Light | 13:13 / 08.03.2020
62222
6 дақиқада ўқилади

Инглиз тилини тўғри ўрганиш бўйича 12та кўникма

Хорижда таълим олиш истагида бўлган ёшлар томонидан энг кўп ўрганиладиган тил, шубҳасиз, инглиз тилидир. У сизга Оксфорд, Ҳарвард каби машҳур илм даргоҳларининг эшигини очади. Хўш, инглиз тилини ўрганиш қай даражада осон? Ушбу тилни қандай қилиб тезроқ ва самаралироқ ўрганиш мумкин? Бунинг учун қуйидаги кўникмалар устида ишлашингиз лозим.

ЎҚИШ

Ўқиш маҳоратини ривожлантириш, грамматика ва тил қурилишини англаш, сўзларни ёдда сақлаш, уларнинг ифода ҳамда талаффузини ўрганиш муҳим аҳмиятга эга. Бу кўникмани эгаллаш учун қуйидаги усуллардан фойдаланишингиз мумкин.

1) Инглизча китоб, журнал, газета ўқинг

Хорижий тил ўрганишнинг олтин қоидаси – кўп ўқишдир. Унутманг: бу кўникмага эга бўлмай туриб, оғзаки ва ёзма синовларда етарли даражада муваффақиятга эриша олмайсиз. Модомики, тил ўрганиш масаласида қатъий фикрда экансиз, интернетдан ўзингизни қизиқтирган мавзудаги бирон китоб, журнал, газетани топиб, мунтазам ўқиб боринг. 

Сизга ёрдамчи:

  • onlinenewspapers.com
  • gutenberg.org

2) Қўл телефонингиз ва компютерингизнинг тилини инглизчага ўтказинг

Телефонингиз, компютерингиз дастурини инглизчага ўзгартириш, бажарадиган амалингизни маълум бир сўз билан боғлаш ва буни ҳар куни бажариш сўз бойлигингизни орттиради. Айни вақтда ижтимоий тармоқлар тилини ҳам ўзгартириш янги билимлар ўрганишингизда ёрдам беради.

3) Мобил иловалардан фойдаланинг

Мобил жиҳозлар ва иловалар инглиз тилини ўрганиш истагида бўлганлар учун чексиз имкондир. Техника тараққиёти яшин тезлигида илдамлаб бораётган бир вақтда бу имкондан фойдаланиш тамоман сизнинг ихтиёрингизда. Ўқишдан ёки ишдан уйга қайтар экансиз, телефонга юкланган бир қанча бепул иловалар ёрдамида сўз ёдлашингиз ўқиш ва англаш кўникмангизни орттиради.

Сизга ёрдамчи:

  • learnenglishbritishcouncil.org
  • duolingo.com
  • busuu.com

ЁЗИШ

Инглизча ёзиш ўзлаштирилиши энг қийин малакалардан биридир. Одатда, хорижий олий ўқув юртларига ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриентлардан эссе, мотивацион мактуб ёзиш талаб қилинади. Ёзиш давомида қисқа ифодалар ўрнига боғловчилар ва ёрдамчи жумлаларни қўллаш, фикрни кенгайтирилган ҳолда ифодалай олиш жуда муҳимдир.

4) Блог ёзинг

Бугунги кунда блог ёзиш, фикрлар, қизиқишлар, бирор мавзу юзасидан мулоҳазаларни билдириш кенг тарқалган. Ўзингиз учун инглизча бир блог очинг. Бошида қийналишингиз табиий, аммо хотирангиздаги сўзларни «уйғотиш» учун бу усул жуда катта ёрдам беради.

 5) Янги сўзларни эътиборда тутинг

Бу сизга анчайин таниш усул. Янги сўзларни ёзилган қоғоз парчаларини тез-тез кўзингиз тушадиган ерга ёпиштиринг ва уларни ҳар куни ўқиб боринг. Бунинг натижасини эса бир неча кунда ўзингиз кўрасиз!

 6) Форумлардаги баҳсларда иштирок этинг

Тасвирий санъат, мусиқа, театр, адабиёт каби санъат турлари, шунингдек, сиёсат, технология, мода олами, пазандачилик каби мавзуларга қизиқишингиз бўлса, демакки, форумлар айнан сиз учун. Қизиқишлари сизга яқин бўлган инсонлар билан бу мавзулар ҳақида фикр алмашиш, баҳслашиш янги сўзлар ва ибораларни қўллашингизга туртки беради.

ТИНГЛАШ

Бу кўникмани ривожлантириб бориш муҳим ҳамиятга эга. Айниқса, хорижда таълим олиш истагида бўлган ёшлар борган мамлакатларида қийналмасликлари, дарслар, семинарлар ёки баҳсларда фаол қатнашишлари учун бу кўникмани ривожлантиришлари лозим.

7) Инглизча қўшиқ тингланг

Хорижий тилини ривожлантирмоқчи бўлганларга илк тавсиялардан бири ўрганаётган тилларида кўп қўшиқ эшитишдир. Бу эса ҳам сўзларни, ҳам уларнинг талаффузини ўрганишингизда, шунингдек, қулоғингиз нотаниш сўзларга мослашишида асқотади. Қўшиқни тинглар экансиз, унинг турига, осон тушунилишига, қўшиқ матнининг қанча қисмини қоғозга тушира олишингизга ҳам диққат қилиб боринг.   

8) Инглизча ТВ-каналларини томоша қилинг

Америка ва Англия ТВ каналларида эфирга узатиладиган сериалларни, шоуларни, хабарларни, фильмларни кўриш энг фойдали усуллардан биридир. Дастлабки босқичда субтитр билан томоша қилиб, кейин ёзувсиз ҳолда англашга уриниб кўринг.

9) Мусобақаларда қатнашинг

Турли миллатга мансуб номзодлар қатнашувчи симпозиум ва мусобақаларда иштирок этиб, тажриба орттиринг. Талаффузингиз тозаланиб боришига эътибор қаратинг.

10) Подкаст тингланг

Подкастлар муайян бир мавзудаги овозли ёки тасвирли материаллардир. Интернет – подкастларига осонлик билан етишишда асосий восита. Севган мавзуларингиздаги эфирларни тинглаш аста-секин бу борадаги маҳоратингизни оширади, сизга мотивация беради.

Сизга ёрдамчи:

  • librivox.org
  • audible.com

МУЛОҚОТ

«Тушунаман, аммо гапира олмайман» деган гаплар бот-бот қулоғимизга чалинади. Хориждаги иш берувчи ташкилотлар ҳам ТОЕFL ёки IЕLТS каби синовлардан олган сертификатларингизга эмас, нутқ маҳоратини қай даражада эгаллаганингизга эътибор қаратади. Демак, бу муҳим.

11) Ўзингиз гаплашинг ва ёзинг

Мулоқот қилиш маҳоратини ривожлантириш учун энг самарали усуллардан бири сўнгги пайтларда машҳур бўлган онлайн ва бепул овоз ёзиш дастурларидир. Нутқингизни ёзиб олиб, она тили инглизча бўлган дўстингизга тинглатишингиз, хатоларингиз бўлса, улардан ёрдам сўрашингиз мумкин.

Сизга ёрдамчи:

  • Online Voice Recorder
  • Voice Spice Recorder

12) Инглиззабон дўстлар орттиринг 

Мулоқот қила олиш маҳоратингизни ривожлантириш учун инглиззабон дўстлар орттиринг. Интернетдаги кўплаб сайтлар маданиятлар билан танишув, хорижий тил ўрганиш, дунёнинг турли мамлакатларидан дўст орттириш учун мўлжалланган платформалардир. Шунингдек, Telegram, WhatsApp, Skype каби иловалар ёрдамида ўртоқларингиз билан жонли суҳбат қуриш имконингиз бор.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Мавзуга оид