Ўзбекистон | 18:51 / 22.03.2020
39787
3 дақиқада ўқилади

Мактабларда ўқишни ёзда давом эттириш режалаштирилмаган — Вазир ўринбосари

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев мактабларда ўқишни ёзда давом эттириш кўзда тутилмагани, бу борада махсус ишчи гуруҳга таклиф берилиши ҳақида маълум қилди.

«15 март куни бош вазир раислигида ўтказилган махсус комиссия қарори билан 16 мартдан бошлаб мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва олий таълим муассасалари ўқувчилари учун таътил эълон қилинган. Таътил давомийлиги карантинга боғлиқ.

Махсус комиссия топшириғига асосан, 26 март куни Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бирга эпедемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда таътилни давом эттириш ёки эттирмаслик зарурияти юзасидан махсус ишчи гуруҳга таклиф киритади. Таътил вақтида белгиланган ўқув дастурлари телевизион дарслар орқали ўқувчиларга етказилади. Ҳозирча мактабларда ёзги таътил даврида ўқишни давом эттириш режалаштирилмаган», дея Кенжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

АОКА ҳузуридаги махсус штабда ўтказилган онлайн брифинг давомида вазир ўринбосари таътил берилган бўлсада ўқитувчилар карантин вақтида ҳам мактабларга чақирилаётгани, улар электрон журнал тўлдириш учун мактабларда мажбуран ушлаб ўтирилгани ҳақидаги эътирозларга ҳам жавоб берди.

«Республикамиздаги барча педагоглар жорий йилнинг 18 мартидан бошлаб ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқарилди. Бу ҳақда вазирликнинг тегишли буйруғи ҳам қабул қилиниб, жойларга етказилди.

Шундай бўлса ҳам ҳудудларда таътил вақтида ўқитувчиларни турли тадбирларга жалб этилаётгани ёки ишга чақириб қандайдир ишларни бажариш мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Вазирлик томонидан бундай ҳолатлар тезкор ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Бундан ташқари, таътил вақтида педагогларни ҳеч қандай ишларга жалб этмаслик тўғрисида вазирликнинг расмий ижтимоий тармоқлари, веб-сайти орқали мурожаат билан чиқилган. Саволда аниқ манзил, вилоят, туман, мактаб кўрсатилмаган экан. Агар бу ҳақда тўлиқ маълумот берилса, албатта бунга чора кўрилади.

Шу билан бирга, таътилда белгиланган педагогик юкламаларни онлайн, яъни масофадан туриб бажариш имконияти яратилади.

Электрон кундалик масаласига келсак, биз телевизион дарсларни электрон кундалик орқали ҳам етказиш, яъни уйга берилган топшириқларни ўқитувчилар орқали ота-оналарга етказиш ва ўқувчиларни баҳолаш режалаштирилган. Бунинг учун ўқитувчи ишга бориши шарт эмас, уни мобил телефон орқали уйда туриб ҳам бажариши мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барча таълим муассасалари раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлардан ўқитувчиларни таътил вақтида ишга жалб этмасликка чақириб қоламиз», деди Дилшод Кенжаев.

Олдинроқ Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов карантин сабаб ОТМларда ёзги таътил муддати қисқариши мумкинлигини айтганди.

Мавзуга оид