Нима муҳимроқ: ўқувчининг ташқи кўриниши ёки таълим сифати?
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси юзасидан ўз муносабатини билдирди.
“Таклиф этилаётган асосий ўзгартиришлар нодавлат таълим муассасалари томонидан лицензия олиш тартиби билан боғлиқ. Хусусан, таълим олувчилар нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти педагогик кенгашининг қарори билан тасдиқланган намунадаги формани кийиши, турли дин ва конфессиялар ҳамда турли субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига хос бўлган ҳарбий ва идоравий формали кийим-бош кийиб юришга йўл қўймаслик, ўғил бола таълим олувчиларнинг ташкилотга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўялган ҳолда келишларига, қиз бола таълим олувчиларнинг ташкилотга танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўймаслик таклиф этилмоқда”, дейилади унда.
Муносабатда таълим сифатига, энг аввало, педагог кадрларнинг ва хизмат кўрсатувчи персоналнинг малакаси, ўқув дастурининг самарадорлиги, зарур ресурслар ва керакли моддий-техник база билан таъминланганлиги каби омиллар таъсир кўрсатиши таъкидланган.
“Ушбу жараёнларга ўқувчининг ташқи кўриниши қандай таъсир ўтказиши мумкин? Лойиҳа ташаббускорларида мактаб ўқувчисининг “имижига” қўйилаётган талабларни тасдиқловчи ўтказилган тадқиқот натижалари ёки бошқа фактлар мавжудми?
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, фарзандларни вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга ота-оналар мажбурдирлар, таълим муассасалари эмас.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга мурожаатномасида ҳам лицензия ва рухсатномалар бериш асосларини тубдан қайта кўриб чиқиб, уларнинг сонини камида 2 баробар қисқартириш керакли таъкидланган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 17 февраль куни ўтказилган йиғилишда ҳам тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Хусусан, инсон соғлигига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турлари лицензиялашдан чиқариб ташланиши лозимлиги алоҳида таъкидланган эди. Масалан, ўқув марказларидаги ўқитиш жараёни фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига зиён етказмаса-да, лицензияланади”,дейилади муносабатда.
Қайд этилишича, иккинчидан, нодавлат таълим муассасалари ўқувчиларининг ташқи кўринишига қатъий талаблар қўйилиши болаларнинг танлаш ва ўзини ифода этиш эркинлигини чеклашга олиб келади.
“Улар ўзлари истаганича кийиниш ҳуқуқига эгадирлар, албатта, умумий қабул қилинган ахлоқий меъёрлар доирасида. Масалан, кийим жуда тор ёки кенг бўлмаслиги керак, деган талаб. Ушбу мезон субъективдир. Қизларнинг юбкалари ёки ўғил болалар шимларининг узунлиги, маҳкамланган тугмалар сони, пойабзал пошнасининг баландлиги... Ўқувчига илм ўргатиш, уни мавзуга қизиқтириш ўрнига ўқитувчилар чизғич билан юриб, этак ва шимларнинг узунлигини ўлчайдиларми? Болаларни танлаш имкониятидан ва ўзини ифода этиш имкониятидан маҳрум этиш орқали уларнинг руҳиятига зарар этказиб қўйиш ва умуман таълим тизимига нисбатан нафрат уйғотиш мумкин. Талабанинг ташқи кўринишини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш қанчалик тўғри?
Бундан ташқари, ҳужжатнинг ўзида бир қатор номувофиқликлар мавжуд. Масалан, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий эканлиги қайд этилган. Нима сабабдан 2020 йил 22 февраль куни эълон қилинган лойиҳада аллақачон якунланган 2018/2019 ўқув йилини кўрсатилмоқда?
Умид қиламизки, ҳужжат ташаббускорлари қонунчиликка киритилиши таклиф этилаётган ушбу ўзгаришлар юзасидан асослантирилган сабаблар тақдим эта оладилар”, дейилади “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати томонидан эълон қилинган муносабатда.
Муҳокамада фикр билдирганларнинг аксарияти мазкур қарор лойиҳасига қарши бўлган ҳамда кийинишнинг таълим сифатига таъсир қилмаслигини, бундай тарздаги қарор инсон ҳуқуқ ва эркинликларига зид эканлигини таъкидлаган.
Жумладан, Мирзиёд Каримов шундай фикр билдирган: “Бу каби бюрократик реформалар нафақат инсоннинг ҳақ-ҳуқуқ эркинлигига, балки тадбиркорлар фаолиятига ҳам жиддий тўсиқ ҳисобланади. Зеро, нодавлат таълим муассасалари тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Нодавлат таълим муассасалари ишига давлатнинг аралашиши мутлақо оқлаб бўлмайдиган салбий қарордир”.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа муҳокамаси 8 мартга қадар давом этади.
Мавзуга оид
15:26 / 14.09.2024
“Дарсга киритмаслик билан қўрқитишяпти” — ТДПУ ягона формани жорий этмоқчи
19:18 / 22.06.2024
Олий таълим вазири ОТМлардаги форма масаласига муносабат билдирди
15:59 / 31.10.2022
Тошкентда 1,5 млрд сўмга мактаб ўқитувчилари учун бир хил форма сотиб олинмоқда
11:55 / 09.09.2022