Жаҳон | 10:11 / 06.02.2020
10211
2 дақиқада ўқилади

Трамп Оқ уйда Венесуэла мухолифати етакчисини қабул қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда Венесуэла мухолифати етакчиси Хуан Гуайдони қабул қилди. Аввалроқ Гуайдо Трампнинг конгрессга мурожаатида иштирок этганди.

Фото: The White House

“Президент Дональд Трамп Оқ уйда Хуан Гуайдони қабул қилди. АҚШ Венесуэладаги ноқонуний диктатурага қарши курашиш мақсадида минтақадаги ҳамкорлар билан ишни давом эттирмоқда ва Венесуэла халқини демократик келажак ва равнаққа эришишида қўллаб-қувватлайди”, дейилган Оқ уй хабарида.

Гуайдо 4 февралда АҚШ конгрессига президентнинг вакиллар палатаси ва сенатга АҚШнинг жорий ҳолати бўйича ҳар йиллик мурожаатига таклиф қилинганди. У Трампнинг рафиқаси Мелания яқинида ўтирган. Трамп ўз нутқида Гуайдонинг залда борлигини маълум қилган ва уни “Венесуэланинг ҳақиқий ва қонуний президенти” деб атаган. АҚШ президенти ўз нутқида Вашингтон Венесуэла, Никарагуа ва Кубада “демократияни тиклаш”га интилишларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтган.

Венесуэладаги вазият 2019 йил 23 январда парламент спикери Хуан Гуайдо ўзини Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи деб эълон қилгандан кейин кескинлашганди. АҚШ Гуайдони вақтинчалик президент деб тан олган, унга  Америка давлатлари ташкилоти ва Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари қўшилган. Венесуэла президенти Николас Мадуро бўлиб ўтган воқеаларни давлат тўнтарувига уриниш деб атаб, АҚШ билан дипломатик алоқалар узилишини эълон қилган. Уни Россия, Беларусь, Эрон, Хитой, Куба, Никарагуа, Сурия ва Туркия қўллаб-қувватлаган.

Мавзуга оид