Жамият | 23:12 / 29.04.2025
1998
2 дақиқада ўқилади

Россияда ота-она қарамоғисиз қолган болалар Ўзбекистонга қайтарилди

«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан болаларнинг яқин қариндошлари аниқланиб, уларни оила бағрига қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

29 апрел куни Москва шаҳридаги «Алтуфево» ижтимоий-реабилитация маркази ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистонга уч нафар вояга етмаган фуқаро қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида болалар учун барча зарур шароитлар яратилган. Тиббий кўрикдан ўтказиш ва психологик ёрдам кўрсатиш ишлари тезкор тарзда йўлга қўйилган.

«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан болаларнинг яқин қариндошлари аниқланиб, уларни оила бағрига қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Маълумот учун, 2024 йилдан ҳозирги вақтга қадар 40 нафардан ортиқ вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси республикага олиб келиниб, оилавий муҳитга қайтарилган.

Аввалроқ Россияда қаровсиз қолиб кетган 16 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди. Ундан олдин эса Қозоғистондан ота-она қарамоғисиз қолган 10 нафар бола, шунингдек, Туркияда ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган қиз Тошкентга олиб келинган эди.

Мавзуга оид