Ўзбекистон | 13:45 / 29.04.2020
9980
2 дақиқада ўқилади

АКТ вазирлигида аграр соҳани рақамлаштириш бўйича вазир ўринбосари лавозими жорий этилди

Шунингдек, Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ва Геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси ташкил қилиняпти.

Фото: KUN.UZ

Президент “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалаларига масъул бўлган вазир ўринбосари лавозими киритилмоқда.

Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ва Геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси ташкил қилиняпти.

Белгилаб қўйилишича, вазир ўринбосари лавозимини киритиш ва бошқармаларни ташкил қилиш Вазирлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларининг умумий чекланган сони доирасида амалга оширилади.

Ҳужжатга кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Вазирлик рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш доирасида ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларнинг лойиҳалари ва техник ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини мажбурий экспертизадан ўтказади.

Президент 2023 йилга келиб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтириш, шунингдек, 2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача етказишни назарда тутган ҳолда электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш вазифасини қўйди.

Мавзуга оид