Ўзбекистон | 23:48 / 04.03.2020
5831
2 дақиқада ўқилади

«2020 йилда 43 минг киши санаторийларда бепул даволанади» – Баҳодир Юсупалиев

2020 йил Ўзбекистонда 40 минг кишини протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш, 43 минг кишига санаторийда даволаниш учун бепул йўлланмалар бериш, 21 минг кишининг саломатлигини реабилитация марказларида мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Халқаро пресс-клубнинг 4 мартдаги сессиясида 2020 йилги давлат дастурининг айрим бандлари ҳақида гапириб ўтди.

«Давлат дастурида кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламига алоҳида эътибор қаратилган. Шуни айтиб ўтишимиз керакки, бу йил 40 минг киши протез-ортопедия буюмлари билан таъминланади, 43 минг нафари бепул санаторийларда даволанади, 21 минг нафари реабилитация марказларида саломатликларини мустаҳкамлайди», дейди у.

Вазир ўринбосари, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига ахборот технологияларини ва мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш ҳақида ҳам маълумот берди.

«Ҳужжатда соғлиқни сақлаш тизимига ахборот технологияларини жалб этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Бу бўйича ягона платформа яратиш мақсадидамиз. Бунинг учун аниқ манбалар ҳам бор, хориждан тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиняпти.

Соҳага ахборот технологияларини ҳамда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш экспримент тариқасида Сирдарё вилоятида бошланади. 2020 йилда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашимиз, тайёргарлик ишларини якунига етказишимиз керак, эксперимент келгуси йилдан бошланади.

Мажбурий тиббий суғурта тизимига босқичма-босқич ўтиш белгиланган», деди Баҳодир Юсупалиев.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 28 февралдаги ялпи мажлисида тиббий карталар, беморларнинг касаллик тарихи, таҳлиллар натижалари, илгари қандай ташхис қўйилгани ва бошқа ҳужжатлар рақамлаштирилиши, бу бўйича ССВ ва Голландия билан биргаликда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берилган эди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид