Ургутдаги мактабда дарсга кеч қолган ўқувчилар сурати Телеграм’да нега тарқатилди?
Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти Ургут туманидан мурожат қилган бир гуруҳ ота-оналарнинг айтишича, туманидаги 70-мактабда дарсга кечикиб келган ёки дарс қолдирган ўқувчиларнинг суратлари Телеграм мессенжерида тарқатилган.
70-мактаб ўқитувчилари мактаб директори ва ўринбосари буйруғи билан ўқувчиларнинг давоматини назорат қилиш мақсадида Телеграм’да ота-оналар гуруҳини очишади. Бу гуруҳда мактаб директори ва ўқитувчилар сабабсиз дарсга кечикиб келган ёки дарс қолдирган ўқувчиларнинг суратларини эълон қилиб бориши ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўлади.
Мурожаатчиларнинг айтишича, гуруҳда дарсга кечиккан ёки дарс қолдирган 1-синфдан 11-синфгача бўлган барча ўқувчиларнинг суратлари эълон қилиб борилган.
Ота-оналарни ташвишлантираётган ҳолат шуки, мактаб маъмурияти томонидан Телеграм’даги гуруҳда расми қўйилганидан кейин болалар руҳиятида салбий ўзгариш бўлмоқда.
Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун мактаб директори ва бошқа мутасаддилар билан боғланди.
Мактаб директори Шерзод Шаропов ҳақиқатан ҳам Телеграм’да гуруҳ очиб, унда дарсга кечиккан ва дарс қолдирган ўқувчиларнинг фотосуратлари бериб борилаётганини тасдиқлади.
Директордан бу иш қонунчилигимизга ва бола ҳуқуқларига оид халқаро нормаларга қанчалик тўғри келишини сўраганимизда, у давомат масаласида муаммолар борлигини ва муаммони ҳал қилиш учун шу усулдан фойдаланаётганини айтди.
Шундан сўнг, Ургут туман Халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Элёр Пўлатов билан боғландик. Унинг айтишича 70-мактаб раҳбариятининг бу ишидан хабари бўлмаган ва туман ХТБ томонидан мактаб директорларига бундай кўрсатма берилмаган. Элёр Пўлатов 70-мактаб раҳбариятига бу иш учун тегишли чоралар кўрилишини билдирди.
Халқ таълим вазирлиги матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича вазир маслаҳатчиси Анвар Умаровдан юқоридаги ҳолат бўйича изоҳ олдик.
Вазирлик вакилининг айтишича, ҳудудий бошқарма ва бўлимлар, мактаб директорларига ижтимоий тармоқ ёки месенжерларда гуруҳ очиб дарсга сабабсиз кечиккан ёки дарс қолдирган ўқувчиларнинг фотосуратларини бериб бориш топшириғи берилмаган. А.Умаров Ургут туманидаги 70-мактабда бу иш юзасидан тегишли тартибда текширув ўтказилишини маълум қилди.
Хўш, бу борада қонунчилигимиз нима дейди?
«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига кўра, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг камситилишига йўл қўймаслик ҳамда боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Ушбу мавзу юзасидан соҳа вакилларининг фикрлари билан қизиқиб, таниқли педагог, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 65-ихтисослаштирилган давлат мактаби ўқитувчиси Исроил Тиллабоев билан боғландик.
«Бизда ҳам ота-оналар билан доимо алоқада бўлиб туриш учун Телеграм’да гуруҳ очилган. Гуруҳлар мактаб миқёсида эмас, уларга фақат синфда ўқийдиган ўқувчиларнинг ота-оналари қўшилган. Бу гуруҳларда ўқувчиларнинг фотосурати мутлақо эълон қилинмайди, фақат давомат, ўқувчиларнинг ўзлаштириши ва бошқа ишлар ота-оналар билан маслаҳатлашилади.
Мен ижтимоий тармоқларда ота-оналар ва синф раҳбарини боғлайдиган тор доирадаги бундай гуруҳлар очилишини қўллаб-қувватлайман. Сабаби бундай гуруҳлар орқали ўқитувчи ота-оналар билан доимий мулоқотда бўлади ва бу таълим сифати ҳамда давоматга ижобий таъсир кўрсатади.
Аммо мактабдаги барча ўқувчиларининг ота-оналарини битта гуруҳга жамлаш, у ерда сабабсиз дарсга кечиккан ва дарс қолдирган ўқувчиларнинг суратларини эълон қилиш бу – мутлақо нотўғри иш. Шунингдек, бу қонунчилигимизга ҳам тўғри келмайди. Бндай иш бошланғич синф ўқувчиларига билинмаслиги мумкин, аммо ўсмир ёшдаги ўқувчиларнинг руҳиятига салбий таъсир қилиб оқибати аянчли тугаши эҳтимоли бор.
Шу мавзуда бир мисол келтираман. Мен ўз ўқувчиларимни ментал арифметика бўйича турли мусобақаларга олиб бораман. Яқинда ана шундай мусобақалардан бирида ташкилотчилар томонидан мен мусобақага олиб бораётган ҳар бир ўқувчининг ота-онасига «Мусобақа давомида фарзандингизни фотосуратга туширишга ва уни ижтимоий тармоқларда эълон қилишимизга розимисиз? Агар рози бўлмасангиз, фарзандингиз фотосуратларини ижтимоий тармоқларда эълон қилмаймиз», деган сўров келди.
Қаранг, ташкилотчилар омма кўз ўнгида бўлиб ўтадиган мусобақада иштирок этадиган ўқувчиларнинг ота-оналаридан уларнинг фотосуратларини ижтимоий тармоқларда эълон қилиш учун олдиндан рухсат сўраяпти»,— дейди Исроил Тиллабоев биз билан суҳбатда.
P.S. Ўқувчиларга маълум, Kun.uz мухбирлари турли мурожаатлар изидан мактабларга ҳам боришади. Ана шундай ҳолатларда ўқувчиларни доим орқа томондан фотосурати олинади ёки очиқ суратлар мактаб раҳбариятининг рухсати билан эълон қилинади. Рухсат олинмаган ўринларда ўқувчиларнинг юзи таниб бўлмайдиган ҳолатда хиралаштирилади. Болалар билан ишлайдиган ташкилотларни боланинг дахлсизлик ҳуқуқларини унутмасликка чорлаб қоламиз.
Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
11:38 / 17.11.2024
Самарқандда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
10:06 / 19.09.2024
“Омонқўтон” миллий табиат боғидаги ноқонуний йўл: прокуратура жиноят иши қўзғатди
19:00 / 13.09.2024
Ургутда табиатга 1 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум бўлди
10:59 / 21.08.2024