Жаҳон | 21:02 / 17.03.2020
8809
2 дақиқада ўқилади

Нефть гигантлари бир ҳафта ичида ярим триллион доллар йўқотди

Нефть нархининг тушиши ооқибатида дунёнинг энг йирик 14 та нефть компаниясининг бозор нархи бир ҳафта ичида 495 млрд долларга камайди.  

Бундан энг кўп Саудия Арабистонининг Saudi Aramco компанияси жабр кўрди, деб хабар берди Deutsche Wirtschafts Nachrichten нашри.

8 мартдан 12 мартгача савдолар давомида Saudi Aramco’нинг акциялари Саудия Арабистонининг Tadawul биржасида 12,1 фоизга арзонлашиб кетган, компаниянинг капиталлашуви эса 230 млрд долларга камайган. 2019 йил декабрда компания Ар-Риёддаги биржага илк бор чиққандан кейин 1,88 трлн долларга баҳоланганди.   

Саудия Арабистони компаниясидан кейин энг кўп йўқотишга Голландиянинг Royal Dutch Shell компанияси учраган. Компаниянинг акцияси нархи 30,9 фоизга арзонлашиб, компания бозор қиймати 48,3 млрд долларга камайган. Шу давр ичида Британиянинг BP компанияси акцияси 30,1 фоизга арзонлашиб, капиталлашуви 29,5 млрд долларга камайган. 

Шунингдек, Италиянинг Eni компанияси акциялари 32,4 фоизга арзонлашиб, бозор қиймати 13,5 млрд долларга тушиб кетган. Франциянинг Total компанияси капиталлашуви акциялари нархи 29,2 фоизга қадрсизлангач, 33,7 млрд долларга камайган.  

Умуман олганда, нефть нархи бу давр ичида 30 фоизга тушиб, 31 долларгача арзонлашган. Бу эса охирги 4 йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир. Экспертларнинг таъкидлашича, айнан шу вазият етакчи нефть компаниялари акциялари арзонлашиши ва бозор қиймати тушишига олиб келган.

Мавзуга оид