Иқтисодиёт | 19:21 / 10.03.2020
67562
6 дақиқада ўқилади

Россия бозоридаги саросима. Рублга нима бўляпти?

Сешанба куни рубль ва Россия фонд бозори қулашни бошидан кечирди. Иқтисодчилар рубль ва бозор яқин ойлар ичида беқарорлигича қолишини тахмин қилмоқда.

Фото : XINHUA VIA TASS

Сешанба куни Москва биржаси очилишида доллар 3,4 рублга - 71,9 рублгача ошди. Евро 4,2 рублга - 81,7 рублгача қимматлашди. Тушга келиб рубль евро ва долларга нисбатан мустаҳкамлана бошлади. 

Москва биржаси индекси қарийб 6, РТС индеси эса 11 фоиздан ортиқроққа пасайди. Бутун бошли нефть соҳаси - «Лукойл», «Татнефть» ва «Роснефть» акциялари қулашда етакчи бўлди. Орадан бир соатча ўтиб Мосбиржанинг пасайиши секинлашиб, 3,4 фоизни, РТС эса 7 фоизни ташкил этди. Би-би-си мазкур ҳолатни таҳлил қилди.

Нима учун қулаш юз берди?

Жаҳон бозорида кейинги бир неча ҳафта давомида пасайиш кузатилаётганди. Бунинг асосий сабаби эса коронавирус тарқалиши бўлди. Бозор иштирокчилари у жаҳон иқтисодиёти ўсишига ва табиий бойликларга бўлган талабга зарба беришидан хавфсираётганди. 

Натижада инвесторлар ўзлари хатарли деб ҳисоблаган барча активлар, жумладан Россия рублидан воз кеча бошлади, унинг ўрнига анъанавий ҳимоя активлари, масалан, АҚШ ғазначилиги облигациялари ва олтин сотиб ола бошлади.

Ҳафта охирига келиб бунга яна бир омил қўшилди: ОПЕКка аъзо давлатлар Россия ва бошқа давлатлар билан нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш борасида келиша олмади. Кейинги йиллар давомида нефть нархини ушлаб турган битим бекор бўлди.

Саудия Арабистони ва Россия нефть бозорида уруш қилишга тайёрланаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Блумберг агентлиги бундай уруш "узоқ ва вайронкор" бўлишини билдирди. Агар мамлакатлар нефть қазиб олишни оширадиган бўлса, бу бутун соҳага жиддий зарба бўлади. Халқаро энергетика агентлиги буни "рус рулеткаси" деб атади.

Душанба куни нефть нархи рекорд – 31 фоизга тушиб кетди, бу 1991 йилдан бери энг қатта қулашдир. Сўнгра нефть нархи озгина кўтарилди. Сешанба куни эрталаб бир баррель Brent 35,84 долларни ташкил этди.

Иқтисодчилар нефть нархи тушишини тахмин қила бошлади. Bank of America яқин ҳафталарда Brent нархи бир баррель учун 20 долларгача тушишини кутмоқда. Банк нефтнинг бу йилги ўртача нархи бўйича тахминини пасайтирди.  Агар илгари Bank of America 2020 йилда бир баррель нефть нархи 45-54 доллар бўлишини тахмин қилган бўлса, эндиликда 41-49 доллар бўлишини кутмоқда.

Россия ҳукумати рублни қандай қилиб қўллаб-қувватламоқчи?

Марказий банк ва молия вазирлиги рублни қўллаб-қувватлаш бўйича дастлабки чораларни эълон қилди.

Марказий банк бюджет қоидалари доирасида бозордан молия вазирлиги учун валюта сотиб олади. Тинч даврларда бу рублнинг кучли даражада мустаҳкамланишига йўл қўймайди. Душанба куни марказий банк бундай харидлар тўхтатилишини маълум қилди.

Молия вазирлиги миллий фаровонлик фондидан валюта сотишни бошлаши мумкинлигини билдирди. Рубль молия вазирлигига бюджет тақчиллигини ёпиш учун керак бўлади. Бундай харид рублни қўллаб-қувватлайди.

Сешанба куни марказий банк молия вазирлиги фонддан валюта сотишни бошламагунича бозордан валюта сотиб олишини маълум қилди. 

Росбанкнинг ҳисоб-китобига кўра, Россия банки кунига 50 млн долларлик валюта сотади. Бюджет қоидасига кўра, молия вазирлиги апрелдан валюта сотишни бошлайди, дейилади банк ҳисоботида.

Рублга нима бўлади?

MIKHAIL TERESHCHENKO/TASS

Таҳлилчилар рубль яқин ҳафталарда ташқи таъсирга боғлиқ ҳолда кучли тарзда ўзгариб туришини билдирмоқда.

Росбанк бир доллар 75 рубль атрофида сотилишини кутмоқда. Мувозанатни топиш узоққа чўзилиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда иқтисодчилар. Доллар мунтазам равишда 70-72 рублгача тушади – нефть нархи арзон бўлган вақтда бу Россия валютаси учун мувозанат ҳисобланади, деб ишонч билдирмоқда банк.

Би-би-си суҳбатлашган таҳлилчилар молия вазирлиги ва марказий банк қўллаб-қувватлаб турса доллар курси 75 рубль атрофида бўлишини кутмоқда.

Nordea банки ҳам нефть нархи тушиб кетадиган бўлса рубль билан боғлиқ вазият исталган вақтда ёмонлашиши мумкинлигини қайд этмоқда. Аммо банкнинг тахминлари ижобий: яқин уч ой давомида долларнинг ўртача курси 66 рублни, евро курси эса 72,6 рублни ташкил этади. Йил охирига келиб доллар 64 рублгача, евро 70,5 рублгача арзонлашади.

Россияда пул етарлими?

1 февраль ҳолатига Миллий фаровонлик фонди 10,1 трлн рублни ёки 150 млрд долларни ташкил этди.

Молия вазирлиги фонд маблағлари «нефтнинг бир баррели 25-30 долларгача тушиб кетганида даромаднинг пасайишини 6-10 йил давомида қоплашга етиши»ни билдирди.

Рублнинг тушиб кетиши амалда Россия бюджетини нефть нархи тушиб кетишидан сақлайди. Россия нефтни долларга сотади, аммо девальвацияда нефть нархи рублда кўтарилади. Бу бюджетнинг нефть нархи тушиб кетишидан кўрадиган зарари ўрнини тўлдиради.

Нефть нархининг тушиб кетиши Россияда жиддий муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмайди, дейилади Capital Economics ҳисоботида.

«Иқтисодчилар бюджет учун нархларнинг пасайиши нефть қазиб олишнинг ошиши эвазига қопланишини тахмин қилмоқда. Муаммо бир баррель нефть нархи 25 доллар ёки ундан ҳам тушиб кетса пайдо бўлиши мумкин. У ҳолда рубль янада кучли инқирозга учрайди, ҳукумат эса харажатларни қисқартиришга мажбур бўлади», дея фикр билдиради компания экспертлари.

Мавзуга оид