«Кафолат йўқ» – ЖССТ коронавирусдан соғайганлар касаллик қайта юқишидан ҳимояланмаганини билдирди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жаҳон мамлакатларини Covid-19’дан соғайган одамларга хавфсизлик сертификатлари ёки иммун паспорти бермаслик ҳақида огоҳлантирди. Ташкилотдагиларнинг айтишича, ҳозирча коронавирусдан соғайган ва организмида антитана ҳосил қилган одам қайта касалланмаслиги ҳақида ишончли далиллар йўқ.
Айни вақтда қатор давлатлар ҳукуматлари Covid-19’дан соғайганларга ишга қайтиш ва жамоат транспортидан фойдаланишга рухсат бериш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Аммо ЖССТ бундай қарор тузалиб чиққан одамлар хавфсизлик чораларини қўллашни тўхтатиши туфайли касалланиш даражасини ошириши мумкинлигидан хавфсирамоқда.
Айни вақтга келиб дунё бўйлаб вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 3 миллионга яқинлашди, қурбонлар сони 200 мингдан ошган. Қатъий карантин чоралари жаҳон иқтисодиётига бемисл даражада зарар келтирди.
ЖССТ айнан нима деди?
«Айни вақтда коронавирусга чалиниб, кейин тузалган ва антитана ҳосил қилганлар вирусни қайта юқтиришдан ҳимояланганига ҳеч қандай далил йўқ», - дейилган ЖССТ баёнотида.
Бу мавзу бўйича кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатдики, касалликдан тузалганларнинг қонида антитаналар шаклланади, аммо баъзиларда бундай антитаналар даражаси жуда паст бўлиши мумкин.
Фаразларга кўра, Covid-19 билан касалланган бемор тузалиши учун унинг танасидаги иккинчи ҳимоя механизми, ҳужайра иммунитетини тартибга солувчи ва мутацияга учраган ёки бегона ҳужайраларни йўқ қилувчи Т-ҳужайралари ёки Т-лимфоцитлари ўта муҳим.
24 апрель ҳолатига кўра, бирорта тадқиқот инсон қонида SARS-CoV-2 коронавирусига қарши антитаналар ҳосил бўлиши такрорий касалланишдан ҳимояловчи иммунитет мавжудлигини тасдиқловчи хулосалар бермаган.
ЖССТ томонидан таъкидланишича, айни вақтда антитаналарни аниқлаш учун ўтказилаётган лаборатория тешкирувлари аниқлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Бундан ташқари, бундай тестлар ҳозирги пандемияни келтириб чиқарган SARS-CoV-2 вируси ва аввалги коронавируслардан фарқлаш керак.
Қандай давлатлар иммун паспортлари бериши мумкин?
Ўтган ҳафтада Чили ҳукумати коронавирусдан тузалганлар учун «соғлиқ ҳолати паспорти» берилиши ҳақида маълум қилганди. Унга кўра, шифохонадан жавоб берилганларнинг қонида антитана ҳосил бўлган бўлса, уларга ишга қайтишга рухсат берилади.
Амалда карантин жорий этилмаган Швецияда эса айрим шифокорлар мамлакат аҳолисида янги коронавирусга қарши иммунитет қатъий карантин чоралари қўлланган давлатлар аҳолисиникидан кучли бўлади деб ҳисоблашмоқда.
Аммо, BBC нашрига берган интервьюсида Швеция соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили Андерс Валленштейннинг тан олишича, бу ҳақда ҳали кўп нарса маълум эмас. «Имкон қадар кўпроқ одамни антитаналарни аниқлаш учун тестдан ўтказиш керак, вақт ўтиб қанча одам қайта касалланиши маълум бўлади», - деган у.
Аҳоли жон бошига ўлим даражаси юқори бўлишига қарамасдан Бельгия ҳукумати карантин чораларини 11 майдан юмшатишни режалаштирмоқда.
Аммо Бельгия ҳукуматига маслаҳат берувчи профессор-вирусолог Марк ван Ранст BBC’га шундай деди: «Мен бунга қатъиян қаршиман, одамларга лаборатория таҳлиллари натижаларига қараб қизил ёки яшил паспортлар бериш тўғри эмас. Бу сохталикка олиб келади, одамлар қасддан бу вирусни юқтира бошлаши мумкин. Бу яхши эмас, балки ўта зарарли ғоядир».
Антитана ёрдам берадими?
Аввалроқ Лондондаги Университет коллежи (UCL) профессори Мала Маини антитаналар инсон организмида қанча вақт туриши ва улар коронавирусдан қанчалик ҳимоя қилишини тушуниш учун антитаналар бўйича текширувларни тезроқ ишлаб чиқиш кераклигини айтганди.
«Биз бу антитана SARS-CoV-2’га қарши ҳимоя хусусиятларига эгалиги ҳақида аниқ билмаймиз, аммо дастлабки маълумотлар шуни кўрсатадики, уларнинг мавжудлиги карантинни бекор қилиш учун сигнал сифатида қаралиши мумкин», деган у.
Таҳлил
BBC’нинг соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича мухбири Рейчел Шраер:
ЖССТ маълумотлари бутун дунёдаги тиббиётчилар маълумотларига асосланган. Аммо бу тавсиялар ўзгариши мумкин, чунки бу вирус ҳақидаги билимларимиз кундан кунга тўлдириб борилмоқда.
Антитаналар қайта касалланишдан ҳимоя қилиши исботланмагани учун иммун паспортлари тарқатилиши таваккалчилик ҳисобланади.
Кўплаб давлатлар, шу жумладан, Германия, Италия ва Британия ҳозирда коронавирусга қарши антитаналарни аниқлаш учун аҳоли тест қилинмоқда.
Британияда ҳар ойда 25 минг киши антитаналарни аниқлаш, шунингдек, вирус ташувчиси эмасликларини тасдиқлаш учун тест топширади.
Бу Covid-19’дан тузалгандан кейин одамда иммунитет ривожланадими ва бу қанча вақт давом этади - шу бўйича айрим маълумотлар бериши мумкин. Ўшанда келажакда анититаналарни аниқлаш учун тест ўтказиш ва натижаларга кўра иммун паспортлари бериш мақсадга мувофиқми ёки йўқлиги аниқ бўлади.
Мавзуга оид
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
17:08 / 30.10.2024