Ўзбекистон | 09:16 / 27.03.2020
12056
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда суриштирув ва тергов фаолиятидаги тизимли муаммолар маълум қилинди

Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолияти янада такомиллаштирилади

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, ўтган йиллар давомида мамлакатда суриштирув ва тергов фаолиятини такомиллаштириш, жиноий таъқибни амалга ошириш жараёнида инсонпарварлик принципларига асосланган ҳолда ҳеч бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати камситилишига ҳамда содир этмаган қилмиши учун ноҳақ жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда жиноятчиликни жиловлаш, жиноий қилмишлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш борасидаги ишлар муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, суриштирув ва тергов амалиёти таҳлили жиноий таъқибни амалга оширувчи органларининг фаолияти самарадорлигига тўсқинлик қилаётган, жиноятларни фош этишга кўмаклашувчи органларнинг холислигига салбий таъсир кўрсатаётган тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда.

Жумладан:

биринчидан, жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, терговчилик касбида муҳим ўрин тутадиган “устоз-шогирд” анъаналари тўғри йўлга қўйилмаган;

иккинчидан, суд экспертларининг суд экспертизасини тайинлайдиган органлардан (шахслардан) мустақиллиги етарлича таъминланмаган;

учинчидан, жиноятларни фош этишда суриштирув ва дастлабки тергов органларига кўмаклашувчи шахсларнинг, шу жумладан суд экспертлари ва криминалистларни тайёрлашнинг самарали механизми, шунингдек уларни соҳада узоқ йиллар фаолият кўрсатиши учун етарли шарт-шароитлар шакллантирилмаган;

тўртинчидан, суриштирув, дастлабки тергов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида фош этилмаган жиноятлар, шахси аниқланмаган мурдалар, бедарак йўқолган шахслар ва жиноятга алоқадор бошқа маълумотларнинг ягона интеграциялашган электрон маълумотлар базаси яратилмаган;

бешинчидан, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини тартибга солувчи, суриштирувчи ва терговчиларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартибини белгиловчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмаган.

Мавзуга оид