Ўзбекистон | 17:11 / 16.02.2020
16529
3 дақиқада ўқилади

ИИВ пластик карта эгаларини интернетдаги фирибгарлардан огоҳлантирди

Кейинги пайтда фуқароларни алдаш ва фирибгарлик йўли билан уларга тегишли банк пластик карталаридан ноқонуний равишда пул ечиб олиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Фото: Shutterstock

Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати шу каби ҳолатларга мисоллар келтириб, фуқароларни огоҳликка чақирди.

Биринчи мисол

2019 йил 15 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида яшовчи фуқаро М.Б.нинг уяли телефонидаги «Telegram» тармоғининг «Jesco aksiyasi» гуруҳидан унга «Сиз 75 минг сўм пул ютдингиз, пулни телефон рақамингизга ташлаб берамиз» деган SMS хабари келади.

Бу хабар орқали М.Б.нинг телефон рақами ва пластик карта рақами аниқланади. Бироқ унинг пластик карточкасига пул маблағи тушмайди, аксинча, 868 минг сўм ечиб олинади.

Иккинчи мисол

Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшовчи фуқаро Б.А. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида жорий йилнинг 11 январь куни номаълум шахс соат тахминан 21:15ларда ўзига тегишли бўлган пластик карточкасидан маълум миқдордаги пулни ноқонуний йўл билан ечиб олгани, номаълум шахсни аниқлаб унга қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, фуқаро Б.А. 11 январь куни соат 21:11ларда Самарқанд шаҳридаги хонадонида бўлган вақтида ўзига тегишли ошхона мебелини сотиш мақсадида унинг суратини интернет дўконига жойлаштиради.

Кўп ўтмай, унга Россия Федерациясига тегишли абонент рақамидан қўнғироқ бўлади. Нотаниш киши Б.А.га ошхона мебелини сотиб олишини, пулни эса пластик картага ўтказиб беришини айтиб, ундан пластик карточкасининг серия рақами ва смс хабаридаги кодни сўрайди. Табиийки, бегонага ишонган фуқаро чув тушади – унинг пластик картасидан жами 1.442.000 сўм пул маблағи ечиб олинади.

Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид