Ўзбекистон | 12:18 / 27.02.2020
11865
7 дақиқада ўқилади

Санитария қоидаларига риоя этиш бўйича текширишларни ўтказиш тартиби эълон қилинди

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни ўтказиш тартиби тасдиқланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, давлат инспекцияси, бошқармалар ва уларнинг филиаллари томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни ўтказиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

тадбиркорлик субъектларда:

текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар;

ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар;

тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда:

режали текшириш;

режадан ташқари текшириш;

назорат тартибида текшириш.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар ва режали текширувлар белгиланган тартибда тасдиқланган текширишларнинг йиллик режа-жадвали (график)га мувофиқ амалга оширилади.

Филиаллар томонидан текшириш режалаштирилаётган йилдан олдинги йилнинг 15 ноябригача бўлган муддатда текширишлар режаси лойиҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг тўлиқ номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, фаолият тури, текшириш даврийлигини аниқ кўрсатган ҳолда бошқармаларга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Агар қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланмаган бўлса, бошқармалар томонидан кейинги йил учун текширишлар режаси Давлат инспекцияси билан келишилган холда 15 декабрга қадар тасдиқланади. Тасдиқланган текширишлар режаси 20 декабрга қадар Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг текширишлар режаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа орган ёки ташкилотлар билан келишилади.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган текширишлар режаси Ягона тизимга киритилгандан сўнг амалга оширилади.

Юридик ва жисмоний шахсларни фаолиятини текшириш даврийлиги, белгиланган муддатларда бир мартадан ортиқ текшириш ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Тасдиқланган текширишлар режасига бошқармалар томонидан Давлат инспекцияси билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда юридик ва жисмоний шахслар текширишлар режасига киритилмайди:

текшириш учун белгиланган муддатлар инобатга олинмаган бўлса;

текширишлар режасини шакллантириш қоидалари бузилган бўлса;

тугатилган ёки тугатиш жараёнида бўлса.

Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари асосида;

оммавий ахборот воситалари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги манбаларда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига доир қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли омилларнинг пайдо бўлиши, санитария-эпидемиологик вазият мураккаблашиши, фавқулодда вазиятлар вужудга келганда шунингдек, бошқа мамлакатлардан юқумли ўта хавфли ва карантин касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли мавжуд бўлганда ўтказилади.

Бунда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аноним эмаслиги ҳамда текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектининг амалда фаолият кўрсатаётганлиги дастлаб ўрганиб чиқилиши лозим.

Режадан ташқари текширишлар:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида;

ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари асосида;

оммавий ахборот воситалари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги манбаларда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига доир қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли омилларнинг пайдо бўлиши, санитария-эпидемиологик вазият мураккаблашиши, фавқулодда вазиятлар вужудга келганда шунингдек, бошқа мамлакатлардан юқумли ўта хавфли ва карантин касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли мавжуд бўлганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ўтказилади.

Юридик ва жисмоний шахслар ўз фаолиятини текширишни сўраб мурожаат этган тақдирда, қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган текширишлар давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар тадбиркорлик субъектларида белгиланган тартибда ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда режадан ташқари текширишлар Давлат инспекцияси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш Давлат инспекцияси ёки бошқармалар томонидан белгиланган тартибда юбориладиган буюртма асосида амалга оширилади.

Буюртмага жисмоний ёки юридик шахснинг санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасида қонун бузилиш ҳолатлари ҳақидаги мурожаати нусхаси, “хавфни таҳлил этиш” тизими орқали аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича батафсил маълумот ҳамда текширув дастури илова қилинади.

Текширув дастури ушбу мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар ёки “хавфни таҳлил этиш” тизими орқали аниқланган қонунбузилишлар доирасида тузилади ҳамда тегишлигича Давлат инспекцияси бошлиғи ёки бошқармалар бошлиқлари томонидан тасдиқланади.

Назорат тартибидаги текширишларни ўтказиш тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда илгари ўтказган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада белгиланган ҳолатлар бўйича берилган тақдимнома (таклиф)да кўрсатилган муддатларда бошқарманинг буйруғи асосида 1 календарь кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.

Назорат тартибида текширишлар ўтказишга тўсқинлик қилиниши мумкин эмас.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар 1 кун муддатда, ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар 1 кундан 10 кунгача, тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда текширишлар муддати 10 кундан ошмаслиги керак.

Текширув муддатини кўчириш ва узайтириш текширув ўтказишни келишиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Мавзуга оид