Иқтисодиёт | 18:52 / 09.03.2020
24176
4 дақиқада ўқилади

Коронавирус зарбаси: Нефть, рубль ва қимматли қоғозлар бозорида аҳвол қандай?

Куни кеча Bloomberg экспертлари янги коронавирус эпидемияси сабабли жаҳон иқтисодиёти коронавирус сабабли 2,7 трлн долларгача зарар кўриши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Коронавирус тўғрисидаги хабарлар ортидан жаҳон нефть ва қимматли қоғозлар бозорида пасайиш бошланди.

Фото: Shannon Stapleton / Reuters

Нималар бўлмоқда?

9 март куни Brent русумидаги Шимолий денгиз нефти нархи 27 фоизга пасайиб, бир баррели 32 доллардан камроқни, WTI русумидаги нефть нархи эса бир баррели 30 доллардан камроқни ташкил этди. Савдолар давомида Brent нархи 31 фоизга тушиб, бир баррели 31,27 долларга тенг бўлди.

Нефть нархи тушиши ортидан халқаро валюта бозорида АҚШ ва Европа валюталари курси кўтарилиб, Россия рубли курси тушиб кетди. Forex биржасида бир доллар 75, бир евро эса 85 рублга етди. 

Россия банки бюджет қоидалари доирасида камида 30 кун бозордан валюта сотиб олмаслигини эълон қилди.

Нефть нархининг тушиши ва доллар ҳамда евро курси кўтарилиши Осиёдаги индексларга ҳам таъсир қилди. Ҳонгконгдаги Hang Seng фонд биржаси индекси 1064 пунктга (4,07 фоиз) пасайди. Токиодаги Nikkei 225 биржаси индекси ҳам 1196 пунктга тушди (5,77 фоиз). Шанхай фонд биржасида ҳам пасайиш юз берди - 2,11 фоиз (2970,75 пункт).

Душанба куни Европа биржалари пасайиш билан очилди. Лондондаги FTSE 100 индекси 8,54 фоиз, Германиядаги DAX 8,09 фоиз, Франциядаги CAC 40 биржаси индекси 6,31 фоизга тушиб кетди.

Россия қимматли қоғозлари нархи Лондондаги савдоларда кескин тушиб кетди. «Газпром» акциялари - 24,82, «Роснефть» — 23,54 фоиз, «Новатэк» — 33,6 фоиз, «Газпром нефть» акциялари нархи 11,62 фоизга арзонлашди. 

Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть компанияси акциялари 9,09 фоизга пасайди.

Нархлар нега тушиб кетди?

Жаҳон иқтисодиётига таҳдид солаётган янги коронавирус авж олиши фонида 6 март куни Венада Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) мамлакатлари ва бу ташкилотга кирмайдиган Россия, Қозоғистон ва Озарбойжон (ОПЕК+) нефть вазирларининг йиғилиши ўтказилди. Иштирокчилар 2016 йилдан бери илк бор нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш борасидаги шартнома шартларини келиша олмадилар ва шартнома 1 апрелдан ўз кучини йўқотадиган бўлди.

Йиғилишда Россия ва Саудия Арабистони қарама-қарши позицияни эгаллади. Москва нефть қазиб олишни қўшимча равишда қисқартиришга рози бўлмади ва 2020 йилнинг иккинчи чораги учун шартномани ҳозирги шартларда (нефть қазиб олишни суткасига 1,7 млн баррелга камайтириш) узайтиришни таклиф қилди, Ар-Риёд эса йил охиригача нефть қазиб олишни суткасига  яна 1,5 млн баррелга камайтириш таклифи билан чиқди.

Шартнома бекор бўлиши ортидан Саудия Арабистони нефть қазиб олишни суткасига 10 млн баррелгача, зарурат бўлса 12 млн баррелгача етказишга тайёрлигини билдирди, деб хабар берди Bloomberg. Шунингдек, Saudi Aramco компанияси нефть хом ашёси нархини арзонлатишга қарор қилди.

Энди нима бўлади?

Американинг Goldman Sachs инвестиция банки экспертлари Brent русумидаги нефтнинг бир баррели 20 долларгача тушиб кетишини тахмин қилмоқда. Шунингдек, иккинчи ва учинчи чоракда Brent нархи 30 доллардан ошмаслиги кутилмоқда.

«ЛУКОЙЛ» ҳаммуассиси Леонид Федуннинг фикрича, шартнома бузилиши сабабли Россия кунига 100-150 млн долларгача пул йўқотади. 

«Ҳозирда бозорда кам учрайдиган ҳолат - бир нечта омилнинг бир вақтда жамланиши кузатилмоқда – таклиф кўп (нефть қазиб олишнинг ўсиши), талаб кам (коронавирус сабабли истеъмол пасайиши) ва бозорда «барқарорлаштирувчи ишлаб чиқарувчи»нинг йўқлиги», деб ёзади Rapidan Energy консалтинг компанияси асосчиси Боб Макнэлли.

Унинг қайд этишича, бундай ҳолат охирги марта 1930-йилларда, «Буюк тушкунлик» даврида юз берган ва ўшанда бир баррель нефтнинг нархи бир центгача тушиб кетганди.

Мавзуга оид