Бизнес-Омбудсман давлат мулклари бўйича ижара тўловини вақтинча тўхтатишни таклиф қилди
Бизнес-Омбудсман Дилмурод Қосимов коронавирусга қарши кураш чоралари қўлланиши даврида тадбиркорларга айрим енгилликни тақдим этишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Омбудсманнинг айтишича, мавжуд вазият меҳмонхона ва туристик объектлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай объектив ҳолатда давлат мулкларини ижарага олган тадбиркорлар ижара тўловларини тўлаш билан боғлиқ муайян қийинчиликларга дуч келмоқда.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат активлари жисмоний ва юридик шахсларга харид тўловларини тўлаш ёки муайян инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш эвазига хусусийлаштириб берилади.
Бизнес–Омбудсман томонидан коронавирус пандемиясининг давлат мулкини ижарага олган ҳамда уларни инвестиция мажбуриятлари билан хусусийлаштирган тадбиркорлар фаолиятига таъсирини олдини олиш мақсадида қуйидагилар таклиф этилмоқда:
1. Республика махсус комиссияси қарори билан фаолияти вақтинча тўхтатилган тадбиркорлар томонидан давлат мулклари бўйича тўланадиган ижара тўловини вақтинча тўхтатиш;
2. Давлат активларини хусусийлаштиришда харид тўловларини ҳамда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни кечиктирганлик учун пеня ҳисоблаш ва шартномаларни бекор қилиш тартибларини қўллашни вақтинча тўхтатиш;
3. Коронавирус пандемияси туфайли харид тўловлари ҳамда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш имконига эга бўлмаган тадбиркорларнинг аризалари бўйича Давлат мулкини сотиш бўйича тендер савдолари ўтказувчи Давлат комиссияси қарори асосида хусусийлаштириш бўйича тузилган шартномалар муддатини узайтириш.
Ўзбекистон бўйлаб коронавирус касаллигининг тарқалишини олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи объектлар, жумладан таълим муассасалари, умумий овқатланиш ҳамда бошқа кўнгилочар объектлар фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Бундан ташқари, хорижий давлатлар ҳамда шаҳарлараро қатновлар тўхтатилди.
Мавзуга оид
10:27
Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси қайси туманларда экани айтилди
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
13:32 / 06.11.2024
Тошкентда октябрда уй-жойлар учун ижара нархи ошиши секинлашди
20:28 / 01.11.2024