Ўзбекистон | 17:07 / 25.01.2020
73269
3 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари: «Пропискани бекор қилиш керак»

Президент таъкидидан кейин, ҳукумат ва парламент аъзолари прописка режимини очиқ танқид қилишга ўтишди.

Халқаро пресс-клубнинг президент мурожаатномасига бағишланган илк сессиясида прописка масаласи ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

«Яқин келажакда бу масала узил-кесил ҳал бўлади»

Адлия вазири Русланбек Давлетов:

– Прописка масаласи ўзи кичкинагина масала — паспортдаги кичкинагина штамп бўлса ҳам президентимиз айтганидек, йиллар давомида халқимиз оёғига кишан бўлиб келган.

Битта нарсани айтишимиз керак, кейинги икки-уч йилда бу борада ҳам баъзи бир енгилликлар босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган эди. Жумладан, пропискасиз ишга қабул қилишда жавобгарлик масаласи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан олиб ташланди. Эр-хотинлардан бири пропискага киришини бир йилгача кутиши тўғрисидаги талаб ҳам бекор қилинди.

Кеча президент парламентга мурожаатида буни жуда катта масала сифатида эътироф этиб, хорижий тажрибаларни ҳисобга олиб, прописка тизимини ислоҳ қилишни айтиб ўтди. Ўйлайманки, яқин келажакда бу масала узил-кесил ҳал бўлади.

«Прописка ҳеч қаерда йўқ, уни бекор қилиш керак»

Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров:

– Прописка масаласида гапирадиган бўлсам, аввало у ҳеч жойда йўқ. Бу бекор қилиниши керак. Иқтисодий нуқтайи назардан, одамларнинг мобиллиги муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Нима учун Америка Қушма Штатларида меҳнат унумдорлиги Европа Иттифоқи давлатларидагидан юқорироқ? Чунки АҚШда аҳолининг мобиллик даражаси юқорироқ. Аҳоли қанча мобил бўлса, меҳнат унумдорлиги ҳам ошади. У ерда мамлакатнинг бошқа ҳудудидан иш топдим, деб нарсаларини машинага ортиб кўчиб кета олади. Бизда халқимиз йиллаб бир қишлоқдан иккинчисига кўчмас эди.

Тошкент 5 миллионлик катта шаҳарга айланиши керак. Катта шаҳарлар иқтисодиётни тез ривожлантиради. Драйвер бўлади. Нима учун президентимиз урбанизация масалаларига урғу берди? Ипотека масалаларига тўхталди? Пропискага чеклов бўлса ипотека ҳақида гапириб бўладими? Ипотекасиз урбанизациясиз ривожлантириб бўлмайди.

«Прописка – камситиш демакдир»

Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов:

– Прописка — халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан камситишни билдиради. Яъни инсон ҳуқуқларининг камситилиши ёки дискриминация дегани. Президентимиз буни халқона тилда инсон шаънини камситиш деб баҳолади.

Конституциямизда «Ҳар бир фуқаро эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга», деб белгилаб қўйилган. Ҳозир бизда фуқаролар икки хил тоифага бўлиниб қолган. Ишга қабул қилишда ҳам унинг пропискасига эътибор қаратилади.

Президентнинг жасорати ва қатъиятига тан бериш керак, кўпчиликни қийнаётган муаммони ҳал қилмоқдамиз.

Мавзуга оид