Жаҳон | 12:48 / 17.04.2020
28051
10 дақиқада ўқилади

No America – no money. АҚШ нега ЖССТни молиялаштиришни тўхтатди?

Дональд Трамп АҚШ томонидан халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштириш тўхтатилганини маълум қилди. Унинг фикрича, ташкилот пандемия вақтида ўзига берилган вазифани уддалай олмади ва бу учун жазоланиши керак. Трампнинг мухолифлари президентнинг ўзи пандемияга қарши кеч реакция билдиргани учун кимнидир айбдор қилгиси келиб, айнан ЖССТни танлаганини айтишмоқда. Аслида ким ҳақ?

EPA/GETTY IMAGES

Ташкилот фактларни яширганмиди?

Трамп халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотини Covid-19 тарқалаётгани ҳақида «вақтида бонг урмаганликда» айблаб, кўп марта танқид қилди. Бундан ташқари, Трампнинг айтишича, ташкилот янги коронавирус тарқалиши ҳақида маълумотларни яширган. Бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин?

Пандемия Уҳанда бошланганди, ҳозирга келиб бу шаҳар карантиндан чиққан / AFP

2019 йил 31 декабрь куни ЖССТнинг Хитойдаги бўлимига мамлакатнинг Уҳан шаҳрида номаълум янгича пневмониядан одамлар оғрий бошлагани хабар қилинган. Ўша куннинг ўзида бу хабар ташкилотнинг Женевадаги бош қароргоҳига етказилади. Хабар келиши билан ЖССТ тезкор гуруҳ тузиб, текширув бошлайди. Уч кундан кейин, яъни 2020 йил 2 январь куни номаълум касаллик ҳақида эълон қилинади. 10 январь куни ЖССТ барча мамлакатлар учун янги вирусга қарши кураш учун тавсиялар эълон қилади.

Аммо ўша вақтда ташкилотда бу вирус одамдан одамга ўтиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Шунингдек, халқаро экспертларда ҳам касаллик ташувчиси одамлиги ҳақида факт мавжуд эмасди. Бир неча кун ўтиб Уҳанда шифокорлар ҳам бу номаълум вирусни юқтиргани аниқ бўлди. Шунингдек, Таиландда ҳам янги касалликка чалинган одам қайд этилди. Бу ҳақда ЖССТ эпидемиологи Мария Ван Керкхове ўша вақтнинг ўзида маълум қилган. Айнан шу вақтда вирус одамдан одамга юқиши маълум бўлганди.

Трамп танқид қилаётган ЖССТ бир ой Уҳандаги беморларни текшириш имконига эга бўла олмайди. 28 январь куни ташкилот раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус Хитойга бориб, мамлакат раҳбари Си Цзинпин билан учрашади. У Хитой етакчисидан Уҳанга халқаро экспертлар гуруҳини киритишни сўрайди. Хитой 16 февралдагина бунга рухсат берди.

ЖССТ раҳбари Хитойга борганида мамлакатнинг вирусга қарши самарали курашаётганини таъкидлаб, ҳукумат раҳбарларини мақтайди. У Хитойда вирус тарқалишининг олдини олиш учун мукаммал тизим ишлаб чиқилганини пафос билан гапиргани кўпчиликнинг танқидида сабаб бўлади.

Ғарб экспертлари ва сиёсатчилар ўша вақтда Хитой ЖССТга, бу орқали эса дунёга тўғри маълумот берганига шубҳа билдиришмоқда. Уларнинг тадқиқотлари Хитой тақдим этган статистикаларда номувофиқлик борлигини кўрсатади. Шунингдек, Уҳан раҳбарияти маълумотларни доимий яшириб боргани айтилади.

Хитой бутун мамлакатда 82 мингдан кўпроқ одам вирус юқтириб, вафот этганлар сони 3 342 нафар эканини айтаётган бир вақтда тартиб-интизом ва тиббиёт жуда кучли бўлган Германияда касалланганлар сони 137 мингдан ошгани, 4 мингдан ортиқ германиялик оламдан ўтгани Ғарбдаги экспертларни ажаблантирмоқда. АҚШда эса кўрсаткичлар даҳшатли кўриниш олган: 678 мингдан ортиқ киши вирус юқтирди, 35 мингга яқин киши ҳалок бўлди.

ЖССТ ташкилоти маслаҳатчиси Лоуренс Гостин бу ҳолат ҳақида шундай дейди: «Доктор Тедрос ва ЖССТ жуда мураккаб ҳолатга тушиб қолганди. Бир томондан фанга қулоқ тутиш керак, бошқа томондан эса жуда кучли мамлакат». Кучли мамлакат деб Хитой назарда тутилган бўлиши мумкин. Балки АҚШдир. Ҳар икки ҳолатда ҳам ташкилот мураккаб ҳолатда қолиши табиий.

АҚШнинг пулларисиз ташкилот нима қилади?

Трампнинг айтишича, АҚШ ҳар йили ЖССТ ҳисоб рақамига 400-500 миллион доллар бераётган бир вақтда Хитой бу ташкилотга йиллик 40 миллион доллар ажратади. Ташкилот асосий ҳомийсидан айрилгач, пандемия вақтида қийналиб қолмайдими?

ЖССТ раҳбари икки ўт орасида қолган / REUTERS

Ўз вақтида ЖССТ департаментларидан бирини бошқарган Энтони Костеллонинг ВВС нашрига маълум қилишича, ташкилот ҳозир ҳисобида мавжуд маблағ билан яна бир неча ой ишлаши мумкин. Унинг фикрича, АҚШ молиялаштиришни тикламаса, ташкилотда иқтисодий муаммолар пайдо бўлади ва оқибатда мамлакатларга шахсий ҳимоя воситалари, коронавирус тестлари етказиб бера олмай қолади: «Кўп камбағал давлатларда пандемия энди бошланмоқда. Агар ЖССТ маблағдан қийналиб қолса, бу мамлакатларга аҳвол ёмонлашади», дейди Костелло.

26 март куни «катта йигирматалик» мамлакатлари коронавирусга қарши кураш учун фавқулодда онлайн-саммит ўтказишди. Унда давлатлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳужжут қабул қилишган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ЖССТ фаолиятини юқори баҳолаб, АҚШнинг ташкилотни танқид қилиши унинг фаолиятига таъсир қилмаслигини айтган. Аммо гап АҚШ бераётган жуда катта пул ҳақида кетмоқда, қандайдир маънавий қўллаб-қувватлаш ҳақида эмас.

Февраль ойи бошида ЖССТ экспертлари коронавирус аниқланган мамлакатларда касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида махсус режа ишлаб чиқади. Бунинг учун 675 миллион доллар керак бўлиши ҳисобланганди.

Ўшанда режа ҳақида эълон қилар экан, ЖССТ раҳбари доктор Тедрос Аданом Гебреисус иқтисодий жиҳатдан кучли бўлмаган мамлакатлардаги вазият ҳақида куюниб гапирганди: «Мени энг кўп хавотирга солаётган нарса шуки, баъзи давлатларда ҳатто касалларни аниқлаш учун имконият йўқ. Бу давлатларга касалланганларни тестдан ўтказиш, вирус тарқалишининг олдини олиш ва шифокорларни ҳимоя қилиш учун ёрдам бериш керак».

Доктор Энтони Костеллонинг айтишича, бу мурожаатдан кейин ташкилот ҳисоб рақамига атиги 1,2 миллион доллар пул тушган ва ЖССТ айни дамда иқтисодий жиҳатдан оғир ҳолатда қолган.

Lancet тиббиёт журнали бош муҳаррири Ричард Ҳортоннинг айтишича, ЖССТ бюджетининг 20 фоизини тўлаб борган АҚШнинг бу ҳаракати инсониятга қарши жиноятдир: «Ҳар бир тиббиёт ходими бу даҳшатли қарорга қарши туриши керак. ЖССТ халқаро миқиёсда тиббий чоралар ишлаб чиқадиган ягона ташкилот. Инсонпарварлик ҳар қачонгидан долзарб бўлган бугунги кунда ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиш – жиноят, инсониятга қарши жиноят».

Ташкилот вазиятга нотўғри баҳо бердими?

Трамп АҚШ ЖССТни молиялаштиришни коронавирус тарқалишида «ташкилотнинг роли аниқланганига» қадар тўхтатганини маълум қилди. Экспертларнинг тахминича, Трамп ЖССТ чегараларни ёпишга ва одамлар ҳаракатланиши учун чекловлар жорий этишга чақирмагани учун «ғазаб отига минган».

EPA

Чиндан шундай бўлди. Масалан, февраль ойи бошида Россия Хитойга бориш ва келишни тақиқлаганида ЖССТ бундай чекловларни қўлламаслигини маълум қилади. «Бу чоралар фойдадан кўра кўпроқ зарарга ишлайди. Мамлакатларда иқтисодий муаммолар бошланади ва тиббиёт воситаларини етказиб бериш қийинлашади», дейилганди ташкилот баёнотида.

ЖССТ мамлакатларга ҳаракатланишни чеклашни эмас, бошқа мамлакатлардан кирганларни текширишга чақирди. Ўз навбатида ҳамма ўзига киришни тақиқлаётганидан ғазабланган Хитой мамлакатларни ЖССТ тавсиясига амал қилмасликда айблади. Хитой ташқи ишлар вазири бу борада шундай деганди: «ЖССТ чекловларни тавсия қилмаётган бир вақтда АҚШ бунинг тескарисини қилишда давом этмоқда». Балки ЖССТ Хитойни қўллаётгани Трампга ёқмагандир. АҚШ январь ойи охирида Хитойга парвозларни тўхтатганди.

Энтони Костелло бу борада шундай дейди: «ЖССТ бу вақтда Хитойга киришни чеклашидан мантиқ йўқ эди, чунки 21 январь куни вирус 17 мамлакатда тарқалиб бўлганди. Ахир Трамп 20 январь куни АҚШда илк марта вирус аниқлангач, Вашингтонни изоляция қилиши мумкин эди-ку? Ўз навбатида Британия ҳам Италияда вирус аниқлангач, бу мамлакат билан парвозларни тўхтатиш ҳақида ўйламади».

Доктор Костеллонинг айтишича, ҳаракатланишни чеклашдан кўра ёппасига одамларни тестдан ўтказиш фойдалироқ бўларди: «Бу иш Жанубий Кореяда фойда берди. Улар ҳафтасига 66 минг кишини тестдан ўтказишди. Европа мамлакатлари, Британия ва айниқса АҚШ тест бўйича ишларни кеч бошлашди».

Ўз навбатида Германия ҳам одамларни ёппасига тестдан ўтказиб касаллик тарқалишининг олдини олишга эришди. Бу мамлакатда ўлим даражаси Италия, Испания, Франция ва умуман, бошқа ўн минглаб одамлар касалланган давлатларга қараганда анча паст.

Трампнинг чиқиши қандай кутиб олинди?

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳозирги вақтда ЖССТ ёки бошқа гуманитар ташкилотларни молиялаштиришни тўхтатадиган вақт эмаслигини айтиб ўтди.

Экспертлар пандемия ўз чўққисидан ўтишига ҳали бор деб ҳисоблашмоқда / AFP

Трампни танқид қилишни ёқтирадиган, унга қарши амалга ошмай қолган импичмент ташкилотчиси Нэнси Пелоси «фурсатдан фойдаланиб» АҚШ президентининг қарорини кескин қоралади: «Америкаликлар душманликни бас қилиб олимларни ва ҳурматли мутахассисларни эшитишни ўрганиши керак». Вакиллик палатаси раҳбарининг фикрича, Трампнинг ўзи вақтида чоралар кўрмагани сабаб мамлакатда вазият оғирлашиб кетди.

АҚШнинг ўзида ҳам кўпчилик Трампнинг қарорини қораламоқда. Масалан, коронавирус статистикасини бериб борувчи Жон Ҳопкинс университети ходими доктор Амеш Адалья шундай деди: «ЖССТ чиндан хато қилди ва балки бу ташкилот ислоҳотларга муҳтож ҳамдир, аммо ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиш ҳақида инқироздан кейин ҳам ўйлаб кўриши мумкин эди. Бунақа ишлар пандемия вақтида қилинмайди».

Трампнинг қарорини қўлловчилар ҳам топилади. Масалан, Британиянинг The Telegraph нашрида иқтисодий таҳлилчи Кристофер Сноуденнинг мақоласи эълон қилинди. Унда ЖССТ танқид қилинган: «Британия ҳам АҚШ йўлидан бориши керак. Биз 2018 йил бу ташкилотга 200 миллион доллардан кўпроқ пул бердик ва «натижада» улар бизни касаллик юқтирганлар қаторида учинчи ўринга «кўтаришди».

Мавзуга оид