Ўзбекистон | 08:22 / 19.02.2020
22878
8 дақиқада ўқилади

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 46та вазифа ва функциялари қисқартирилди

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган 46 турдаги вазифа ва функциялар қисқартирилди

Фото: mahallakengashi.uz

Президент “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармон билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган 46 турдаги ҳамда профилактика инспекторларига юклатилган 13 турдаги вазифа ва функциялар қисқартирилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи, ортиқча ва хос бўлмаган қисқартирилаётган вазифа ҳамда функциялар рўйхати:

1. Фуқароларга уй-жой фондидан фойдаланишда ҳамда унинг сақланишини таъминлашда кўмаклашиш.

2. Квартира мулкдори йўқлигида аварияни бартараф этиш учун хонадонга кириш.

3. Қаровсиз уй ҳайвонлари ёки қўлга ўргатилган ҳайвонларни эгасини қидириш чораларини кўриш, қаровсиз ҳайвонларни тутиб олган шахснинг илтимосига кўра ҳайвонларни боқиш учун зарур шароити бўлган шахсни топиш ҳамда ҳайвонларни унга топшириш.

4. Иморатни қуриш учун қонунчиликда назарда тутилган ҳужжатларнинг мавжудлиги ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида қурилганлигини аниқлаш.

5. Ҳудудларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши ва кредитларнинг белгиланган муддатда қайтарилишини таъминлаш.

6. Дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштиришга юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш учун тузиладиган туман (шаҳар) комиссия таркибида иштирок этиш.

7. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш, меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлашда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа органларга кўмаклашиш.

8. Аҳоли пунктлари санитария жиҳатидан тозаланишига ҳамда маиший-рўзғор чиқиндилари тўплаб олиб кетилганлиги учун тўловларни вақтида тўланишига кўмаклашиш.

9. Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун абонентлар билан шартномалар тузиш ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш.

10. Маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасидаги амалий тизимни ташкил этиш, қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича мажбурий тўловларни тўловчи жисмоний шахсларнинг ҳисоби юритилишини ташкил этиш.

11. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи узоқ вақтдан буён ҳал этилмаётган объектлар ва аҳоли пунктларига рейдлар ташкил этиш.

12. Жисмоний тарбия ҳамда спортни ривожлантириш учун, шу жумладан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларни жалб этиш йўли билан, шароитлар яратиш ҳамда ушбу соҳада давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш.

13. Болалар-ўсмирлар спорт-мослаштирувчи мактабларини, мослаштирувчи болалар-ўсмирлар жисмоний тайёргарлик клубларини ташкил қилиш.

14. Маҳаллаларда футбол майдонлари ва бошқа спорт иншоотларини ободонлаштиришда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, туман (шаҳар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаларига кўмаклашиш.

15. Ёш оилаларга сифатли таълим, тиббий, ҳуқуқий, ахборот, маслаҳат ва бошқа, жумладан болалар соғлиғини сақлаш ва тарбиялашни таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш.

16. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган профилактика тадбирларини амалга ошириш.

17. Ҳар бир деҳқон хўжалигини ва унга оид маълумотларни хўжалик китобига киритиш.

18. Ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший аҳамиятга молик объектлари бўлмаган ҳудудда фермер ва деҳқон хўжаликлари ташкил этилганида мазкур ҳудудни бирламчи ободонлаштиришни амалга ошириш.

19. Деҳқон хўжалиги учун керакли мол-мулк ва ишлаб чиқариш воситаларини биржаларда, ярмаркаларда, бозорларда юридик ва жисмоний шахслардан олишда кўмаклашиш.

20. Фермер ва деҳқон хўжаликларига ер участкаларини бериш ҳамда ишлаб чиқариш объектлари ва уй-жойлар барпо этишда ёрдам кўрсатиш.

21. Фермер хўжаликлари ишлаб чиқариш объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишига кўмаклашиш.

22. Фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойларни уларда маҳсулот етиштиришни ва товарлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун фермер хўжаликларига ижарага бериш.

23. Фермер хўжаликлари бошлиқлари ва ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашиш.

24. Қишлоқ хўжалик экинларининг навли уруғлик ҳамда кўчатлари, органик ва минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалардан, касалликлар ҳамда бегона ўтлардан ҳимоя қилиш воситалари етказиб бериш юзасидан давлат агротехника хизмати кўрсатиш тизими орқали хизматлар, шунингдек, техникавий хизмат кўрсатиш.

25. Қишлоқ хўжалиги техникаси, асбоб-ускуналар ва инвентарларни лизинг асосида сотиб олишга кўмаклашиш.

26. Фермер ва деҳқон хўжаликларига зотдор чорва моллар ва паррандалар, шунингдек, омихта ем сотиб олишда кўмаклашиш.

27. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг чорва молларига ветеринария хизмати кўрсатилиши учун шароитлар яратиб бериш.

28. Фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини тайёрлаш ва реализация қилишда кўмаклашиш.

29. Ноқишлоқ хўжалиги йўналишидаги ишлаб чиқаришларни ташкил этаётган фермерларни рағбатлантириш.

30. Фермер ва деҳқон хўжаликларига консалтинг ва ахборот йўсинидаги бошқа хизматларни кўрсатиш.

31. Тегишли ҳудудда барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари кесимида етиштириладиган маҳсулотнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида қарор қабул қилиш.

32. Томорқа ер участкаларида етиштирилган маҳсулотлар, шунингдек, боқиладиган чорва моллари ва паррандаларнинг аниқ ҳисобини юритиш мақсадида экинлар, маҳсулотлар ҳажми, сотилган, экспорт қилинган ва ички истеъмол учун қолган миқдорлари тўғрисида ҳар ой якуни бўйича туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига маълумот тақдим этиш.

33. Ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда, шунингдек, бошқа тадбирларда иштирок этиш, давлат органларига кўмаклашиш.

34. Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш.

35. Ўсимликлар карантини соҳасида давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларни ўтказишда иштирок этиш.

36. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тадбирларда иштирок этиш.

37. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш.

38. Ветеринария соҳасида давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш.

39. Ветеринария бўлимларига итларни қутуришга қарши ўз вақтида вакцинация қилиш учун итларни сақлайдиган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилиш.

40. Яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш, тадбирлар ўтказилишига кўмаклашиш.

41. Фуқаролар томонидан коммунал хизматлар ҳақини тўлиқ ва ўз вақтида тўлашларини коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан биргаликда ташкил этиш ва назорат қилиш.

42. Қишлоқ хўжалиги экинзорларида чорва ва паррандаларни боқиш, шундай экинзорлар орқали автотранспорт ёки қишлоқ хўжалик техникаси, ҳайвонларни олиб ўтиш ҳамда экинларнинг пайҳон бўлишига олиб келадиган бошқа ҳолларга қарши курашиш.

43. Тошкент шаҳар маҳалла фуқаролар йиғини раислари томонидан ички ишлар бўлимларида ўтказиладиган йўриқнома беришда кундалик иштирок этиш.

44. Симобли лампаларнинг ишлатилиб бўлган ресурсларини аҳоли томонидан топширилиши юзасидан назоратни амалга ошириш.

45. Кўмир маҳсулотларининг аҳолига белгиланган тартибда тақсимланиши ва сотилишини таъминлаш.

46. Заёмдан фойдаланишнинг бутун даврида заёмдан самарали ва мақсадли фойдаланишнинг доимий мониторингини олиб бориш.

Мавзуга оид