Иқтисодиёт | 16:00 / 25.03.2020
16822
2 дақиқада ўқилади

Тўловларни нақд пулсиз ва контактсиз амалга ошириш лозим - МБ

Марказий банк департамент директори Улуғбек Маҳмудов коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида республикада тўловларни нақдсиз, хусусан масофавий амалга ошириш имкониятлари кенгайтирилаётгани ҳақида маълумот берди.

«Биринчи навбатда аҳолимиз ва тадбиркорлик субъектлари учун масофавий банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Айниқса ушбу хизматлар барча банклар томонидан абонент тўловисиз амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирда хўжалик юритувчи субъектлар, яъни солиқ тўловчилар томонидан Солиқ қўмитаси сайти шахсий кабинетидан туриб, солиқларни онлайн тўлаш имконияти яратилган. Уни узлуксиз амалга ошириш бўйича Марказий банк ва Солиқ қўмитаси мутахассислари томонидан зарурий ишлар олиб борилмоқда», деди Улуғбек Маҳмудов UzReport телеканали орқали эфирга узатилган брифингда.

Улуғбек Маҳмудовнинг таъкидлашича, республика бўйича тезкор тўлов тизимларидан фойдаланишнинг оммабоплигини ошириш чоралари амалга оширилмоқда. Бизнес субъектларига 24/7 режимида тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, тўловларни амалга оширишда нақд пуллардан фойдаланиш вирус тарқалишига олиб келувчи каналлардан бири бўлиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, Марказий банкнниг ҳудудий бош бошқармаларидаги ва тижорат банклардаги нақд пуллар саналадиган пул омборлари ва қайта санаш кассаларидаги санитария-эпидемиологик ташкилотлар томонидан вақти-вақти билан ҳафтада 1-2 марта дезинфекция қилиняпти. Бироқ банкдан чиққан пулларнинг муайян вақт давомида фуқаролар қўлида муомалада юриши, банкноталарнинг қўлдан қўлга ўтиши оқибатида банклар келиб тушиши узоқ вақтга чўзилиши эҳтимоли юқори», деди Улуғбек Маҳмудов.

Шунинг учун карантин вақтида онлайн хизматлардан фойдаланиш, тўловларни нақд пулсиз шаклда амалга ошириш, коммунал тўловларни мобил иловалар орқали тўлаш имкониятлари яратилган. Ана шуларни инобатга олган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлардан тўловларни нақд пулсиз ва контактсиз шаклда амалга ошириш сўралди.

Мавзуга оид