Ўзбекистон | 15:00 / 28.02.2020
4984
3 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бор-йўғи 3 фоизига хизмат кўрсатилмоқда – Сенат

Сенаторлар тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.

Фото: РИА Новости

Мазкур ташаббус Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан илгари сурилган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу масалада парламент сўрови юбориш зарурати ҳақида маълумот бериш учун қўмита аъзоси Равшан Қурбонов сўзга чиқди.

“Бугунги кунда 732 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар [бор]. Уларга тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида 349 нафар врач экспертлар хизмат келиб келмоқда. Кейинги 3 йилда уларга 105 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Сўнгги 3 йилда ногиронлар сони уч баробарга кўпайган. Булар асосан, онкологик касалликлардан 4 мингдан 7,5 минггача, эндокрин касалликларидан 1 минг 6 юздан қарийб 4 ярим минггача, руҳий асаб касалликларидан 5 мингдан 20 минггача ошган.

2017-2019 йилларда ТМЭКларга жами 622,2 минг нафар фуқаро ногиронлик ҳолатини белгилаш юзасидан мурожаат қилган, уларнинг 19 минг нафарига, яъни 3 фоизига етарли асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли ногиронлик белгиланмаган”, - деди Равшан Қурбонов.

У соҳадаги қатор муаммоларни санаб ўтди.

Биринчидан, фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ишларининг тизимли йўлга қўйилмаганлиги оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар сони сўнгги уч йилда 9 фоизга ошган.

Ногиронлик профилактикаси, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш бўйича яқин, ўрта ёки узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги бундай шахсларни тиббий-ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимини яратишга тўсқинлик қилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги, Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. 

Ҳозирги вақтда Бухоро, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари мавжуд эмаслиги оқибатида аксарият талаб бошқа ҳудуддаги, айниқса, республика миллий марказига тушмоқда.   

Қонунчиликда Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларида амбулатор шароитда реабилитация чораларини ўтказиш белгиланмаганлиги сабабли йил давомида 22 минг нафар фуқарога, яъни жами ногиронлиги бўлган шахсларнинг бор йўғи 3 фоизига хизмат кўрсатилмоқда.

Иккинчидан, тиббий-меҳнат экспертиза хизмати фаолиятини тартибга соладиган ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. 

Бугунги кунда тиббий-меҳнат экспертиза фаолияти фақат қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.

Шу муносабат билан ушбу парламент сўровини йўллаш зарурати пайдо бўлди. Мазкур масала бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид