Ўзбекистон | 22:00 / 20.01.2020
41746
4 дақиқада ўқилади

Сенат қўмиталари раислари сайланди

Янги таркибдаги Олий Мажлис Сенатининг илк ялпи мажлисида ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, Сенатнинг 8та қўмитасига, шунингдек, Регламент ва одоб комиссияси раиси сайланди.

1. Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раислигига Равшанбек Озодбекович Алимов номзоди тавсия этилди. Овоз бериш якунларига кўра, Равшанбек Алимовни мазкур қўмита раиси этиб тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Кўп йиллар хорижий давлатларда элчи лавозимларида ишлаган, Андижон вилоятидан сенатор бўлган Равшанбек Алимов Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ давлатлари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлайди.

2. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раислигига Эркин Файзиевич Гадоев номзоди тавсия этилди ва номзод қўмита раиси лавозимига сайланди.

Бухоро вилоятидан сенаторликка сайланган Эркин Гадоев 2010 йилдан 2018 йилгача Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари сифатида ишлаган, 2018 йилдан буён Молия вазирлиги департаменти директорининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда.

3. Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси лавозимига Батир Матмуратов номзоди тавсия этилди.

Аввалги чақириқдаги Сенатда ҳам шу қўмитага раислик қилган номзод бир овоздан қўллаб-қувватланди. У Қорақалпоғистон Республикасидан сенатор сифатида сайланган.

4. Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси лавозимига Қутбиддин Бурхонов номзоди қўйилди ва у ҳам бир овоздан сайланди.

Тошкент вилоятидан сенатор бўлган Қутбиддин Бурхонов Сенатга сайлангунга қадар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази директоридир.

5. Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимига Робахон Анваровна Маҳмудова номзоди тавсия этилди ва сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Фарғона вилоятидан сенатор бўлган Робахон Маҳмудова Президентнинг Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири ҳисобланади.

6. Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раислигига сенатор Феруза Фарҳодовна Эшматова номзоди тавсия этилди ва сенаторлар уни қўмита раиси этиб сайлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қашқадарё вилоятидан сенатор бўлган Феруза Эшматова аввалги чақириқдаги Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро масалалари Қўмитаси раиси ўринбосари эди.

7. Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раислигига сенатор Бахтиёр Сайфуллаевич Сайфуллаев номзоди қўйилди ва қўмита раислигига сайланди.

Бахтиёр Сайфуллаев Ўзбекистон Республикаси маданият вазири – Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори ҳисобланади.

8. Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси лавозимига Баҳодир Саъдуллаевич Тожиев номзоди тавсия этилди ва сенаторлар унинг номзодини қўмита раиси лавозимига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилишди.

Хоразм вилоятидан сенатор бўлган Баҳодир Тожиев аввалги чақириқдаги Сенатда ҳам Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси эди.

Шунингдек, Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси раиси сайланди. Бу лавозимга бугун Сенат раиси ўринбосари этиб сайланган Зайниддин Низомхўжаев номзоди тавсия этилди. Сенаторлар бир овоздан Зайниддин Низомхўжаевни комиссия раиси этиб сайлаш тўғрисида қарор қабул қилишди.

Мавзуга оид