Майкл Блумберг сайловолди бюджетининг тўртдан бир қисмини реклама учун сарфлаб бўлди
Тадбиркор сиёсий реклама учун 250 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлашга улгурди. Бундан олдин у президентлик кампаниясига 1 миллиард доллар йўналтиришга тайёрлигини билдирган эди
Демократик партиядан АҚШ президентлигига ўз номзодини илгари суриш ниятида эканини эълон қилган Нью-Йорк собиқ мэри Майкл Блумберг сиёсий реклама учун 250 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлаб юборди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги сайлов кампаниялари даврида реклама харажатлари тенденциясини кузатувчи Advertising Analytica компанияси тадқиқотига асосланиб хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, Блумберг телевидениедаги реклама учун шахсий маблағларидан 209,3 миллион доллар сарфлаган, яна 13,7 миллион доллар пулли каналлардаги реклама учун кетган. Тадбиркор радиодаги реклама учун 1,1 миллион доллар, рақамли платформалар бўйича - 27,2 миллион доллар сарфлади.
Advertising Analytica маълумотларига кўра, Блумберг сиёсий рекламага, худди Нью-Йорк собиқ мэри каби, сайлов кампаниясини молиялаштириш масаласида ўз пулини ишлатаётган рақиби - демократ Том Стейерга қараганда 116 миллион долларга кўпроқ маблағ сарфлаган. Блумбергнинг реклама харажатлари Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерснинг харажатларидан (26,8 миллион доллар) 8 баравар кўпдир.
Тадқиқотда айтилишича, иккинчи муддатга қайта сайланишни ният қилган АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп сиёсий реклама учун 46 миллион доллар сарфлади. Бу маблағлар асосан унинг штаби томонидан рақамли реклама учун йўналтирилган.
Демократик партиядан бўлган рақибларидан фарқли ўлароқ, Блумберг асосий эътиборни праймериз бироз кечроқ бўлиб ўтадиган штатларга қаратган, деб ёзади Bloomberg. Advertising Analytica ҳисоб-китобларига кўра, у Лос-Анжелесда 12,8 миллион доллар ва Нью-Йоркда 12,5 миллион доллар сарфлаган, шунингдек, Калифорниянинг бошқа бозорлари ҳамда Техас, Иллинойс ва Флорида штатларида эфир вақтини жуда катта пулга сотиб олган.
Икки ҳафта олдин Блумберг президентлик кампаниясига 1 миллиард доллар сарфлашни режалаштираётганини эълон қилганди. Унинг таъкидлашича, агар ўзи Демократик партиядан давлат раҳбари лавозимига номзод бўлмаса ҳам, маблағлари Дональд Трампнинг бошқа рақиблари - Берни Сандерс ёки Элизабет Уорренга ёрдам бериш мақсадида сарфланади.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
16:25 / 09.11.2024