Месси бир ўзи ҳал қиладими? Кун ўйинларидаги интригалар
Бугун, 25 февраль оқшомида Чемпионлар лигасининг 1/8 финалида ўзаро ўйнайдиган жамоаларнинг мураббийлари учун бу турнирдаги дебют плей-офф ўйинлари ҳисобланади.
Мухлисларни катта ўйинлар кутмоқда — Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида бошқачаси бўлмайди. Бу босқичга тенг кучли жамоалар етиб келишади. Клубларнинг мақсадлари ҳам ўхшаш, таркиблар ва ундаги юлдузлар ҳам тенг кучли. Қуйида бугун ўзаро тўқнашадиган жамоаларнинг ҳозирги ҳолати, тактикалари, сўнгги натижалари ва таркиблардаги йўқотишлари асосида имкониятлари таҳлил қилинади. «Барселона» сафар ўйинида Суарессиз қандай кўринади, асосий ҳимочисини йўқотган «Наполи» Кулибалисиз қандай ўйнайди?
Бу оқшомда кўпчиликнинг эътибори жамоалар мураббийи ишига ҳам қаратилади. Аниқроқ айтганда, бу мутахассислар максимал даражадаги босим остида ўзларини қандай ҳис қилишади. Бу мавзу ҳаддан ташқари долзарб, чунки бугун ўйнайдиган 4 жамоанинг мураббийлари учун бу ўйинлар Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидаги дебют ҳисобланади.
«Наполи» - «Барселона» (Тошкент вақти билан 26 февраль куни соат 1:00, жавоб ўйини 18 март)
«Наполи» ва «Барселона»да мавсум давомида мураббий алмашган: Женнаро Гаттузо Карло Анчелотти ўрнига, Кике Сетьен — Эрнесто Вальверде ўрнига келган.
«Наполи» асосан 4-3-3 схемасида ҳаракатланади ва тўпга эгалик қилишга эътибор қаратади. Неаполитанликлар жамоасида яхшигина ижрочилардан таркиб топган ҳужум чизиғи мавжуд: Лоренцо Инсинье, Дрис Мертенс, Аркадиуш Милик ва Маттео Политано. Гаттузо қишда «Лейпциг»дан таянч яримҳимоячиси Диего Деммени сотиб олди ва майдоннинг марказий қисмини мустаҳкамлади. Мудофаа чизиғи марказида жароҳат туфайли Холид Кулибали ўйнамайди, унинг йўқлигини Никола Максимович ва Костас Манолас билинтирмасликка ҳаракат қилишади.
«Наполи» — балансга эга жамоа, қолаверса, футболчиларда курашувчанлик етарли, жамоани еврокубокларда футболчи сифатида катта тажрибага эга бўлган, икки марта ЕЧЛда ғолиб бўлган мураббий бошқаради. У кучли рақибга осонликча таслим бўлмаслиги аниқ. Ҳозирги «Наполи» «Милан»нинг олтин даврларидаги жамоадан таркиб сифатида кучсизроқ, лекин неаполитанликлар Карло Анчелотти кетгач ўзига кела бошлади ва А Серия етакчилари сафига қайтмоқда.
Чемпионлар лигасида савияли футболчиларни таркибга жамлашнинг ўзи кифоя қилмайди. Харизма ҳам керак. Гаттузода эса бу керагидан ортиқ. Буни футбол нуқтайи назаридан тўғри қўллай олиш муваффақият келтириши мумкин чунки Чемпионлар лигаси — ғоялар рақобатидир. Бу турнирда даража кўп нарсани белгиламайди, Хосеп Гвардиоланинг «Барселона»си ўз вақтида Жозе Моуриньонинг «Интер»и қаршисида ожиз қолганди.
61 ёшигача бирорта топ-клубда ишламаган, «Бетис»да барселонача услубни қўллашга ҳаракат қилган, лекин икки йил муқаддам Европа Лигасининг дастлабки плей-офф босқичидаёқ «Ренн»дан мағлуб бўлиб турнирни тарк этган Кике Сетьен бу сафар осонлик билан муваффақиятга эришадими?
«Барселона» Сетьен даврида тики-такага қайта бошлади: аввалгидек қисқа масофага паслар, прессинг ва қарши прессинг, тўпга эгалик қилиш бўйича ҳаддан ташқари устунлик. Лекин айни вақтда каталонияликларда ҳужум чизиғида муаммо юзага келган - жароҳат туфайли Усмон Дембеле ва Луис Суарес ўйнай олмайди. Шошилинч равишда «Леганес»дан жамоанинг асосий ҳужумчи Мартин Брэйтуэйтни катта можаро билан сотиб олишга тўғри келди. Лекин у ЕЧЛга заявка қилинмаган ва бугун майдонга туша олмайди.
Қолган чизиқларда муаммолар йўқдек, Лионель Месси эса ўша-ўша. «Барселона» Ла Лиганинг сўнгги турида Мессининг покери эвазига «Эйбар»ни мағлуб этди ва турнир жадвалида «Реал»дан ўзиб кетди. Жамоа Италияга жуда яхши кайфиятда ташриф буюрган.
Катта эҳтимол билан каталонлар сафар ўйинида ғалаба қозонишади: улар таркиб бўйича кучлироқ, баланс яхшироқ, шунингдек ўйин тақдирини ёлғиз ўзи ҳал қилиши мумкин бўлган даҳо футболчига эга. «Наполи» эса жавоб голи уриши мумкин — «Барселона» мудофаа чизиғи ҳамон Сетьен услубига мослашиш жараёнини ўтамоқда.
«Челси» — «Бавария» (Тошкент вақти билан 26 февраль куни соат 1:00, жавоб ўйини 18 март)
1/8 финал ўйинлари орасида энг қизиқ қарама-қаршилик «Челси»нинг «Бавария»га қарши ўйини бўлиши мумкин. Албатта, кўпчилик 8 йил муқаддам ўша вақтда кўклар жамоаси сардори бўлган Фрэнк Лэмпард мюнхенликларнинг ўз уйидаги финал ўйинини қандай қилиб бузганини эслайди (2011/2012 йилги мавсумда ЕЧЛ финалида асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланган, пенальтилар сериясида Лэмпард ўз имкониятидан фойдаланиб, жамоаси ғалабасига ҳисса қўшганди). Ўшанда ҳам «Челси» фаворит ҳисобланмаган, аммо лондонликлар ёш ва жўшқин эдилар, уларнинг устози эса катта ўйинларда ўзини кучли тактик сифатида кўрсатганди.
Бугун Лэмпарднинг Флик билан дуэли ҳам қизиқ ўтиши кутилмоқда, кўпчилик бу мураббийларнинг кучига юқори баҳо бермаяпти ва улар бугун ниманидир исботлашлари мумкин.
«Челси» — Тэмми Абраҳам, Мэйсон Маунт ва Рис Жеймс каби футболчилар ўйинига асосланган ёш жамоа. Кўкларда дарвозабон билан муаммо мавжуд: сўнгги вақтларда футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабон Кепа Аррисабалага (у 2019 йил ёзида 80 миллион еврога сотиб олинганди) мураббий билан келишмай қолгани туфайли захира ўриндиғида ўтирибди, дарвозани эса 38 ёшли Вилли Кабальеро қўриқламоқда.
Шунингдек, майдон марказида бугунги кун футболининг энг яхши таянч яримҳимоячиларидан бири — Н'Голо Канте ўйнамайди, у жароҳат туфайли сафдан чиққан, аммо Матео Ковачич — Жоржиньо жуфтлиги (тўпни олдинга етказиб бериш — рақиб ҳужумларини бузиш) майдонда ҳаракат қилади. Катта эҳтимол билан, Лэмпард уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнайди — кучли ҳужум чизиғига эга рақибга қарши ҳимоя чизиғининг шундай жойлашиши мантиқлидир.
Ёшлик шижоати ва тактик хилма-хиллик — «Челси»нинг кучли томонлариди.
«Бавария» мавсум давомида бош мураббийни алмаштирди: Нико Ковач ўрнига мюнхенликлар бошқарувига Ҳанс-Дитер Флик тайинланди. Унинг жамоаси тўп назоратига кўп эътибор қаратади ва 4-2-3-1 ёки 4-3-3 схемаларида ўйнаганида рақиб дарвозаси олдида кўпроқ хавфли вазиятлар яратади.
Йоахим Лёвга 2014 йилги мундиалда ёрдамчи бўлган Флик «Бавария» бошқарувига келгунича бош мураббий бўлиб ишламаган. Бразилиядаги жаҳон чемпионатидан кейин эса у ёрдамчиликдан маъмурий ишларга ўтганди. Аммо энди у «Бавария» учун қарийб идеал мураббийга айланди.
Бундеслигада қишки танаффус арафасида унинг лавозимидан «в.б.» қўшимчаси олиб ташланди. У ҳозирча — мавсум якунига қадар бош мураббий ҳисобланади, аммо ҳар бир ғалабали ўйин Фликнинг кўп йиллик шартномага эга бўлиш имкониятларини оширади. Раҳбарият у жамоа футболчилари билан қандай қилиб бу қадар яқин алоқа ўрната олганидан ҳайратда, ушбу мураббий ёшлар ва тажрибали футболчилар ўртасида балансни сақлаб турибди ҳамда аввалги мураббийлардан фарқли равишда фахрий футболчилардан ҳеч бирининг норозилигини келтириб чиқармаяпти. Уни Юпп Хайнкесга таққослашмоқда, фахрий мураббий ҳам уни ўз меросхўри деб атаган.
«Бавария»нинг асосий устунлиги — унинг тўпурар ҳужумчиларидир: Роберт Левандовски ва Серж Гнабри. Филиппе Коутиньо, Томас Мюллер, Жошуа Киммих, Давид Алаба — булар ҳам еврокубокларда катта тажрибага эга футболчилар саналишади ва бундай даражада тўп суриш масъулиятини тўла ҳис қилишади. Фақатгина Мануэль Нойер навбатдаги кулгили хатога йўл қўймаслигига (Бундеслига аутсайдери — «Падерборн» билан ўйиндаги каби) умид қилиш қолади холос, чунки Чемпионлар лигасидаги хато қимматга тушиши аниқ.
Кўп эҳтимол билан, «Бавария» сафар ўйини бўлса ҳам ғалаба қозонади: Лэмпарднинг ёшларида Левандовски ва унинг компаниясига қарши дош бериш учун куч етмаслиги мумкин.
Шу кунларда 55 ёшни қаршилаган Флик «Бавария»ни янада кучайтирган бир қатор ғояларини татбиқ этди. Энди унинг ишлари Чемпионлар лигасида қандай кечишини кузатиш қолди. Худди шу гапни Гаттузо, Сетьен ва Лэмпард ҳақида ҳам айтиш мумкин.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024