Ҳар қандай қурилишни у бошланмай туриб жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш белгилаб қўйилмоқда
Ўзбекистонда Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилди.
13 март куни Қурилиш вазирлигида янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодекси лойиҳаси бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда вазирлик раҳбарияти, депутатлар ва соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Лойиҳада ҳар қандай объектни қурилиш бошланмай туриб, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишига оид норма қўшилган.
Янги тартиб жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини бериши айтилмоқда, деб хабар қилди Kun.uz мухбири.
Бу ҳақда маълум қилган Қурилиш вазирлиги Юридик бюро бошлиғи Акбар Ражабов Шаҳарсозлик кодексида кутилаётган бошқа ўзгаришлар ҳақида ҳам гапириб берди.
«Янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодекси лойиҳасида қурилиш соҳасида ҳар бир объектнинг шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизадан ўтказилиши белгилаб қўйилди. Унга кўра, шаҳарсозлик ҳужжатини экспертизадан ўтказувчи ҳар бир экспертга берган хулосаси бўйича жавобгарлик белгиланган.
Экспертлар етказилган зарар оқибатидан келиб чиқиб, маъмурий, жиноий жавобгарликка тортилади», – деди Акбар Ражабов.
Унинг сўзларига кўра, амалдаги шаҳарсозлик кодексида экспертларнинг хулосаси берилиши бўйича ҳеч қандай модда акс эттирилмаган. Экспертлар томонидан берилган экспертиза хулосаси тавсиявий характерга эга бўлган.
Акбар Ражабовнинг таъкидича, янги кодекс лойиҳасига киритилган ўзгаришлардан яна бири – қурилиш соҳасидаги сифат масаласининг назорат қилиниши.
«Бу бўйича янги Шаҳарсозлик кодексига алоҳида боб киритилди. Бу қурилишни назорат қилиш механизмлари – қурилишни давлат томонидан назорат қилиш, техник назорат қилиш, муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати ушбу кодексда аниқ белгилаб берилди», – деди у.
Мавзуга оид
13:05 / 27.12.2023
Иқтисодий процессуал кодексига қўшимчалар киритилди
07:26 / 27.12.2023
Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
21:18 / 27.11.2023
Яна учта турдаги имтиҳонлар жонли эфирга узатилади
12:11 / 24.01.2023