашқадарё вилоятидаги мудири М.Эшназаров номига ариза билан мурожаат қилади.

Кейин эса, 3 декабрь куни Косон туманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти мудири Г.Зияев ўтказган сайёр қабулда қатнашиб, ундан корхонасига тегишли пулларни ундириб беришда ёрдам сўрайди.

Ўшанда Г.Зияев «Ўзпахтасаноат» АЖ бошқарув раиси А.Максудовга «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» хусусий корхонаси раҳбарининг пахта тозалаш акционерлик жамиятларидан пулини ундириб бериш ҳақидаги мурожатини бир ҳафта мобайнида кўриб чиқиб, натижа бўйича тадбиркор ва Вазирлар Маҳкамасини хабардор қилиши ҳақида топшириқ беради.

«Ўзпахтасаноат» АЖнинг жавоб хатида ҳақиқатан тизимидаги бир қатор корхоналарнинг «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» хусусий корхонасидан 151 миллион 424 минг 600 сўм миқдорида қарздорлиги мавжудлиги қайд этилган ва «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» ХКдан корхона эҳтиёжлари учун товар моддий бойликларини харид этишда Ўзбекистон Республикаси Давлат харидлари тўғрисидаги Қонуни ҳамда Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат харидлари тўғрисидаги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори талабларига риоя этилиши таъминланмасдан, яъни танлов ёки тендер савдолари ўтказилмасдан туриб, таъминотчи корхоналар билан тўғридан-тўғри шартнома тузилгани айтилган.

Хўп, «Ўзпахтасаноат» АЖ тизимидаги пахта тозалаш корхоналари қоидани бузган экан, лекин тадбиркорнинг айби нимада? Худди шундай қоидалар билан «Пахтасаноат» АЖ тизимидаги корхоналар бемалол тадбиркорларнинг пулини бермай юравериши керакми?

«Ўзпахтасаноат» АЖ бошқарув раиси ўринбосарининг жавоб хатида келтирилган «Танлов ва тендер савдолари ўтказилмасдан шартнома тузилгани» ҳақидаги гапга тадбиркордан изоҳ сўрадик.

«Мен ўз маҳсулотимни пахта тозалаш корхоналарига тиқиштириб берганим йўқ. Уларнинг ўзи мендан эҳтиёт қисмлар беришимни сўраб шартнома қоғозлари кўтариб келган, ўртада имзоланган. Шундай экан, бугун мен пулимни сўраганимда «Ўзпахтасаноат» АЖ раҳбарияти ўз тизимидаги пахта тозалаш корхоналаридан қарздорликни ундириб бериш ўрнига мени ўзимни «танлов ва тендерсиз маҳсулот етказиб берган», деб айблаши ғалати», дейди у.

2019 йил 19 декабрь куни тадбиркорнинг мурожаатларидан бирига «Ўзпахтасаноат» АЖ «Қашқадарё минтақавий пахта терминали» МЧЖ С.Каролов томонидан жавоб хати берилган.

Унда 2019 йил 17 декабрь ҳолатига кўра Жейнов, Муборак, Нишон ва Қамаши пахта тозалаш заводларининг «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» хусусий корхонасидан жами 151 424 600 сўм қарздорлиги маълум қилинган. Тўланмай қолиниши сабаби сифатида пахта тозалаш корхоналарининг ҳисоб рақамларида пул маблағлари танқислиги, харидорларга ортилган пахта маҳсулотлари учун маблағлар тушумида танқислиги каби важлар кўрсатилган. Тадбиркорнинг 151 424 600 сўм пули 2020 йил 1 январгача тўлаб берилиши маълум қилинган.

Аммо мазкур санада ҳам, ундан кейин ҳам тадбиркор барибир пулини ололмаган.

Kun.uz ушбу муаммо юзасидан «Ўзпахтасаноат» АЖ «Қашқадарё минтақавий пахта терминали» МЧЖ директори С.Кароловдан изоҳ сўради.

Мутасадди бугунги кунда пахта тозалаш корхоналари ҳам бошқалардан ўз пулларини ундира олмаётгани айтиб, бугун-эрта пулларни ундириш бошлангач, «Муборакнефтгазмеханиктаъмир» хусусий корхонаси олдидаги қарзлар тўлаб берилишини маълум қилди.

«Ўзпахтасаноат» АЖнинг таҳририятга берган жавобида қарздор пахта тозалаш корхоналари акционерлик жамиятлари тадбиркорлик субъектлари ҳисобланиши, уларнинг таркибига кирувчи корхоналар фаолиятига маъмурий аралашув хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирмаслиги» маълум қилган.

Шу ўринда бир мулоҳаза туғиляпти: «Ўзпахтасаноат» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Ф.Турсунов ўз жавоб хатида пахта тозалаш корхоналари акционерлик жамиятлари ҳисобланиб, уларнинг фаолиятига маъмурий аралашиб бўлмаслигини билдирган. Бошқа жавоб хатларда эса, «Ўзпахтасаноат» муаммо шартнома тендер ва танловсиз тузилгани билан боғлиқлигини айтмоқда.

Ўзи ҳақиқий муаммо нимада?

Факт шуки, Н.Халилов қонуний ишлаётган тадбиркор, у шартнома бўйича маҳсулот етказиб берган. Маҳсулотнинг нархи ва на сифати масаласида эътироз бўлмаган. Аммо, у бугун пулининг бир қисмини ололмаяпти. Бор гап шу!

Айнан юқоридаги корхоналар маҳсулотни олишга олиб, энди пулни бермаётгани учун ҳозир тадбиркорнинг корхонаси тўлиқ қувват билан ишлай олмаяпти, тадбиркор эса зарар кўряпти.

Ғайрат ЙЎЛДОШ,
Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид