Коронавирусдан кейин жаҳон иқтисодиётини нима кутмоқда?
Коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётига қандай таъсир қилади? Бу мавзуни Ғарбдаги қатор таҳлилчилар муҳокама қилмоқда ва уларнинг аксарияти ҳалокатли сценарийларни башорат қилмоқда.
Америкалик таниқли иқтисодчи Нуриэль Рубини ҳозирги эпидемия йирик иқтисодий ва геосиёсий инқирозга айланиб кетади деб ҳисобламоқда. Унинг сўзларига кўра, коронавирус дунёдаги замонавий тартибни чок-чокидан сўкмоқда. Узоқ давом этувчи иқтисодий «музлик даври» бошланади, миллий низолар кучаяди, чегаралар ёпилади, протекционизм ҳукмронлик қилади ва иш ҳарбий ҳаракатларгача етиб бориши мумкин. Тадбирларнинг барчаси онлайн ўтказилади, йирик ярмаркалар, спектакллар бекор қилинади, савдо марказлари ёпилади, харидлар асосан интернет орқали амалга оширилади. Уйдан ишлаш ва онлайн хизматлар кўрсатиш авж олади.
Дарҳақиқат, ҳозирда инқироз симптомлари кучаймоқда: жаҳон биржаларида акциялар курси тушмоқда, олтин нархи ошмоқда, халқаро хўжалик алоқалари узилмоқда. BDI Германия саноатчилари уюшмаси ҳисоботида қайд этилишича, коронавирус эпидемияси мамлакат иқтисодиётига ўта салбий таъсир кўрсатди, ЯИМ ўсиши деярли тўхтаб қолди. Эпидемия давом этадиган бўлса, барча асосий кўрсаткичлар минусга қараб кетади. S&P Global Ratings агентлигининг ҳисоботига кўра, коронавирус тарқалишининг давом этиши Осиё-Тинч океани ҳудуди иқтисодиётига 211 миллиард доллар зарар келтиради.
Аксарият Ғарб кузатувчиларининг фикрича, коронавирус бутун дунёни шок ҳолатига солиб қўйди. Геосиёсий мавҳумлик, популизм, протекционизм иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиб бўлганди, коронавирус эпидемияси эса бу тенденцияларни янада кучайтирди. Уларнинг ўсиб бориши транспорт ва ишлаб чиқариш муносабатларининг бузилишига олиб келади ва ҳозирги кўринишдаги глобаллашувга нуқта қўяди.
Немис иқтисодчиси Марк Ширицнинг «Цайт» газетасида ёзишича, жиддий жаҳон инқирози юз бермайди. Ҳаттоки жаҳон фонд бозорлари қуласа ва иқтисодий ўсиш суръатлари кескин тушиб кетса ҳам 2008 йилдаги каби молиявий инқироз такрорланиши эҳтимоли кам. Бу фикрга қуйидагилар асос бўлади:
- Биринчидан, Lehman Brothers банкининг банкрот бўлиши инқирознинг сабаби эмас, портлатувчиси бўлган. Ўша пайтда жаҳон иқтисодиётида сезиларли номутаносибликлар тўпланиб қолганди. АҚШ, Испания, Ирландия ва қатор мамлакатлардаги мулк бозорларида улкан кўпиклар пайдо бўлган, банклар етарлича «хавфсизлик ёстиқчаси»га эга бўлмасдан туриб ўта хатарли операцияларга аралашиб қолганди. Бугунги кунда банк баланслари анча яхши ҳолатда. Бошқача айтганда, агар Lehman Brothers ҳозирги кунда банкрот бўлганида бу жаҳон молиявий инқирозини келтириб чиқармасди.
- Иккинчидан, короновирус эпидемияси жаҳон товар алмашувига салбий таъсир қилди, аммо иқтисодиёт тузилмаларига тегмади. Ҳозирда иқтисодий ўсиш тўхтаб қолди, чунки транспорт коммуникациялари издан чиққан, заводларга бутловчи қисмлар келмаяпти, ишчилар эса уйларида ўтиришга мажбур. Шу боис Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) бу йил иқтисодий ўсиш суръатлари икки бараварга пасайиши мумкинлигидан огоҳлантирди. ИҲТТ ҳукуматлар ва марказий банклар иқтисодиётни тиклашга ҳисса қўшишлари, инқирознинг узоққа чўзилишига йўл қўймаслиги ва иқтисодиётнинг муҳим секторларини юргизиши керак деб ҳисобламоқда.
- Учинчидан, эпидемия тугагач, транспорт коммуникациялари тикланади, ишчилар ўз жойларига қайтишади, ишлаб чиқарувчилар икки баравар куч билан бутловчи қисмларни етказиб беришни бошлайди. Пайдо бўлган тақчилликни бартараф қилиш учун қўшимча куч талаб қилинади ва бу ишлаб чиқаришнинг кескин ўсишига олиб келади. Илгари содир бўлган инқироз ва эпидемияларда бўлгани каби, кескин тушишдан кейин тез ўсиш кузатилади.
- Тўртинчидан, ҳозирги инқироз натижасида корхоналар ишлаб чиқариш занжирини синчковлик билан қуради. Кўпчилик бутловчи қисмларни Хитойдан импорт қилиш ўрнига ўзлари ишлаб чиқариши ёки яқинроқдаги мамлакатлардан олиш ҳақида ўйлашни бошлайди. Бошқача айтганда, ҳудудлашиш жараёни ёки янги иқтисодий ҳудудлар шаклланиши бошланади. Германия ҳукумати аллақачон «ортиқча» глобаллашувга чек қўйишга чақира бошлаган.
Аммо вирус кучли бўлиб чиқса, вакцина топилмаса ва инқироз чўзилиб кетса нима бўлади? Унда жаҳон иқтисодиётини оғир даврлар кутади, аммо бу вариант эҳтимолдан узоқ. Марк Шириц инсоният олдида улкан мавҳумлик пайдо бўлаётганини айтмоқда. Инқироз натижасида одамлар, инвесторлар ва ҳукуматнинг ўзини тутиши қайси томонга ўзгариб кетишини ҳеч ким билмайди. Ёз келиши билан эпидемия йўқолиб кетиши ва жаҳон иқтисодиёти тикланиш даврига қайтиши мумкинлиги ҳам истисно қилинмаяпти. Аммо учинчи вариант шаклланмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам давлат ва марказий банклар кўмаги керак: биржаларни қулашдан, корхоналарни ёпилиб кетишдан қутқариш лозим.
Шу билан бирга, немис иқтисодчиси Хенрик Мюллер «Шпигель» нашрида ёзишича, бугунги вазият учта сабабга кўра 2008 йилдаги ҳолатдан ёмонроқ:
- «Катта йигирматалик» мамлакатларининг умумий қарздорлиги 2008 йилдагига нисбатан анча юқори. Ўша пайтда қарздорлик умумий ЯИМнинг 200 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозирда у 240 фоизга етган. Бу эса эҳтимолий хатар Lehman Brothers банкротга учраганидан кўра юқорироқ эканлигини билдиради.
- Марказий банклар ва молия вазирликларининг ҳаракат эркинлиги камайган. 2008 йилдагидан фарқли равишда, кўплаб мамлакатларда банк ҳисоб ставкалари нолга яқин, давлат қарзлари эса юқори. Йирик глобал рецессия бошланадиган бўлса, марказий банклар давлат қарзларини мисли кўрилмаган миқёсда сотиб олишга мажбур бўлади, лекин қачонгача?
- Халқаро ҳамкорлик руҳи қолмаган. Жаҳон иқтисодиётини миллийлаштириш ва протекционизм белгилаб бермоқда. 2008 йилда конъюнктура ва молия бозорларини мустаҳкамлаш бўйича жаҳон миқёсида мувофиқлаштирувчи чоралар мавжуд эди. G20 мамлакатлари, биринчи навбатда АҚШ, Хитой, Евроҳудуд, Япония ва Буюк Британия ягона фронт сифатида бирлашганди. Бугун жаҳоннинг етакчи иқтисодиётлари биргаликда ҳаракат қилишини тасаввур қилиш қийин.
Мавзуга оид
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
10:20 / 19.10.2024