Спорт | 19:01 / 07.02.2020
4836
6 дақиқада ўқилади

Ҳафта ўйинлари анонси: Италияда «Милан дербиси», Германияда пешқадамлар «жанги»

Фото: Getty Images

Ушбу ҳафтанинг дам олиш кунлари Европада бир қатор марказий ўйинлар ўтказилади. Tribuna.uz қуйидаги учрашувларни томоша қилишни тавсия қилади.

 Германия Бундеслигаси. 21-тур
9 февраль (якшанба)
«БАВАРИЯ» – «ЛЕЙПЦИГ»
Ўйин бошланиш вақти:
22:00
ТВ-трансляция: «Спорт»

 Германия Бундеслигасида пешқадамлар «жанги»га гувоҳ бўламиз. Сўнгги икки турда муҳим очколарни йўқотган «Лейпциг» жамоаси «Бавария»га пешқадамликни топшириб қўйди. Мюнхен жамоаси бирин-кетин очколарни қўлга киритиб, яна 1-ўринга қайтишга муваффақ бўлди. Энди эса уларда асосий таъқибчи билан орадаги фарқни ошириш имконияти бор, «Лейпциг»да эса яна пешқадамликни тортиб олиш имкони мавжуд. Жамоаларни бир очколик фарқ ажратиб турибди. Шундай экан, якшанба кунги «Альянц-арена»даги ўйинда жиддий қарама-қаршилик кузатилиши аниқ. Одатда, мана шундай «катта ўйин»ларда ғалаба қозонган жамоа чемпионлик учун катта қадам ташлаган бўлади.

 Ўзаро сўнгги 5 учрашув:
Лейпциг – Бавария – 1:1
Лейпциг – Бавария – 0:0
Бавария - Лейпциг – 1:0
Лейпциг – Бавария – 2:1
Бавария - Лейпциг – 2:0

 Италия А Серияси. 23-тур
9 февраль (якшанба)
«ИНТЕР» – «МИЛАН»
Ўйин бошланиш вақти:
00:45
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»

Европа «уик-энд»ининг бош тўқнашув «Жузеппе Меацци» стадионида кузатилади. Бутун Милан аҳли «Сан-Сиро» стадиони томон ошиқади. Шу куни нафақат бу шаҳар, дунё ҳам икки томонга бўлинади – «оқ-кўклар» ва «қизил-қоралар»га. «Интер»нинг яна чемпионлик учун кураш олиб бораётгани, «Милан»га эса шонли даврларини эслатувчи Златан Ибраҳимовичнинг қайтиши ўйин даражасини кўтариши аниқ. «Милан дербиси» миллионлаб мухлисларнинг эътибори яна «Жузеппе Меацци»га қаратилишини таъминламоқда. Бу жамоалар ўртасидаги сўнгги ўйинларда «нерадзуррилар» «россонерилар» устидан устунлик қилиб келаётган бўлишса-да, Ибраҳимович шарифининг ўзиёқ бу тўқнашув олдидан мувозанатни тенглаштириб қўяди. Бу баҳсгача тикланиши кутилаётган швед «Интер» ҳимоя қўрғони учун жиддий хавф саналади. «Интер» сафида эса яна бир гигант Лукаку ҳимоячилар учун қўрқинчли тушга айланмоқда. Пешқадамлик учун кураш авжига чиқаётган пайтда Антонио Конте жамоаси очко йўқотишга асло рози бўлмаса-да, «Милан» ҳам дербида «жанг»га киришгандек майдонга тушиши аниқ.

Якшанба кунги марказий учрашувни шарҳлаши кутилаётган Хайрулла Ҳамидов бу баҳс ҳақида шундай ёзади:

«Ҳа, Италия футболига барибир бошқачароқ қарайман. Айниқса, дербиларига. Якшанба оқшомида кечадиган баҳс, ишонинг, ҳафтангизнинг безаги бўлади. Параллел вақтга «Бетис» - «Барселона» (Сетьен собиқ жамоасига қарши) ва «ПСЖ» - «Лион» ўйинлари қўйилган. Ла Лига ва Франция чемпионатига ачиндим. Миланлик тифозилар ҳозирданоқ петардаларни тайёрлашяпти. Эҳтиёт бўласиз!» - дея ёзади шарҳловчи.

 Ўзаро сўнгги 5 учрашув:
Милан – Интер – 0:2
Милан – Интер – 2:3
Интер - Милан – 1:0
Милан – Интер – 0:0
Интер - Милан – 3:2

Испания Ла Лигаси. 23-тур
9 февраль (якшанба)
«БЕТИС» – «БАРСЕЛОНА»
Ўйин бошланиш вақти:
01:00
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»

 Куни кеча Испания кубоги доирасида «Атлетик»га мағлуб бўлган «Барселона» бу сафар Ла Лига доирасида «Бетис» меҳмони бўлади. Каталонияликлар бош мураббийи Кике Сетьен ўзи учун қадрдон бўлган «Бетис»га қарши жамоасини тайёрлайди. Сетьен айнан «Бетис» билан «Барса»ни «Ноу Камп»да мағлуб этган сўнгги мураббий бўлиб турибди. Энди эса мураббий «Барса» билан бу ишни «Бетис» майдонида такрорлашига тўғри келади. Примера турнир жадвалида «Реал»ни таъқиб этаётган Месси етакчилигидаги жамоани ғалабадан бошқа натижа қаноатлантирмайди. «Бетис» ушбу баҳсда сенсация қайд эта олса, 12-ўриндан 9-ўринга чиқиб олиш имкониятига эга. «Барселона» сафардаги кетма-кет 5 ўйиндан бор йўғи биттасида кубок доирасида «Ибица»ни мағлуб эта олди, қолган тўрт баҳсда ғалаба нималигини билмади. Кўрамиз, Каталония клуби бу сафар меҳмондаги нохуш анъанани буза олармикан?

Ўзаро сўнгги 5 учрашув:
Барселона – Бетис – 5:2
Бетис – Барселона – 1:4
Барселона – Бетис – 3:4
Бетис – Барселона – 0:5
Барселона – Бетис – 2:0.

У.Ибодов

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид