Жамият | 08:39 / 07.02.2020
21140
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида «ГАИ»нинг сохта ходими қўлга тушди

Чиноз туманида фонардан ясалган “боди-камера”, елим кўкрак нишони ва қалбаки гувоҳнома билан “хизмат олиб бораётган” сохта “ГАИ” ходими қўлга олинди

Фото: Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

Жорий йилнинг 6 февраль куни М-39 “Тошкент-Термиз” халқаро автомобиль йўлида хизмат олиб бораётган Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ инспекторлари, сафдор Бекжон Ережепов ва сержант Мансур Норматовлар ушбу йўлда ҳаракатланиб келаётган “Камаз” юк машинасини кўрикдан ўтказиш учун тўхтатади.

Ҳайдовчи инспекторларга чамаси 900 метрлар оралиғида бир “ГАИ” ходими уни тўхтатиб ҳужжатларини текширганлигини, аммо унинг боди камераси одатдагидан бошқачароқ эканлигини маълум қилади.

ЙПХ инспекторлари зудлик билан айтилган жойга етиб бориб, у ерда Nexia русумли автомобилда ўтирган “ходим”ни кўришади. Ундан кимлигини сўрашганида, у воқеа жойидан қочиб кетмоқчи бўлади. Ходимлар уни қўлга олиб, Чиноз туман ИИБга олиб боришади. Шундан сўнг, ИИБ тезкор ходимлари холислар иштирокида унинг бошқарувида бўлган автомашина салонини кўздан кечиришганида, у ердан 24 дона бир хил серия ва рақамли маъмурий баённомалар, Фарғона вилояти ИИБ томонидан берилган хизмат гувоҳномасининг рангли нусхаси ва унинг эгнидаги кийимига ўрнатилган, “Диққат” ёзуви туширилган қалбаки боди-камера ва елимдан эритиб ясалган ЙПХ инспекторининг кўкрак нишони ҳамда жезл ашёвий далил сифатида олинган.

-Муқаддам ички ишлар органида ишлаганман, 2016 йилда ўз ихтиёрим билан бўшаганман, - дейди сири фош бўлган сохта “ГАИ” ходими А.Р. - Кўкрак нишони ва боди камерани ўзим қўлбола усулда ясаган эдим. Хато қилдим, бу ишимдан пушаймонман. Ҳозирда Чиноз туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

А.Р. 2018 йилнинг январь ойида ички ишлар органи ходимининг кийимини кийиб, қўлбола усулда ясалган кўкрак нишонини тақиб Сергели тумани ҳудудида сохта “ГАИ”лик билан шуғулланаётган вақтда қўлга тушган.

Унга нисбатан ЖКнинг 227 ва 228-моддалари 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганлик юзасидан айблов эълон қилиниб, суд қарори билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилган эди.

“Ҳурматли фуқаролар! Агар кимда-ким ушбу шахсни таниса ва унинг ноқонуний ҳаракатларидан жабр чеккан бўлса Тошкент вилояти ИИББга мурожаат қилишларини сўраймиз”, - дейилади вилоят ИИББ хабарида.

Мавзуга оид