Жамият | 00:46 / 25.04.2020
14267
5 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов — пандемиянинг ОАВга таъсири ва матбуот эркинлиги рейтинги ҳақида

Фото: Facebook /Комил Алламжонов

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Qalampir.uz сайтига берган онлайн интервьюсида коронавирус пандемиясининг ОАВ соҳасига таъсири ва бошқа қатор мавзулардаги саволларга жавоб берди.

Комил Алламжоновнинг фикрича, Covid-19 пандемияси босма нашрларнинг тобора йўқола боришини тезлаштиради.

«Бизнинг прогнозларимиз бўйича, коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиқадиган эҳтимолий иқтисодий инқирознинг матбуот соҳасига ҳам таъсири катта бўлади. Фикримча, матбуот ҳам оғир жараёнлар ва даврга кириб келмоқда. Хусусан, босма нашрларга келадиган бўлсак, уларнинг келажагини кўрмаяпман. Аслида, бу инқирозлар бошланмаганида ҳам, газеталар – аллақачон ўтмиш маҳсулоти.

Бир вақтлар CD-дискларни ишлаб чиқариш билан қизиқиб кўрган эдим. Шунда бир танишим «бунақа заводларни очишдан маъно йўқ, чунки информация ташиш учун одамлар флэшкалардан фойдалана бошлашмоқда, вақти келиб CD-дисклар йўқолади», деган эди.

Худди шу тарзда, интернет пайдо бўлиб, унинг қамрови кенгая борганидан сўнг, босма оммавий ахборот воситаларига бўлган талаб кундан кунга камайиб бормоқда.

Албатта, бу гаплар нашрларда фаолият юритаётган ҳамкасбларимизга оғир ботиши ёки уларнинг дилини оғритиб қўйиши мумкин, бунинг учун узр сўрайман. Лекин ҳозир ҳақиқатни тўғри прогноз қилиб, тўғри мослаша олиш жуда ҳам муҳим. Ҳозир мен дард эртага қандай оқибатларга олиб келишини кўра-била туриб, уни бекитадиган шифокорга ўхшагим келмаяпти. Газетанинг умри қисқа. Мумтоз журналистикамиз вакиллари мени айблашса ҳам, ҳақиқатдан юз ўгира олмаймиз.

Масалан, мен деярли газета ўқимайман, охирги марта қачон ўқиганимни ҳам эслай олмайман. Ҳаттоки телевизор ҳам кўрмайдиган бўлиб кетдим. Ҳамма информацияларни гаджетларим орқали оламан.

Хориждаги қоғозга чоп этиш ускуналари ишлаб чиқарадиган машҳур корхоналар ҳам газета босувчи станокларни секин-секин ишлаб чиқаришдан олиш ҳаракатини бошланган. Германияда Heidelberg компаниясида бўлдик, уларнинг тахминига кўра ҳам газета яқин келажакда йўқликка юз тутади. Бунда таҳририят йўқ бўлиб кетиши назарда тутилмаяпти, газетанинг қоғоз кўриниши бўлмайди.

Хўп, газета таҳририятлари оғир аҳволда. Уларга қандай ёрдам бериш мумкин, деган саволлар тушади. Қандай ёрдам бериш мумкин?! Фуқароларимизда текинга интернетдан ёки киоскка чиқиб газета харид қилиб информация олиш имкони бор эди. Пандемия бутун дунёда онлайн матбуот, рақамлаштиришни янги босқичга кўтарди.

Масалан, айни шароитда газеталарни қандай қилиб ўқиш мумкин? Уни тарқатиш ҳам мумкин эмас, ўқувчи кўчага чиқиши ҳам мумкин эмас. Ҳамма карантинда. Лекин интернет, веб-сайтлар тинимсиз ишлаб турибди. Блогерлар ҳам. Газета харид қилиш зарур ишлар рўйхатида эмас аллақачон. Шунинг учун газета таҳририятлари ҳам келгусида қийналиб қолмаслик учун зудлик билан интернетга мослашишлари керак бўлади», — деди Алламжонов.

У «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилотининг матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистоннинг бир неча ўринга юқорилагани масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Халқаро рейтинглардаги индексларда юқорилашимиз нима учун керак? Бу рейтинглар инвестиция муҳити учун керак. Эртага инвесторларнинг Ўзбекистонга сармоя тикишга бўлган қизиқишини оширади. Чунки очиқ давлатга ҳамма интилади, ҳамма нарса очиқча экан, ғирромлик кам экан, деб. Қайси давлат очиқ бўлади? Қонунлари ишлаётган, сиёсий ирода кучли бўлган.

Эртага инвестор келганда уларни энг асосий иккита масала қизиқтиради: ҳар қандай инсоннинг ҳуқуқини ҳимоя қилувчи органлар қандай ишлаётгани. Биринчиси суд бўлса, иккинчиси — матбуот. Матбуот ва суд эркин бўлса, ўз вақтида, адолатли ва холис иш ташкил қила олса, бу давлатда ривожланиш бўлади, инвесторлар ҳам чўчимасдан сармоя ётқизиши мумкин.

Индекснинг 4 поғонага кўтарилгани арзимасдек кўринар, лекин бу натижага эришиш қанчалик мушкуллигини сиз билан биз яхши биламиз. Мен, очиғи, 1-2 поғонага кўтарилишни мўлжаллаётган эдим. Чунки ўтган йили матбуот ва блогерлар билан боғлиқ масалалар ҳам етарли бўлди. Эҳтимол, таъсир қилгандир ҳам. Балким шу муаммолар бўлганида 4 ўрин эмас, 10 ўрин кўтарилган бўлармидик.

Нима бўлганда ҳам орқага кетиш йўқлиги, кичик бўлса ҳам ўсиш бўлаётганидан хурсандмиз», — деди Комил Алламжонов.

Онлайн видеоинтервьюни Qalampir нашрининг YouTube`даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид