Ўзбекистон | 16:52 / 14.03.2020
31102
2 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятида яна бир туман ҳокими алмашди

Ўктам Машарипов Ҳазорасп тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтяпти. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов нутқ сўзлади.

Муҳокамалардан сўнг, Равшан Шоназарович Жабборовни Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ҳокими вазифасидан озод этиш ҳақидаги вилоят ҳокимининг қарори Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари томонидан тасдиқланди. 

2014 йилдан Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси лавозимида фаолият юритиб келган Равшан Жабборов 2018 йил 1 декабрь куни Ҳазорасп тумани ҳокими сифатида иш бошлаганди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вилоят ҳокими Ҳазорасп тумани ҳокими лавозимига Ўктам Рустамович Машарипов номзодини тавсия қилди. Музокаралардан сўнг, Ўктам Машарипов номзоди Ҳазорасп тумани ҳокими лавозимига депутатлар томонидан тасдиқланди.

Ўктам Машарипов бунга қадар Янгибозор тумани ҳокими сифатида ишлаган. Ундан аввал Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида фаолият юритган.

Маълумот учун, Ҳазорасп тумани вилоят ҳудудининг 33,8 фоизини эгаллайди. Тумандан Урганч шаҳригача 56 км. Қорақалпоғистон Республикаси ва Туркманистон давлатлари билан чегарадош.

Аввалроқ, Янгиариқ тумани ҳокими ўзгаргани хабар қилинганди. 

Мавзуга оид