Дунёдаги вазият: Қурбонлар сони 200 мингдан ошди, ЖССТ огоҳлантирди
Бутун дунёда Covid-19’дан вафот этганлар сони ўсишда давом этмоқда, аммо Ғарбий Европанинг кўплаб давлатларида эпидемия тарқалиши динамикаси сезиларли даражада секинлашган. Кўплаб давлатлар босқчима-босқич қатъий карантин чораларини бекор қила бошлади.
Шанба куни кечқурун бутун дунёда вирусдан зарарланганлар сони 2,9 миллиондан ошди, вафот этганлар сони 202 мингдан ошиқни ташкил этмоқда, 830 мингдан ошиқ киши соғайган.
BBC коронавирус пандемияси бўйича сўнгги маълумотларни келтиради.
ЖССТ экспертлари коронавирусдан соғайганларнинг қонида антитаначалар пайдо бўлсада, улар қайта касалланишдан ҳимояланган бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Шу билан биргаликда, аҳолини антителаларни аниқлаш учун тест қилиш қанча одам коронавирусга қайта чалиниши ҳақида умумий картина ҳосил қилиш учун муҳимдир. Бундай маълумотлар қатор карантин чораларини юмшатишга асос бўлиши, шунингдек улар вирусга қарши вакциналар ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкин.
Wizz Air лоукостери 1 май кунидан Венадан Европадаги қатор йўналишларда парвозларни амалга ошира бошлайди, бу ҳақда компания ижрочи директори Йожеф Варади маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, компаниядагилар пандемиягача амалга оширилган рейсларнинг 30 фоизини тиклашга умид қилишмоқда, икки-уч ойдан кейин эса 75-80 фоиз рейслар одатий графикка қайтишини мўлжаллашган. Аммо Wizz Air самолётлари учадиган Европанинг бирор давлати бу баёнотга муносабат билдирмади.
Европадаги вазият
Бельгия ҳукумати мамлакатни карантиндан олиб чиқишнинг янги режасини тақдим этди. Мактаб ўқувчилари 11 майдан машғулотларга қайтиши мумкин, аммо синфхонада бир вақтнинг ўзида 10дан ортиқ киши бўлиши мумкин эмас. Ҳукумат бу ҳали дастлабки режалар экани ва улар ҳали ўзгариши мумкинлигини билдирган.
Мамлакатда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 45 мингдан ошган, 7 мингга яқин киши ҳалок бўлган - бу Европада аҳоли жон бошига ўлим даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичдир.
Буюк Британияда коронавирусдан вафот этганлар сони 20 мингдан ошди. Британия соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, шанба куни яна 813 ўлим қайд этилган ва жами қурбонлар сони 20 319тага етган.
Бу муҳим кўрсаткичдир, чунки британиялик олимлар бунгача ўлимлар сони 20 мингдан ошмаса буни эпидемияга қаши курашнинг «яхши натижаси» деб ҳисоблаш мумкинлигини айтишганди.
Қолаверса, Британияда расмий рақамлар фақат шифохонага ётқизилганлар орасидаги ўлимларни ифодалайди, шунинг учун мамлакатда ҳақиқий ўлим даражаси бутунлай бошқача бўлиши мумкин - қариялар уйларида ва фуқароларнинг ўз уйларида ҳам кўплаб ўлимлар рўй бермоқда.
Буюк Британияда коронавирусга чалинганлар орасидаги илк ўлим 51 кун муқаддам қайд этилганди.
BBC мухбири Ник Тригглнинг хабар қилишича, Британияда коронавирус авж олишининг энг юқори даражасидан ўтилганига ишора қилувчи кўрсаткичлар бор. Аммо ҳозирда қариялар уйларида кўплаб ўлимлар рўй бермоқда ва бу ҳукумат учун жиддий муаммога айланиши мумкин.
Коронавирус қурбонлари сони 20 мингдан ошган давлатлар бунгача тўртта эди: АҚШ, Испания, Италия ва Франция.
Германияда сўнгги бир кунда 2055 кишида вирус аниқланди ва жами зарарланиш ҳолатлари сони 155,7 мингдан ошди. Эпидемия бошланганидан буён 5843 бемор вафот этган.
Шанба куни Беларусь аҳолиси умуммиллий ҳашарга чиқди. Бу мамлакатда сўнгги бир кунда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 817та янги ҳолат қайд этилди ва жами зарарланиш ҳолатлари сони 9590тага етди. Эпидемия даврида касалликдан вафот этганлар сони 67 кишини ташкил этмоқда. Ҳукумат аввалбошдан ҳеч қандай карантин чоралари қўлламаслигини билдирган.
Франция ҳукумати никотинга қарши пластирни интернет орқали ва дорихоналарда сотишни тақиқлади, бунга тадқиқотчилар гуруҳи никотин организмни маълум даражада коронавирусдан зарарланишдан ҳимоя қилишини айтишгани сабаб бўлди.
Ўтган ҳафтада Париждаги шифохоналардан бири ҳам кашандалар коронавирусга чалинганида уларнинг интенсив терапияга зарурат сезиши даражаси жуда кам бўлишини маълум қилганди.
Франция бу борада изланишларни давом эттирмоқчи. Ушбу мамлакат коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича Европадаги энг нохуш кўрсаткичлардан бирини қайд этмоқда: 22,6 мингдан ортиқ қурбон, 161 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати.
Жаҳонда нималар бўлмоқда
АҚШда Covid-19’дан вафот этганлар сони 53,4 мингга етди, 948 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати қайд этилган. Бу жаҳондаги энг юқори кўрсаткичлардир.
Шу билан биргаликда, Америкадаги 3та штат - Жоржия, Оклаҳома ва Аляска - қатъий карантин режимини бекор қилди. Озиқ-овқат дўконларидан бошқа дўконлар ҳам фаолиятини тиклаган. Жоржия ва Оклаҳомада гўзаллик салонлари ва SPA-комплекслар ҳам очилган, Аляскада кўплаб ресторанлар иш бошлади.
Шанба куни президент Дональд Трамп Оқ уйдаги доимий брифингини одатдагидан эрта якунлади ва журналистларнинг саволларига жавоб беришдан бош тортди. Уни штатлар губернаторларининг қарорларини айланиб ўтган ҳолда бутун мамлакатда карантин чораларини бекор қилишни мақсад қилгани туфайли танқид қилишмоқда. Бундан ташқари, у пайшанба куни Covid-19 беморларини қуёш нури ва дезинфекцияловчи воситалар билан даволашни таклиф қилиб, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Кейинроқ унинг вакиллари журналистлар унинг сўзларидаги сарказмни тушунмаганини айтиб чиқишди.
Австралия ва Янги Зеландияда шанба куни Биринчи жаҳон урушида, хусусан 1915 йилги Дарданелл операцияси вақтида ҳалок бўлган аскарларни хотирлаш маросими ўтказилди, ўша амалиёт муваффақиятсизлик билан якунланиб, унда иттифоқчилар таркибидан асосан австралияликлар ва янги зеландияликлар жуда кўп миқдорда ҳалок бўлишган.
Одатда бу кун икки мамлакатда ҳам катта маросимлар билан ўтказилади, аммо бу йилги тадбирларни эпидемия туфайли бекор қилишга тўғри келди. Бунинг ўрнига одамлар кун ботган вақтда кўчаларга чиқишди ва бир дақиқа сукут сақлашди.
Австралияда эпидемия бошланганидан буён 6695 ҳолат қайд этилган, беморларнинг 80 нафари вафот этган, Янги Зеландияда - 1461 ҳолат ва 8 ўлим.
Ҳиндистон ҳукумат маълум шартлар эвазига ҳудудлардаги йирик бўлмаган дўконлар фаолиятига рухсат берди, ходимларнинг фақат ярми ишга қайтиши мумкин. Улар тиббий ниқоб таққан бўлиши ва харидорлар билан муносабатларда ижтимоий масофа сақлаши керак бўлади.
Мамлакатда март ойи охирида қатъий карантин чоралари жорий этилганди. Мамлакат аҳолисининг катта қисми кунбай ишлайди ва карантин туфайли юз минглаб оилалар очлик ёқасида қолди. Расмий Деҳли иқтисодиётни йўлга қўйишнинг нисбатан хавфсиз йўлларини қидирмоқда.
Ҳиндистонда шу вақтгача 26 мингдан ортиқ кишида Covid-19 аниқланди, беморларнинг 825 нафари вафот этди.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
17:08 / 30.10.2024
Дунёда силга чалиниш ҳолатлари ошди – ЖССТ
00:26 / 27.10.2024