Жаҳон | 08:40 / 01.04.2020
17794
2 дақиқада ўқилади

Британиялик қария дунёдаги энг кекса эркак деб топилди

29 март куни 112 ёшини қаршилаган британиялик Роберт Уэйтон айни вақтда дунёдаги энг кекса эркак деб топилди. Бунгача энг кекса эркак номи япониялик Титэцу Ватанабэга тегишли эди.

Фото: guinnessworldrecords.com

Бу ҳақда Гиннес рекордлар китоби сайтида маълум қилинди.

Хабарда таъкидланишича, айни вақтда Британияда коронавирус эпидемияси сабабли киритилган ижтимоий масофалашув қоидалари рекордлар китоби вакилига қария билан шахсан учрашиш имконини бермаган. Бунинг ўрнига қария ўзи яшайдиган қариялар уйи балконида турган ва қариялар уйи ходимлари унга Happy Birthday қўшғини куйлаб, энг кекса эркак эканлигини тасдиқловчи сертификатни топширишган. 

Бу ном британияликка 23 февралда 112 ёшида вафот этган япониялик Титэцу Ватанабэдан ўтди. 

Қария юқоридаги сабабга кўра ўз туғилган кунини оила аъзолари даврасида нишонлай олмаган. Уэйтоннинг 3 фарзанди, 10 набираси ва 25 набираси бор бўлиб, улар қарияни телефон орқали табриклашган.

Айни вақтда дунёнинг энг кекса одами япониялик 116 ёшли аёл Канэ Танака ҳисобланади.

“Мен жуда узоқ умр кўриш насиб қилган оддий йигитман”, деб айтганди ўтган йил Уэйтон Daily Mail нашрига берган интервьюсида. Унинг таъкидлашича, у ёшлигида “ҳамма каби” тепки, қизамиқ ва кўкйўталга чалинган, “испанка” эпидемияси ва иккита жаҳон урушини бошдан кечирган, Канада ва Тайванда яшаб, хитой тилини ўрганиб олган, безгак билан касалланиб, 2-3 та жарроҳлик амалиётидан кейин муваффақиятли тикланган.

Қария Иккинчи жаҳон уруши вақтида Британия империяси учун самолётлар ишлаб чиқарган фабрикада ишлаган. Ҳозирда эса вақтни мазмунли ўтказиш учун ўйинчоқ тегирмонлар ясайди ва уни 40 фунт стерлингдан сотади ҳамда тушган пулларни хайр-эҳсон қилади.  

Мавзуга оид