Спорт | 12:25 / 11.03.2020
16779
11 дақиқада ўқилади

Моуриньонинг ҳалокати ва Иличичнинг парвози. ЕЧЛда кун ўйинлари

2019/20 йилги мавсумда илк чорак финалчилар «Лейпциг» ва «Аталанта» бўлди. Немислар ўтган мавсум финалчиси, бу мавсумда Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Тоттенҳэм»ни йўлдан олишди, итальянларнинг «Валенсия»га қарши сафар ўйинида эса меҳмонлар форварди Йосип Иличич покерга эришди.

Нагельсманн Моуриньони «еб қўйди»

Фото: RB Leipzig

Чемпионлар лигаси. 1/8 финал. Жавоб ўйини
«РБ Лейпциг» (Германия) — «Тоттенҳэм» (Англия) — 3:0 (2:0)
Голлар: Забитцер, 10 (1:0). Забитцер, 21 (2:0). Форсберг, 87 (3:0).
«РБ Лейпциг»: Гулачи, Хальстенберг, Клостерманн, Упамекано, Мукьеле (Адамс, 55), Анхелиньо, Забитцер (Форсберг, 87), Лаймер, Нкунку (Айдара, 59), Шик, Вернер.
«Тоттенҳэм» (Лондон): Ллорис, Алдервейрелд, Орье (Уолкотт, 90+1), Танганга, Уинкс, Дайер, Алли, Ло Сельсо (Фернандеш, 80), Сессеньон, Ламела, Лукас Моура.
Огоҳлантиришлар: Сессеньон, 34. Уинкс, 45+2. Лаймер, 50. Танганга, 68. Алли, 70. Забитцер, 71.
Ҳакам: дель Серро Гранде (Испания).
10 март. Лейпциг. «Ред Булл Арена» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:0.

Сешанба кунги оғир ва хавотирли хабарлардан кейин мухлислар чалғиб, футболдан завқланишни исташарди. «Лейпциг» ва «Тоттенҳэм» ўйини улар учун айни муддао эди. Бу тўқнашувда интрига зўр, икки ёрқин мураббий - икки авлодга мансуб бўлган мутахассислар тўқнашуви, қолаверса, бошқа учрашувлардагидан фарқли равишда —трибуналар мухлислар билан тўлган, ажойиб атмосфера ҳосил қилинганди. Барча шиддатли баҳсни кутаётганди. 

Аммо... Йўқ, 45 минг немис фанати ҳафсалани пир қилишмади, улар ўз даражасида мухлислик қилиб, майдондагиларни олға бошлаб туришди. «Лейпциг» ҳам ўз даражасида ўйин кўрсатди — Юлиан Нагельсманн йигитлари яна бир марта қанчалик кучли жамоа эканини намойиш этиб беришди. Фақат «Тоттенҳэм» ранжитди. Лондонликлар жуда иложсиз ҳолатда кўринишди — ҳимояда мунтазам хатолар, ҳужумда умидсиз ҳаракатлар. Моуриньо жамоасида бу ўйинда ҳеч қандай имкон йўқлиги дастлабки дақиқаларданоқ кўриниб турарди.

Биринчи бўлим ўрталарига келиб Забитцер иккинчи голни урган, энди «Тоттенҳэм»нинг фақатгина энг содиқ мухлисларигина нимадандир умид қилишаётганди. Лондонликлар ўтган мавсумда «Аякс» билан ўз уйида 0:1 ўйнаган, Амстердамдаги жавоб ўйинида ҳам биринчи бўлимни 0:2 ҳисобида якунлашган ва иккинчи бўлимда уч гол уриб вазиятдан чиқиб кетишганди. Аммо бу сафар умид қилгулик ҳолат эмасди. Моуриньо жамоасидаги жиддий муаммолар ўйиндан олдин ҳам маълум эди - мухлислар бу мавсумда жамоадан ҳеч нарса умид қилишмаса ҳам бўлади.

Прессинг, зичлик, сифатли паслар, футболчиларнинг ҳар бир эпизодга эътибор билан қараш кайфияти — бу Чемпионлар лигасининг 2019/20 йилги мавсуми кашфиёти бўлаётган Юлиан Нагельсманнинг «Лейпциг»ини ифодалайди.

Бу «Лейпциг» Моуриньонинг «Тоттенҳэм»ини икки учрашув якунига кўра 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Ҳа, португалиялик мутахассисга муаммоли жамоа қолдиришган, қолаверса жамоанинг асосий форвардлари Ҳарри Кейн ва Сон Хин Мин жароҳат туфайли сафдан чиқишди, қишки трансферлар вақтида олиб келинган яна бир футболчи - ҳужум чизиғининг яна бир вакили Стивен Бергвейн ҳам жавоб ўйини арафасида жароҳат олди. Аммо рақиб муаммолари — ғолиб мураббийнинг ишларини бир четга суриб қўя олмайди. Қуйида «Лейпциг» муваффақиятларининг асосий жиҳатлари ҳақида.

Рақиб ўйин услубига мослашиш

Фото: Maja Hitij/Bongarts/Getty Images

«Тоттенҳэм»нинг ўйин учун бошланғич режаси шундай эди: 3-4-2-1 схемаси асосида қанотларда тезкор Серж Орье ва Райан Сессеньон ўйини эвазига олдинроқда ҳимояланиш. «Шпорлар» интенсив прессинг қўллашди, «Лейпциг»ни қисқа узатмалар оширишда қийналишга ва узун узатмалардан фойдаланишга мажбур қилишди. Лекин Нагельсманн жамоаси рақиб ўйин услубига жуда тез мослашди ва 10-дақиқага келиб вазиятни ўнглашди: илк голли вазиятда Марсел Забитцерни лондонликлар форварди Эрик Ламела қўриқлашга мажбур бўлаётганди, ҳимоячилар бу вақтда жарима майдони ичида у тўпга қандай зарба беришини томоша қилиб туришганди.

Биринчи голдан кейин «Лейпциг» тўпга эгалик қила бошлади ва ҳар томондан ҳужум уюштира бошлади. Ўйин статистикаси: тўпга эгалик қилиш бўйича 53 фоизга 47 фоиз - немислар фойдасига, зарбалар бериш бўйича 5-3 - немислар фойдасига, xG бўйича 1,18га 0,25 - немислар фойдасига.

Тиғиз ўйин
«Лейпциг» иккинчи бўлимда ҳам биринчи бўлимдаги каби ҳимояда деярли хатосиз ҳаракатланди — ҳолбуки Нагельсманн иккинчи бўлим бошида қарши ҳужум тактикасидан фойдаланишга ўтганди. 5-2-3 — немислар жамоаси тўпсиз шундай тактикада ҳаракатланишди (ҳужумга чиқилганида 3-4-3 схемасига ўтилди), бу орқали рақибга кесик паслар узатишга ва ҳимоячилар ортидан очиладиган Деле Аллига тўпни ташлаб беришга имкон берилмади. «Лейпциг»нинг марказий ҳимоясида Дайот Упамекано аъло даражада ўйин кўрсатди, у бутун майдон бўйлаб вазиятларга улгурарди: 84-дақиқада у ҳатто марказий ҳужумчи ролида пайдо бўлганди. Ўйин давомида у 6 марта тўпни олиб қўйди, 5 март тўпни ҳимоя ҳудудидан узоқлаштирди, 2 марта тўпни тўсиб қолди, 5 марта тактик фол ишлатди (сариқ карточка олмасдан) — бу унинг ўйин мобайнидаги статистикаси.

Бундан ташқари, немислар тўп эгалланганидан кейин кўп марта тўпни ўзларида узоқ вақт ушлаб туришди (бу борада айниқса ҳавбек Конрад Лаймерни эътироф этиш керак) ҳамда майдоннинг турли участкаларида сон жиҳатдан устунлик қилишди.

Олдинга чиқиш
Нагельсманн услубидаги муҳим жиҳат — контрпрессинг: «Лейпциг» футболчилари бутун ўйин мобайнида тўп йўқотилганидан кейин зудлик билан уни қайтариш ҳаракатида бўлишди (23 марта тўп йўқотилди, «Тоттенҳэм» эса — 41 марта). Тўп қайтариб олингач эса тезкор қарши ҳужумларга чиқилди: жарима майдони ҳудудидан ёки майдон ўртасидан. «Лейпциг» бундай ҳужумларда чап қанот ҳимоячиси Анхелиньо ёки Тимо Вернернинг тезкорлигидан фойдаланишга ҳаракат қилди, шунингдек, битта узун пас билан ҳужум чизиғи вакиллари олдинга ташланди. Нагельсманн жамоаси вазиятларни жуда яхши ҳис қилишди, керак вақтда қисқа масофаларга пас берилди, керак вақтда қарши ҳужумни кечиктирмаслик учун узун паслар берилди. Немисларнинг учинчи голи — ўйин давомида қарши ҳужумга чиқиш учун идеал намуна бўлди: рақиб футболчилари шунчаки ўз жарима майдонида тўғри позицияларни танлашга улгурмади.

Ахнелиньо

Фото: RB Leipzig

У ўйиндаги энг яхши футболчилардан бири бўлди. «Лейпциг» ҳужумлари унинг қаноти орқали ривожлантирилди: бу қанотда Орье жуда секин ҳаракат қилди ва жуда кўп ҳудудларни бўш қолдирди. Иккинчи ва учинчи голларда Анхелиньонинг қанотидан муҳим паслар берилди. «Манчестер Сити»дан келган испаниялик футболчининг «Тоттенҳэм» билан ўйиндаги фаол ҳаракатлари картада ҳам акс этган: у стандарт вазиятларни ижро этиш учун ҳам қарама-қарши қанотга ўтган:

Фото whoscored.com

Анхелиньо Вернер билан ҳужум чизиғида муҳим боғлам ҳосил қилди, шу билан биргаликда ҳимоядаги ишларини ҳам унутмади: 1 марта тўпни олиб қўйди, 1 марта тўпни олиб қўйиб ҳужум бошлади, 3 марта тўпни узоқлаштирди ва 2 пас йўлини тўсиб қолди.

Хулоса

Фото: Maja Hitij/Bongarts/Getty Images

«Мен Моуриньо устидан ғалабам ҳақида ўйлаб юрганим йўқ Барча фикрим «Тоттенҳэм»дан ўтиб олишда. Аввал ҳам айтганимдек, мен ҳали Жозенинг даражасидан йирокдаман. Фаолиятимда у каби кўп соврин юта оламан деб ўйлай олмайман», — деди 32 ёшли Нагельсманн ўйиндан олдин УЕФА сайтига берган интервьюсида.

Камтарлик ҳаммага ярашади. Аммо бу ғалаба яна бир бор laptop-мураббийлар фойдасига бўлди. Нагельсманн шундай типдаги мураббийларнинг дастлабкиларидан бўлган Моуриньони мағлуб этди. У португалиялик «Спейшил уан»га муносиб ўринбосар.

 

Иличич ЕЧЛ рекордчиси

Фото: @Atalanta_BC

«Валенсия» (Испания) — «Аталанта» (Италия) — 3:4 (1:2)
Голлар: Иличич, 3 — пенальти (0:1). Гамейро, 21 (1:1). Иличич, 43 — пенальти (1:2). Гамейро, 51 (2:2). Торрес, 67 (3:2). Иличич, 71 (3:3). Иличич, 82 (3:4).
«Валенсия»: Силлессен, Васс, Хосе Гайя, Диакаби (Гонсалу Гедеш, 46), Парехо, Коклен (Черышев, 74), Кондогбья, Солер, Гамейро, Родриго (Флоренци, 79), Торрес.
«Аталанта» (Бергамо): Спортьелло, Паломино, Хатебур, Кальдара, Джимсити, Гозенс, де Рон (Сапата, 44), Пашалич (Тамез, 83), Фройлер, Гомес (Малиновский, 78), Иличич.
Огоҳлантиришлар: Коклен, 33. Диакаби, 42. Кондогбья, 58. Васс, 64. Фройлер, 85.
Ҳакам: Хацеган (Руминия).
10 март. Валенсия. «Месталья» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:4.

Бу кечадаги ҳақиқий тўқнашув Валенсияда бўлиб ўтди, маҳаллий жамоа «Аталанта»нинг қувноқ йигитларига бўм-бўш стадионда очиқ футбол таклиф қилди. Бу ўйинда ёрқин футбол учун трибуналар тўла бўлиши ҳам шарт эмасдек кўринди — албатта, мухлислар бўлгани яхши. Кўринишидан, «Аталанта»га қаерда ва ким билан ўйнашнинг, атрофда нималар бўлаётганининг фарқи йўқ — бу футболчилар шунчаки майдонга чиқишади ва шоу-тайм бошланади.

Ўйин қаҳрамони Иличич бўлди. Характери мураккаб бўлган словениялик форвард бир неча марта Чемпионлар лигасида ўйнаб гол уришни ва бу ишни айнан «Аталанта» билан қилишни исташи ҳақида гапирган. Уч ҳафта муқаддам орзу амалга ошган, «Валенсия»га қарши биринчи ўйиндаги голлардан бирига у муаллифлик қилганди. Энди эса — биратўла покер ва тарихдан жой эгаллаш. У ЕЧЛ тарихида сафар ўйинида ҳет-трик ва покерга эришган энг ёши катта футболчига айланди (32 ёшу 41 кун). Шунингдек, Иличич Чемпионлар Лигаси плей-офф доирасида меҳмондаги баҳсда покерга эришган биринчи футболчи сифатида тарихга кирди.

Ишониш қийин, аммо Иличич Чемпионлар лигасининг бу мавсумида бир ўйинда тўртта гол урган учинчи футболчига айланди — бунгача Левандовски ва Гнабри бу ишни уддалашганди.

Мухлислар коронавирус туфайли турнир тўхтаб қолишини исташмаяпти — улар бу «Аталанта»нинг кейинги ўйинларини ҳам кўришни исташмоқда.

Мавзуга оид