Ўзбекистон | 21:29 / 28.01.2020
51916
4 дақиқада ўқилади

Иш стажини тасдиқловчи ҳужжатлар етарли эмас. Пенсияга чиқиш учун қандай йўл тутиш керак?

Иш стажини тасдиқловчи ҳужжатларнинг етарли эмаслиги (ҳужжатларнинг ташкилот томонидан сақланмагани, ёниб кетгани ёки бошқа сабаб билан яроқсиз ҳолатга келгани) фуқароларга меҳнат қилган йиллари учун етарли пенсия тайинлашдаги катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Бу ҳақда бугун, 28 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи Шуҳрат Ўтаганов айтиб ўтди.

Ўзбекистонда иш стажини тасдиқловчи ҳужжатларнинг етарли эмаслиги сабабли энг минимал миқдордаги пенсия олувчи фуқаролар  кўплиги, жамғарма томонидан бу ҳолатга қандай ечим изланаётгани борасида журналистлар томонидан берилган саволга бўлим бошлиғи шундай жавоб берди:

“Бу савол билан олдимизда турган жуда катта масалани кўтардингиз. Ҳақиқатдан ҳам, ҳужжатларнинг архив идораларида сақланмагани ёки корхона-ташкилотларда мавжуд эмаслиги пенсия ҳисоблаш ва тайинлашда катта муаммолардан бири.

Сиз яхши биласиз, президент Шавкат Мирзиёев парламентга йўллаган мурожаатида: “Биз шундай тизимни жорий қиламизки, фуқаро пенсия идорасига фақат паспорти билан келади”, деган фикрни айтди.

Биз бунинг учун биринчи навбатда архивни рақамлаштиришимиз керак. Архивларимизнинг ҳозир қай даражадалигини эса сиз яхши биласиз.

Шуни маълумот учун айтмоқчиманки, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 2012 йилдан бошлаб дастурий мажмуаси бор. Дастурий мажмуамиз жуда кўп идоралар билан интеграция қилинган. Яъни, ўзимизга керакли ахборотни турли вазирлик ва идоралардан олиш имкониятига эгамиз. Биз Архив идораси билан ҳам интеграция қилишга, ахборот алмашинувига тайёрмиз.

Афсуски, бизда бу жараён жуда кеч, 2016 йилдан бошланди.

Ҳозир жисмоний шахсларни иш ҳақини ҳисобга олиш якка тартибда Давлат солиқ қўмитаси базасида амалга ошириляпти.

Биз шундай тизим яратмоқчимизки, фуқародан умуман иш ҳақи талаб қилинмаслиги керак. Яъни ахборот алмашинуви онлайн режимда бўлиши керак. Лекин сиз айтганингиздек, собиқ иттифоқ даври ва ундан кейинги 1990 йиллардан то 2005 йилгача бўлган даврдаги иш ҳақини ҳисоблаш муаммо бўлиб қолмоқда.

Бунда баъзи бир корхона-ташкилотларнинг раҳбарлари масъулиятсизлиги ёки бошқа форс-мажор ҳолатлар билан [ёниб кетган ёки бошқа сабаблар билан яроқсиз ҳолга келган] ҳужжатлар архив идораларига топширилмагани салбий оқибатларни келтириб чиқаряпти. Бундан хабаримиз бор.

Шу каби ҳолатларда фуқароларимиз судларга ҳам мурожаат қилишмоқда. Бу бўйича Олий суднинг 44-сонли пленуми қарори [“Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги №44-сон қарор.–Таҳр.] ҳам бор. Унда меҳнат дафтарчаси фуқаронинг иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат экани кўрсатилган. Лекин яна бир ҳолат бор, меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар пенсия жамғармаси мутахассислари томонидан баҳоланади. Бу “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тўғрисидаги 402-сонли йўриқнома”да белгиланган”, деди у.

Жамғарма вакили шунингдек, фуқароларнинг меҳнат дафтарчалари текширилаётганда турли ноқонуний ҳолатлар ҳам аниқланиши ва бундай пайтларда пенсия жамғармаси мутахассислари текширув ўтказишга ваколатли экани ҳақида гапирди.

“Ўзингиз ўйланг, совет даври, 1970/80 йилларда ишлаган фуқарога лотин алифбосида маълумот ёзилганини қандай тушуниш мумкин? Ёки муҳрларнинг ҳаққонийлиги масаласи.

Пенсия жамғармалари мутахассисларига фуқаронинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар бўйича уларда шубҳа пайдо бўлса, ўша даврларни ва ҳужжатларни текшириб чиқиш ваколати берилган. Биз шу ваколат бўйича барча ҳужжатларни ўрганиб чиқишимиз мумкин. Ва бу ўрганишда барча йиллар ҳисоблаб берилади.

Қонунда фуқарога пенсия тайинлаш учун жамғармага мурожаат қилгандан кейин ҳам етишмаган ҳужжатларни тўлдириш учун уч ой муддат берилиши белгиланган.

Албатта, қонунда фуқаронинг Пенсия жамғармаси қарори устидан судга мурожаат қилиши белгилаб берилган.

Мавзуга оид