Ўзбекистон | 17:40 / 31.01.2020
8753
1 дақиқада ўқилади

Мигрантлар уй олиш учун аризани қариндошлари орқали топшириши мумкин 

Хорижда меҳнат қилаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжманд Ўзбекистон фуқаролари имтиёзли асосда квартира олиш учун қариндошлари орқали ҳам ариза топширса бўлади.

29 январь куни меҳнат муҳожирларига квартиралар ажратишга оид ҳукумат қарори қабул қилинган эди. Маълум бўлишича, мигрантлар уй олиш учун аризани қариндошлари орқали топширишлари мумкин.

«Мигрантлар имтиёзли кредит орқали янги уй-жой олиш учун туман комиссиясига аризани бевосита ўзи ёки оила аъзолари, шунингдек, бошқа қариндошлари орқали топшириши мумкин. Унгача мигрант «Labor migration» дастурий мажмуасидан рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Рўйхатдан ўтгани тўғрисида бериладиган тасдиқнома ҳужжатини ҳам кўрсатади», – деди Меҳнат мигрантлари маълумотлар базасини шакллантириш, уларни ижтимоий ва реинтеграциялаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Исажонов 31 январь куни Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 29 январдаги қарори билан уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш тартиби батафсил белгиланган эди.

Мавзуга оид