Иқтисодиёт | 01:24 / 12.04.2020
9072
4 дақиқада ўқилади

Fitch Ratings Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини «ВВ-» даражасида сақлаб қолди

10 апрель куни Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди: мамлакатнинг суверен кредит рейтинги «ВВ-» («Барқарор» прогнози) даражасида сақлаб қолинди.

Фото: dpa

Fitch Ratings`нинг таъкидлашича, COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган глобал инқироз шароитларида Ўзбекистон рейтингининг сақлаб қолинишига асосий омиллар мамлакатда мустаҳкам ташқи ва фискал захираларнинг мавжудлиги, диверсификацияланган товарлар экспорти базаси ҳамда ташқи молиявий манбалардан фойдаланиш имкониятлари ҳисобланади, дея изоҳ берди Ўзбекистон Молия вазирлиги.

«Агентлик фикрига кўра, мазкур омиллар Ўзбекистоннинг глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чораларни молиялаштириш, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда жорий операциялар ҳисоби дефицитининг юқорилиги ва давлат қарзининг ошиши билан боғлиқ қисқа муддатли хатарларни юмшатишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, «Fitch Ratings» президентимиз Ш.М.Мирзиёев бошчилигида 2017 йилда бошланган ислоҳотлар, жумладан макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш истиқболларини яхшилаш, иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш ҳамда институционал ва бошқарув соҳаларидаги заиф томонларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилади деб ҳисоблайди.

Гарчи жорий йилда Fitch Ratings томонидан иқтисодий ўсиш прогнози 2 фоизга туширилган бўлса-да, Ўзбекистоннинг инқирозга қарши кураш чоралари, инвестиция лойиҳаларининг давомий молиялаштирилиши ҳамда асосий савдо ҳамкорларининг тикланиши келгуси йилда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини (2021 йил учун прогноз 6,8 фоиз) таъминлаши алоҳида таъкидланди.

COVID-19  пандемиясига қарши курашиш, аҳоли бандлиги, ижтимоий тўловларнинг амалга оширилиши, иқтисодий ва инвестициявий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши кураш жамғармасининг (1 млрд. АҚШ доллари ҳажмида) ташкил этилгани ҳамда Ҳукумат томонидан мақсадли ва вақтинчалик солиқ имтиёзлари, тегишли секторларнинг кредит тўловларини кечиктириш имтиёзларининг (3 млрд. АҚШ доллари ҳажмида) тақдим этилиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, агентлик томонидан давлат ташқи қарзини жалб этишнинг йиллик юқори чегарасининг жорий этилгани ва Ҳукуматнинг давлат қарзининг (Ҳукумат номидан ва унинг кафолати остидаги қарз) максимал миқдорини ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 50 фоиз этиб белгилаш бўйича режаларининг давлат қарзининг ўсишини камайтиришга қаратилгани қайд этилди.

Институционал ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги коррупцияга қарши курашиш ва қонун устуворлиги соҳаларининг ривожланиши, бошқарув стандартларининг яхшиланишига олиб келиб, бу «Transparency International» ташкилоти томонидан юритиладиган Коррупцияни қабул қилиш индекси ва «World Justice Project» томонидан юритиладиган Қонун устуворлиги индексида мамлакатимизнинг ўрни яхшиланишида акс этгани ҳамда 2020 йилда Жаҳон банкининг Бизнес юритиш индексида 76-ўриндан 69-ўринга кўтарилгани алоҳида эътибор қаратилди», – дейилади вазирлик ахборотида.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг кредит рейтингига ижобий таъсир этувчи асосий омиллар қуйидагилар:

  • Макроиқтисодий барқарорликни оширувчи ва давлат қарзининг ўсишини секинлаштирувчи сиёсатнинг асосларини кучайтириш;
  • Таркибий кўрсаткичлар, яъни аҳоли жон бошига ЯИМ ва институционал омилларни сезиларли даражада яхшилаш;
  • Давлат молиявий балансини сезиларли даражада мустаҳкамлаш;

Ўзбекистоннинг кредит рейтингига салбий таъсир этувчи асосий омиллар:

  • Олиб борилаётган ислоҳотлардан четлашиш, макроиқтисодий мувозанатнинг бузилишига ҳамда макроиқтисодий барқарорлик учун хатарларни оширадиган номувофиқ чоралар ёки ҳаракатлар;
  • COVID-19 коронавирус пандемиясининг ЯИМнинг ўрта муддатли ўсиши ёки давлат молиясига ўта кучли салбий таъсир кўрсатиши;
  • Валюта захираларининг пасайиши ёки ташқи қарз мажбуриятларининг кескин ўсиши.

Қўшимча қилинишича, пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсири туфайли Fitch Ratings бир неча суверен кредит рейтингларни ёки прогнозларни пасайтирган. Ўтган ҳафта Жанубий Африка Республикаси, Колумбия, Уммон Султонлиги ҳамда Нигерия Федерал Республикасининг рейтинглари туширилган.

Мавзуга оид