Жаҳон | 23:49 / 21.04.2020
5344
2 дақиқада ўқилади

ОПЕК+ вазирлари нефть бозори бўйича норасмий учрашув ўтказди

ОПЕК+ 12 апрель куни нефть қазиб олишни қисқартириш тўғрисида келишиб олганди. Аммо келишувга қарамасдан, нефть нархи тушиб бормоқда.

Фото: AFP

ОПЕК+ вазирлари ўтказган норасмий телеанжуманда нефть бозоридаги бугунги ҳолат муҳокама қилинди, деб хабар берди ОПЕК.

"ОПЕК ва ОПЕК+ вазирлари нефть бозоридаги мавжуд драматик вазиятни муҳокама қилиш учун норасмий телеанжуман ўтказди", - дейилади ОПЕК ташкилотининг Twitter саҳифасида.

Ташкилотнинг билдиришича, вазирлар нефть қазиб олишни қисқартириш тўғрисидаги келишувга амал қилинишини тасдиқлаган.

Қайд этилишича, анжуманда Жазоир, Венесуэла, Нигерия, Қозоғистон, Озарбойжон вакиллари ҳам иштирок этган.

ОПЕК+ 12 апрель куни нефть қазиб олишни май-июнь ойларида суткасига 9,7 миллион баррелга, йилнинг иккинчи ярмида 7,7 миллион ва 2022 йил апрелигача 5,8 миллион баррелга қисқартириш тўғрисида келишиб олганди. 

Аммо келишувга қарамасдан, нефть нархи тушиб бормоқда. Душанба куни WTI русумидаги нефтнинг бир баррели нархи минус 37,63 долларгача тушиб кетди. 

Мавзуга оид