Коронавирус: дунёда зарарланиш ҳолатлари миллионга яқинлашмоқда
Испанияда сўнгги бир кунда коронавирусдан яна 849 киши вафот этди. АҚШда оғир аҳволга тушиб қолган American Airlines авиакомпанияси ҳукуматдан 12 млрд доллар миқдорида ёрдам сўради, Польшада эса қатъий карантин чоралари жорий этилди.
31 март ҳолатига кўра, бутун дунёда Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари 846 мингдан ошди, шундан 176 мингдан ортиқ киши соғайган, 41482 киши вафот этган. Сўнгги бир куннинг ўзида вирусдан зарарланганлар сони 70 мингга яқинни ташкил қилди.
Ҳолбуки февраль ойи ўрталарида бутун дунёда кунига ўртача 2-3 минг кишида вирус аниқланаётганди. Агар шу ўсиш динамикаси сақланадиган бўлса, шу ҳафтанинг ўзида зарарланиш ҳолатлари миллионга етиши мумкин.
Испанияда ўлимлар, Польшада янги чекловлар
Сўнгги бир кунда Испанияда вирус яна 849 кишини ҳаётдан олиб кетди. Бу мамлакатда пандемия давридаги навбатдаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Бир кун олдин қурбонлар сони 812 нафарни ташкил этганди.
Испания бироз аввалроқ зарарланиш ҳолатлари бўйича Хитойни ортда қолдирганди. Пириней яриморолида вирусдан ўлим даражаси Италиядагидан кам эмас.
Италияда сўнгги бир кунда 837 киши вафот этди ва жами қурбонлар сони 12428 нафарга етди. Мамлакатда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 105 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган.
Испаниялик шифокорлар мамлакатда вирус тарқалиши ўз чўққисига яқинлашаётгани ҳақида гапиришмоқда. Мутахассислар шундан кейин зарарланишлар ва ўлим ҳолатлари сони пасайишига умид қилишмоқда.
Испанияда вирус тарқалиши сусая бошлаганди, аммо душанба куни ўсиш кўрсаткичлари қарийб 8 фоизга ўсди. Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Мария Хосе Сиерра ҳам бу ўсишни тасдиқлаган.
Мамлакатда учинчи ҳафтадирки, қатъий карантин чоралари амал қилмоқда. Ҳукумат бошқа мамлакатлардан коронавирусни аниқлаш учун тестлар сотиб олмоқда ва кунига 50 минггача киши текширилмоқда.
Польша соғлиқни сақлаш вазири Матеуш Моравецкий сешанба куни қатъий карантин чоралари ҳақида эълон қилди. Мамлакатда хиёбонлар, майдонла ва бошқа жамоат жойлари ёпилди. Фуқароларга уйдан чиқмаслик талаби қўйилмайди, аммо вояга етмаганларга фақат катта ёшдагилар ҳамроҳлигида уйдан чиқишга рухсат берилади.
Мамлакатдаги барча меҳмонхоналар ва ҳостеллар ёпилади. Бундан ташқари, ишлашда давом этадиган жойларда масофа сақлаш шарт бўлади - ходимлар бир-биридан 1,5 метр масофа сақлаши керак. Бу учун жавобгарлик иш берувчилар зиммасида бўлади.
Янги карантин чоралари супермаркетлар учун ҳам тааллуқли - кассаларга навбат уч кишидан ошмаслиги керак. Шу тариқа, агар супермаркетда бешта касса мавжуд бўлса, супермаркетда бир вақтнинг ўзида 15дан ортиқ киши бўлмаслиги керак.
Польшада айни вақтгача вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 2311 ҳолат қайд этилган, 33 киши вафот этган.
Сешанба куни Германияда вирусдан ҳалок бўлганлар сони 682 нафарга етди. Süddeutsche Zeitung нашри маълумотига кўра, вафот этганларнинг 31 нафари 60 ёшдан кичик бўлган.
Беларусда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди. Витебск драматик театри актёри Виктор Дашкевич 76 ёшида оламдан ўтди. У сўнгги кунларни сунъий нафас олиш аппаратига уланган ҳолда ўтказди.
Тан олинмаган Абхазия республикасида вирусдан зарарланишнинг илк ҳолати қайд этилган. Россия нашрлари хабарига кўра, Абхазиянинг Гальский туманида коронавирус юқтирган аёл аниқлангач, барча йўлларда транспорт ҳаракати тўхтатилган.
АҚШ: зарарланганлар сони бўйича биринчи
АҚШ - вирусдан зарарланиш ҳолатлари энг кўп бўлган мамлакат. Нью-Йоркда шошилинч равишда дала госпиталлари тайёрлашмоқда. Душанба куни Гудзон кўлига АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг сузувчи госпитали USS Comfort кирди. Кема шаҳар шифохоналарига сиғмай қолаётган беморларни ўз бағрига олади.
Нью-Йоркда Covid-19 билан боғлиқ 914 ўлим ҳақида маълум қилишган. Бу Американинг бошқа ҳар қандай штатидаги қурбонлар сонидан кўпроқ.
31 март ҳолатига кўра, АҚШда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 180 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, шундан 3580 киши оламдан ўтган - бу борада АҚШ Хитойни ортда қолдирди.
АҚШнинг қолган штатлари зудлик билан карантин чоралари жорий этишмоқда. Сешанба куни Мэриленд, Виржиния, Аризона ва Теннеси штатларида карантин эълон қилинди. Айни вақтга келиб жами 32 штатда чекловлар жорий этилган.
Сешанба куни пастор Родни Говард-Браун коронавирус пандемияси тўғрисида ёлғон назария тарқатганликда айбланиб қўлга олинди.
Вирус бутун дунёдаги авиаташувчилар учун ҳалокатли бўлмоқда. Дунёдаги энг йирик авиакомпаниялардан бири бўлмиш American Airlines ҳукуматга мурожаат қилиб, 12 млрд доллар миқдорида молиявий ёрдам сўради.
Компания бош директори Даг Паркер ва президент Роберт Айс томонидан ходимларга йўлланган мактубда давлатдан олинадиган пуллар «авиакомпаниянинг асосий хизматларини ва ишчи ўринларини сақлаб қолиш учун тақсимланиши» маълум қилинган.
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон «вазият ёмонлашишда давом этаётгани» ҳақида гапирди.
Жонсон каби вирусдан зарарланган соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок аҳволи яхшиланаётгани ва уйдан туриб ишлашда давом этаётганини билдирди.
НКО Public Health England маълумотига кўра, 31 март куни Буюк Британиядаги шифохоналарда яна 381 киши вафот этган (бу Британияда бир кунда қайд этилган ўлимлар сони бўйича энг юқори натижа) ва жами қурбонлар сони 1789 нафарга етган. Вирус тарқала бошлаганидан буён мамлакатда 25 мингдан ортиқ киши уни юқтириб олган.
Францияда Европанинг бошқа қатор давлатларида бўлаётгани каби карантин шароитида маиший зўравонлик ҳолатлари ошган. Сўнгги ҳафтада Францияда уйдаги зўравонлик ҳолатлари бўйича ишлар 32 фоизга ошган, Парижда бу борадаги ўсиш кўрсаткичи 36 фоиз.
Мисрдаги пирамидалардан бирида лазер орқали араб ва инглиз тилларида одамлардан уйда қолиш сўралган ёзув акс эттирилди. Гизадаги пирамидалар ҳудудида дезинфекция ишлари амалга оширилган.
Германия, Британия ва Франция сешанба куни Эронга тиббий жиҳозлар юборди. Март ойи бошида Европа давлатлари Эрон Ислом Республикасига коронавирусга қарши кураш учун 5 млн евро миқдоридаги тиббий материаллар юборишни ваъда қилганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Эронда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ 44,6 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, 3 мингга яқин киши вафот этган.
Мавзуга оид
21:14 / 22.11.2024
Италияда экофаоллар норозилик рамзи сифатида ИИВ биноси қаршисига гўнг тўкди
16:48 / 17.11.2024
Италиялик тадбиркор ўғирлаб кетилишини уюштирган ўзбекистонлик қўлга олинди
22:08 / 15.11.2024
Алп тоғларида туристлар 280 млн йиллик қадимий ҳайвонлар изларига дуч келди
18:29 / 12.11.2024