Жаҳон | 18:31 / 31.01.2020
106374
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус Россияда. Бу сафар расман

Россияда коронавирус юқтириб олган икки бемор аниқланди - булар Байкалорти ўлкаси ва Тюмен областидаги хитойлик фуқаролардир. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова расман маълум қилди.

Фото: EPA

Голикова Россияга янги коронавирус инфекцияси кириши ва тарқалишининг олдини олишни назорат қилувчи тезкор штабга бошчилик қилмоқда.

«Россияда коронавирусга чалинган икки бемор аниқланди - Забайкалье ва Тюмен областларида», - деган Голикова штаб йиғилишидан кейин журналистларга.

«Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попованинг маълум қилишича, уларнинг иккиси ҳам январь ойида Хитойдан келганди. У икки бемор ҳам изоляция қилингани ва Россияда вирус тарқалиши хавфи йўқлигини қўшимча қилган.

«Улардан бири ХХР ҳудудида қарийб бир ой вақт бўлган, у ерга 28 декабрь куни кетиб 26 январь куни қайтган, иккинчиси ҳам тахминан шунча вақт - у 28 январь куни қайтиб келган», - деган Попова.

У шунингдек, Россия ҳукумати коронавирус ўчоғи ҳисобланган Ухань шаҳри жойлашган Хубэй вилоятидан россияликларни эвакуация қилишни бошлашини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, россияликларга танлов имконияти берилади - Хитойда қолиш ёки ватанга қайтиш, қайтганлар икки ҳафта давомида карантин ҳолатида бўлишади.

Маълум қилинишича, Россия ҳукумати хитойликларга ишчи виза беришни тақиқлаш тўғрисидаги қарорни тайёрламоқда. Шунингдек, «Аэрофлот»нинг Пекин, Шанхай, Ҳонгконг ва Гуанжчоуга рейсларидан ташқари Хитой билан барча авиақатновлар тўхтатилади. Жума кунидан Шереметьево аэропортида Хитойга учувчи ёки Хитойдан учиб келишувчи барча рейслар F терминалига ўтказилган.

31 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2019-nCoV коронавирусининг тарқалишини халқаро даражадаги тиббий фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда вирусдан зарарланиш оқибатида камида 213 киши ҳалок бўлган, қарийб 10 минг киши вирусни юқтириб олган. ЖССТ маълумотига кўра, Хитойдан бошқа яна 18 давлатда жами 98 нафар бемор аниқланган, аммо Хитойдан ташқарида ўлим ҳолатлари кузатилмаган.

22 январь куни ҳам Россияда коронавирусга чалинган бемор аниқлангани ҳақида хабар тарқалган, Пулково аэропортига келган йўловчи вирусни юқтиришда гумонланиб, Боткин номидаги юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган, аммо кейинроқ унда вирус йўқлиги маълум бўлганди.

Бундан аввалроқ, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин Узоқ Шарқдаги Хитой билан чегараларни ёпиш бўйича буйруқ берганди. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид