Жамият | 16:50 / 24.03.2020
4763
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари марказларида ҳар кунлик дезинфекция ва бошқа чоралар жорий этилди

Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига кўра мамлакатда эълон қилинган огоҳлик доирасида Давлат хизматлари марказларида вирусга қарши кураш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

«Биринчи навбатда, одам кўп тўпланадиган жойларда вирусдан ҳимояланиш тадбирлари ишлаб чиқилган. Хусусан, Тошкент шаҳридаги 11та Давлат хизматлари марказларида Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан белгиланган график асосида профилактик дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда. Ходимлар тиббиёт ниқоблари ва зарур гигиена воситалари билан таъминланди.

Юқоридаги қарорнинг 3-банд «г» кичик бандига кўра, ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини мажбурий жорий этиш белгиланган бўлиб, мурожаатчилар дезинфекцияловчи гел, спирт ва тиббиёт ниқоблари билан Марказларга киритилмоқда.

Шунингдек, иш жойларда ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимларни иш жойига йўл қўймаслик ҳамда ушбу ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар бериш белгиланган.

Карантин даврида Давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилувчилар сонини камайтириш учун хизматларни онлайн олиш мумкинлиги фуқароларга тавсия қилинмоқда. Бунинг учун my.gov.uz сайтидан фойдаланиш мумкин. Айрим хизматларни олишда (масалан, СТИР рақами ҳақидаги маълумотномани) электрон рақамли имзо ҳам талаб қилинмайди», дейилади Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси маълумотида.

Мавзуга оид