ЖСТ бош директори ўринбосари Ўзбекистонни ташкилотга аъзо бўлиш ҳаракатларини фаоллаштиришга чақирди
16 апрель куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов видеоконференция форматида Жаҳон савдо ташкилоти бош директори ўринбосари Алан Вулф билан музокара ўтказди.
Вазирлик хабарига кўра, мулоқот давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнининг жорий ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан Ишчи гуруҳнинг 4-йиғилишини ўтказиш масаласи муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, пандемия туфайли март ойи ўртасидан Жаҳон савдо ташкилоти доирасидаги барча расмий тадбирлар тўхтатилган ва бу ҳақда Ўзбекистон томони хабардор қилинган.
17 апрелдан ЖСТ асосий органлари фаолиятини ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан амалга ошириш орқали тиклаш бўйича аъзо-давлатларнинг норасмий маслаҳатлашувлари бошланмоқда.
«Аъзо бўлган давлатлар томонидан ташкилот фаолиятини масофадан амалга ошириш борасида ижобий қарор қабул қилинган ҳолда, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга номзод мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон бўйича ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилишларини тезкор ўтказилиши биринчи навбатдаги масала бўлади.
А.Вулф республикамизнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнида ташкилот Котибияти томонидан Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлиги борасида ишонтирди. Бунинг учун Ўзбекистон тарафини мазкур йўналишда биргаликда амалга оширилаётган ишларни фаоллаштиришга чақирди», дейилади расмий хабарда.
Музокаралар якунида аъзолик юзасидан биргаликда қилинаётган ишларни масофадан давом эттириш бўйича келишувга эришилган.
ЖСТга кириш жараёнининг қайта бошланиши
Жаҳон Савдо Ташкилоти 1995 йил бошидан ҳозирги форматига ўтказилган, Ўзбекистон унга аъзо бўлиб кириш учун 1994 йилда ариза берган – мамлакат ҳозир кузатувчи мақомида. Жаҳоннинг 164та давлати, шу жумладан Қозоғистон, Қирзиғистон ва Тожикистон ҳам ЖСТ аъзоси саналади.
2017 йил ноябрида – президент Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга ташрифи чоғида мамлакат ЖСТга кириш бўйича ишларни қайта бошлагани маълум бўлди.
2018 йилда Ўзбекистонда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш бўйича идоралараро комиссия тузилди. Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов бу тузилмага аъзо бўлиб кириш учун 4-5 йил вақт керак бўлишини айтди. Шу йили Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи давомида ҳам мамлакатнинг бу борадаги қарори қатъий экани таъкидланди.
2019 йил июлига келиб, Ўзбекистон томони ташкилотга кириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни ЖСТга тақдим этди.
Йил охирида, президент Шавкат Мирзиёев ЖСТга аъзо бўлиш – мамлакат олдидаги энг устувор мақсадлардан бири эканини қайд этди. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов эса Ўзбекистон бу халқаро тузилмага кириш бўйича музокараларни имкон қадар тезроқ якунламоқчилигини билдирди.
ЖСТга кириш бўйича тегишли ишчи гуруҳнинг 4-йиғилиши 2020 йилда Женевада бўлиб ўтиши кутиляпти. Бу ишчи гуруҳнинг 3-йиғилиши 2005 йилда ўтказилган.
Республиканинг ЖСТга қўшилиши учун Евроиттифоқ 5 миллион евро маблағ ажратган. Шунингдек, БМТ ва Жаҳон Банки каби халқаро ташкилотлар, АҚШ, Корея Республикаси ва Хитой каби ҳамкорлардан молиявий-техник кўмак олиниши мумкин.
Мавзуга оид
15:54 / 24.10.2024
Импорт автомобиллар Пискентдаги полигонда синовдан ўтказилади
18:23 / 08.10.2024
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти кескин қисқарди. Нега?
11:06 / 29.09.2024
2024 йил 8 ойда Ўзбекистон ташқи савдосидаги етакчи давлатлар маълум қилинди
16:02 / 23.09.2024